[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт находится в тестовом режиме

26.01.2012. 2012 йилнинг 26 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги IV мажлиси бўлиб ўтди.

Мазкур мажлисда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2011 йил якунлари ва 2012 йилдаги устувор йўналишлари тўғрисида;

– меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ва унинг самарадорлигини ошириш юзасидан давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва вазифалар ҳақида;

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги кўринишдаги рамзи ва байроғи тўғрисида;

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги ташкилот ва корхоналарни ташкил этиш тўғрисида;

–  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Кенгаш Раёсати таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида;

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши III мажлисининг 2011 йил 27 апрелдаги 3-2-сонли қарори билан тасдиқланган «Касаба уюшма ташкилотларида касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тақсимлаш, касаба уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом»га ўзгартириш киритиш тўғрисида.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди. Унда Федерация Кенгаши томонидан «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» ҳамда Федерациянинг V Қурултойи қарорларидан келиб чиққан ҳолда, 2011 йилда белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси бўйича Федерацияси тизимида аниқ мақсадли ишларни амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан:

Касаба уюшмаларининг бевосита иштирокида Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунлари лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етказилди.

Касаба уюшмалари органлари ва тасарруфдаги ташкилотлар аппаратлари тузилмаси такомиллаштирилди.

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, «Бошланғич ташкилотлар раислари учун услубий қўлланма» чоп этилди, «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови ўтказилди.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шерикчилик кўлами кенгайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош Келишув имзоланди. 13 та давлат, нодавлат ташкилотлари билан қўшма тадбирлар режалари қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.

Касаба уюшма фаоллари томонидан 1663 та корхонада яратилган 14209 та янги иш ўринларининг ишончлилиги ўрганилди. Касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан яратилган иш ўринлари сони 2010 йилга нисбатан 2 баробарга ошди.

Барча даражадаги касаба уюшмалари органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси, иш берувчилар, банклар, ижроия хокимияти органлари, меҳнат ҳуқуқ инспекциялари, прокуратура ва суд органларига 1105 та мурожаат киритилиб, кўтарилган муаммолар ҳал этилди.

2011 йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 72655 нафар фуқаро ва 52388 та оилага 23 млрд. 565 млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

Касаба уюшмалари тизимида «Ишонч телефонлари» хизмати ташкил этилиб,  2011 йилда уларга тушган 400 дан ортиқ мурожаатларнинг барчаси бўйича тушунтириш, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва аниқ чоралар кўрилди.

«Усто-шогирд» усулини жорий этиш доирасида 2483 нафар коллеж ўқувчиси ва 627 нафар битирувчисига касаба уюшма бюджетидан 44 млн. 626 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 70028 та корхона ва ташкилотда 246908 нафар коллеж битирувчининг иш жойларида ўрнашиб қолишлари устидан мониторинг ўрнатилди.

2011 йил давомида тизимдаги санаторийларга йўлланмалар ажратиш муддатлари 5 йилда 3 йилга қисқартирилиб, 89237 нафар ходим санаторийларда соғломлаштирилди ва бу 2010 йилга нисбатан 106,5 фоизни ташкил этди.

Умумий соғломлаштирилганларнинг 19675 нафари, жумладан 1400 нафари бошланғич ташкилотлар ихтиёрида қолдирилган қўшимча 3 фоиз аъзолик бадаллари ҳисобидан имтиёзли йўлланмалар асосида дам олдирилди.

13348 нафар ходим ва талабалар санаторий-профилакторийларда соғломлаштирилди.

Ёзги мавсум давомида 965 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида соғломлаштирилган болалар сони 2010 йилга нисбатан 8 минг нафарга ортиб, 268 минг нафарни ташкил этди.

«Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!» деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари Дастурига мувофиқ 35 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, 15та санаторий, 975 та болалар соғломлаштириш  оромгоҳларида адабиёт ва санъат намоёндалари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар билан туркум учрашув, семинар, давра суҳбатлари ўтказилди. Юртимиз равнақига ҳисса қўшган 1750 нафар меҳнаткашга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.

Мажлисда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг 2012 йилдаги устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

давлат, иш берувчилар, бошқа нодавлат нотижорат  ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида ижтимоий шерикликни кенгайтириш ҳамда янада мустаҳкамлаш;

меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар, республикада фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантиришга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилишида фаол иштирок қилиш;

касаба уюшмалари тизимини, барча бўғин касаба уюшмалари органлари, бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришни давом эттириш, кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш;

аҳолини, айниқса ёшларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, янги иш ўринлари кўрсаткичларининг ишончлилигини таъминлашга фаол кўмаклашиш, иш ўринларида меҳнат муҳофазаси қоида ва нормаларига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш;

меҳнаткашлар, айниқса ёшлар ўртасида ўтказиладиган маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ишлари сифатини,  касаба уюшмаларининг туризмни ривожлантириш бўйича фаолиятлари самарадорлигини ошириш;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини замон талабларига биноан сифатли соғломлаштиришни ташкил этиш;

бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳалқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

«Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури, касаба уюшмаларининг тармоқ ва ҳудудий дастурлари бажарилишини таъминлаш;

оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, касаба уюшмалари тизимига ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан ҳам маърузалар қилигнди. Жумладан, «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Меҳнат муҳофазаси ва ҳуқуқий масалалар бўйича доимий комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда комиссиянинг 2012 йилган мўлжалланган Иш режаси ҳақида» Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси, доимий комиссия раиси Ш.Адилов, «Республика корхона ва ташкилотларида меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назоратининг олиб борилишн ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ҳайъатининг 2011 йил 14 январдаги 1-5о, 1-сонли қўшма қарорининг бажарилиши ҳақида» Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи  ўринбосари Б.Алимухамедов, «Металлургия ва машинасозлик саноати корхоналарида хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида меҳнат қилувчи ходимларни етарли даражада махсус кийим, пойабзал, шахсий ҳимоя ва ювиш воситалари билан таъминлаш аҳволи ҳамда уларнинг сифатини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида» «GM Uzbekistan» ёпиқ акционерлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси М.Олимов, «Ўзбекистон Республикасида касб касалликлари ва уларнинг профилактикасининг асосий тамоиллари тўғрисида» Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти касб касалликлари клиникаси бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди А.Вахидов маъруза қилдилар.

Ушбу масала кенг муҳофама этилиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, бу борада амалга ошириладиган ишларни аниқ белгилаш ва ижросини таъминлаш каби вазифалар белгилаб берилди.

Кенгаш аъзолари томонидан кун тартибидаги учинчи масала, яъни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг янги кўринишдаги рамзи ва байроғи лойиҳалари кўриб чиқилди.

Ижтимоий шериклик асосида касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида Федерациянинг Устави ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни рамзда акс эттирилишни таъминлаш мақсадида, шунингдек аъзо ташкилотлардан тушган таклифларни инобатга олиб ишлаб чиқилган мазкур лойиҳалар Кенгаш аъзолари томонидан маъқулланди.

Федерация Кенгаши Раёсатига Федерациянинг янги кўринишдаги рамзи ва байроғи тасвирлари ҳамда уларнинг тавсифини янада такомилига етказиш, улар тўғрисида янги таҳрирдаги Низомни ишлаб чиқиб тасдиқлаш ва қонунда ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш вазифаси топширилди.

Кун тартибидаги тўртинчи, яъни Федерация Кенгаши тасарруфидаги янги корхона, ташкилотларни, жумладан туристик компанияни ташкил этиш тўғрисидаги масала юзасидан ҳам Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Федерация Кенгаши Раёсатига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Уставининг 6.14.-бандига асосланиб Федерация Кенгаши тасарруфидаги ташкилот ва корхоналарни ташкил этиш масаласини ўрганиш ва навбатдаги Раёсат йиғилишида кўриб чиқиш топширилди.

Кун тартибидаги бешинчи – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Кенгаш Раёсати таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида масала бўйича ҳам Кенгаш аъзоларига батафсил ахборот берилди.

Яъни 2011 йилда касаба уюшмаларини оптималлаштириш натижасида тармоқ касаба уюшмалари сони 11 тани ташкил этганлиги, шунингдек айрим ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари раислари янгидан сайланганлиги боис Федерация Кенгаши ва Раёсат таркибига тегишли ўзгартишлар киритилаётганлиги таъкидланди ҳамда бир овоздан тасдиқланди.

Кун тартибидаги олтинчи масала, юқорида қайд этилганидек, 2011 йилда касаба уюшмаларини оптималлаштириш натижасида Федерация Кенгаши III мажлисининг 2011 йил 27 апрелдаги 3-2-сонли қарори билан тасдиқланган «Касаба уюшма ташкилотларида касаба уюшмасига аъзолик бадалларини тақсимлаш, касаба уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом»га тегишли ўзгартишлар киритилиши зарурлиги юзасидан ахборот берилди. Ушбу масала бўйича Низомга киритилаётган ўргартишлар лойиҳаси Кенгаш аъзолари томонидан маъқулланди.

Ташкилий ишлар бўлими

2011 йил якунлари ва 2012 йилдаги устувор йўналишлар

 Пресс релиз

2012 йилнинг 26 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг IV мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартиби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2011 йилдаги фаолияти якунлари ва 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифаларни белгилаб олиш масалаларига бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, Федерация Кенгаши томонидан ўтган йил бошида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” ва 2011 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолиятининг  устувор йўналишлари белгилаб олинган эди. Улар бўйича амалга оширилган аниқ мақсадли ишлар касаба уюшмалари олдида турган қатор муаммоларни ҳал этиш, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш имконини берди, десак, муболаға бўлмайди.

Кенгаш мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева бу борада амлага оширилган ишлар тўғрисида таҳлилий маъруза қилди. Маърузада, хусусан, касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари фаоллашганлиги ва бевосита улар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунлари лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етказилганлиги алоҳида таъкидланди. 14 та Қонун ва 25 та меъёрий актлар, меҳнат муҳофазаси бўйича 87 та меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан йўлланган 10 та меҳнат низолари бўйича хулосалар берилганлиги қайд этилди.

Таъкидлаш зарурки, 2011 йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти янги босқичга кўтарилди. Давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни амалиётга татбиқ этиш юзасидан самарали ижро механизми шакллантирилди. Натижада 15 дан зиёд давлат, нодавлат ташкилотлари билан қўшма тадбирлар режаси қабул қилиниб, уларнинг амалга оширилишига эришилди.

Бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга фаол кўмаклашиш соҳасида касаба уюшма фаоллари томонидан 1663 та корхонада яратилган 14209 та янги иш ўринларининг ишончлилиги ўрганилди. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари амалиётини ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида  “Устоз-шогирд” йўналишида 71 мингга яқин корхона ва ташкилотда 250 минг нафар коллеж битирувчиларининг муқим иш билан таъминланиши устидан жамоат назорати ўрнатилди. Амалиёт ўтаётган ва янги ишга қабул қилинган коллеж ўқувчилари ва битирувчиларига энг кам иш ҳақининг 50 фоизигача моддий ёрдам ажратиш тизими жорий этилди. Натижада 2483 нафар коллеж ўқувчиси ва  627 нафар битирувчига касаба уюшма бюджетидан 44 млн. 626 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилиши натижасида касаба уюшмалари органларига корхоналар ва фуқаролардан тушган 5200 га яқин мурожаатларнинг 93 фоизи қаноатлантирилишига эришилди.  Мансабдор шахсларга меҳнат қонунчилиги бузилиши бўйича киритилган 385 та  тақдимноманинг 291 таси ижобий ҳал этилди.

Меҳнат низоларига оид 478 та масаладан 33 таси суд, 445 таси касаба уюшмалари орқали кўриб чиқилиб, ноқонуний ишдан бўшатилган 190 нафар ходим ўз ишига тикланди. 5700 та корхона ва ташкилотда ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ўрганилиши натижасида уларнинг 16700 дан ортиғида қоида ва меъёрлар бузилиши ҳолатлари касаба уюшмалари талаби билан бартараф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида 2011-2013 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув асосида жамоа шартномалари ва келишувлари сифати ва самарадорлиги даражасини ошириш натижасида 2011 йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 72655 нафар фуқаро ва 52388 та оилага 23 млрд. 565 млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари молиявий имкониятларини кенгайтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар эса 1 млрд. 102 млн. сўм маблағни ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтириш, қўшимча равишда 1400 кишини санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш имконини берди. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмалар ажратиш муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилиб, 2011 йилда 90 минг нафарга яқин меҳнаткашни имтиёзли соғломлаштиришга эришилди. Бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан қарийб 10 фоизга кўпдир.

“Кичик бизнес ва хусусий тадбикорлик йили” Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган касаба уюшмалари дастур тадбирлари доирасида 1337 нафар кичик бизнес субъектлари ходимлари ва тадбиркорларга санаторийларда, уларнинг 4159 нафар фарзандларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш имконияти яратиб берилди. Федерация Кенгаши ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларида “Ишонч телефонлари” хизмати жорий этилиб, уларга аҳолидан, кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлардан тушган 400 дан зиёд мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилди.

Маънавий-маърифий ишлар сифатини ошириш масаласи ҳам Федерация Кенгашининг доимий диққат марказида бўлди. Шу мақсадда корхона, ташкилот ва муассасаларда «Маънавият соатлари» ўтказилиши жорий этилиб, уларда Республикамиз Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимизда Истиқлол йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, давлатимиз инсонпарвар сиёсатининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар онгига етказиб келинмоқда.

Таъкидлаш зарурки, ўтган йил давомида «Истиқлол ғунчалари», “Ўзбекистон сени куйлайман” каби Республика кўрик-танловлари ва Фестиваллари, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида қатор спартакиада ва веломарофонлар ўтказилиб, улар доирасида бир неча ўн минглаб меҳнаткашлар камраб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан велоспорт Федерациясининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган тизимли ишлар велоспортчиларимизнинг Лондонда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун 3 та лицензияни қўлга киритишларида ўзига хос омил бўлди.

Ёзги мавсум давомида 965 та болалар оромгоҳларида соғломлаштирилган болалар сони 2010 йилга нисбатан 8 минг нафарга ортди.  2011 йилда илк маротаба 19 та “Меҳнат ва дам олдириш”, 12 та “Ёзги интеллектуал ривожлантириш” ва 13 та “Ҳарбий-спорт соғломлаштириш” оромгоҳлари фаолият кўрсатиб, уларда 3700 нафардан ортиқ болалар ва ўсмирлар соғломлаштирилди. 13801 нафар меҳнаткашлар, ўқувчи ва талабалар, кам таъминланган ва кўп болали оилалар вакилларининг юртимизнинг диққатга сазовор жойларига, тарихий обидаларига саёҳатлари уюштирилиб, бу мақсадларга 189, 9 млн. сўм сарфланди.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига 36,4 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами, 11900 нафар кам таъминланган оилалар вакиллари, ёлғиз қариялар, ногиронлар, меҳнат ва уруш фахрийларига 337,7 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги “2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади” мавзусидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолиятининг 2012 йилдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, устувор йўналишлар қаторидан ижтимоий шериклик, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, тармоқ ва ҳудудий дастурларга мувофиқ янги иш ўринлари яратилишида фаол иштирок этиш, “Усто-шогирд” тизимини ҳаётга татбиқ қилишда ўрта бўғин касаба уюшмалари органлари масъулиятини ошириш, хавфсиз иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу йўналишда касаба уюшмаларига берилган ваколатлар, ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш, жойларда меҳнат қонунларига, ходимларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, “Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури, касаба уюшмаларининг тармоқ ва ҳудудий дастурлари бажарилишини таъминлаш, бошланғич ташкилотларга эътиборни янада кучайтириш каби масалалар жой олди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати