Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан: Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!  

25.08.2021. Бугун биз мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънода буюк, оламшумул воқеа – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида турибмиз. Ўтган йилларни сарҳисоб қилар эканмиз, сўнгги қарийб 5 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг одамлар ҳаёти сифати, турмуш даражасини ошириш борасидаги натижалари бирма бир кўз ўнгимиздан ўтади. Айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётгани эътиборимизни тортади.

Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган катта кўламдаги ўзгариш ва ислоҳотлар натижасида бугун юртимиз барча соҳаларда жадал ривож топиб бораётган, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.

Шуни ҳам эътироф этиш зарурки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида мамлакатимизда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнларда республикадаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини муносиб кутиб олиш ва нишонлашда фаол иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб амалга ошириладиган, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастури” тасдиқланиб, уларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги байрамини барча меҳнат жамоаларида кенг нишонлаш мақсадида бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан ходимлар ўртасида бугунги тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналик туйғусини кучайтиришга қаратилган туркум тадбирлар ўтказилмоқда. Маданий-маърифий ва маънавий тадбирларда “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойилини ҳаётга жорий этиш орқали аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, бизнес юритиш шартларини енгиллаштириш, оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ҳунармандчиликни рағбатлантириш учун яратилаётган янги имкониятлар хусусида сўз бормоқда. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини тубдан ривожлантиришга қаратилган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Бир миллион дастурчи” каби ижтимоий лойиҳаларнинг жорий этилганлиги, жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари” борасидаги ишлар, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб бориш, жумладан, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлаш, ёш тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган дастурлар ва уларнинг амалий натижалари тўғрисидаги маълумотлар турли соҳалар ходимларига рўйи рост етказилмоқда. Бундан ташқари, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини барпо этиш борасида белгилаб берилган узоқ муддатли стратегик вазифалар доирасида миллий ғояни ривожлантириш, жумладан, давлат тилининг ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган амалий ҳаракатлар, халқимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури, ҳаётга ва меҳнатга муносабати ўзгариб, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлат ва фуқаролик институтлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чет эллардаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, қўшни мамлакатлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик муносабатларининг тубдан яхшиланганлиги тарғиб этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Барча маданий-маърифий, оммавий ва спорт тадбирлари пандемия шароитида карантин талабларига риоя этган ҳолда ўтказилаётганини ҳам алоҳида таъкидлашимиз жоиз.

Бугунги кунда касаба уюшма ташкилотлари томонидан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари ва тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашларининг ҳар бири томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ҳудудларда ўттизтадан янги иш ўринларини ташкил этиш ишлари қизғин давом этмоқда. Меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган байрам тадбирларига корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаб кетган меҳнат фахрийлари таклиф этилиб, дилдан суҳбатлар ташкил этилмоқда.

Айни кунларда турли соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида бир қатор спорт турлари бўйича “Мустақиллик кубоги” мусобақалари, “Спорт – саломатлик гарови” шиори остидаги 4 босқичли спартакиадалар ўтказилмоқда. Уларда нафақат меҳнаткашлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этмоқдалар. Фаолияти давом этаётган болалар соғломлаштириш оромгоҳларида эса 5 та муҳим ташаббус ғояларини ўзида мужассам этган мусиқа ва санъат йўналишидаги кўрик-танловлар, китобхонлик кунлари, викториналар, шунингдек, “Мустақиллик – менинг тақдиримда”, “Шу Ватанга бордир менинг керагим”, “Озод эл фарзандиман” номли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Республикамиз Мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига бағишлаб касаба уюшмалари томонидан махсус дастур асосида ташкил этилаётган тадбирлар қаторидан ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, халқаро ва миллий меҳнат стандартларининг мазмун-моҳиятини тарғиб этишга йўналтирилган “Меҳнат ҳуқуқингизни биласизми?” онлайн викторинаси ҳам ўрин олган. Ушбу викторинада ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этмоқдалар.

Меҳнат жамоаларида “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги: “Мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз – халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликдир” мавзуларида ташкил этилаётган “Маърифат соатлари”га эса бугунги кунгача 3 миллионга яқин турли соҳа ходимлари жалб этилдилар.

Сирасини айтганда, Республикамиз Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб жойларда касаба уюшмалари томонидан ташкил этилаётган тадбирлар бугунги кунда жойларда кўтаринки руҳда давом этмоқда.

 

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

 

 

 

Click to listen highlighted text!