31.10.2012. 2012 йилнинг 31 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги VI мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда:
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2012 йилнинг 9 ойи давомидаги фаолияти якунлари тўғрисида;
– Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятини ва тузилмасини янада такомиллаштириш ҳақида;
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида спортни ривожлантириш борасидаги ишларни такомиллаштириш тўғрисидаги ва фаолиятга тегишли бошқа масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди. Унда Федерация Кенгаши томонидан 2012 йилда белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси бўйича Федерация тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги ва «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунлари лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етказилди, меҳнаткашларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор 10 та қонун ва 15 та меъёрий акт лойиҳаси бўйича хулосалар берилди, 25 та меъёрий ҳужжат лойиҳаси юзасидан таклифлар билдирилди.
Федерация Кенгашининг эксперт комиссияси томонидан 27 та тармоқ ва 5 та ҳудудий келишув, 6 та жамоа шартномаси, 24 та тармоқ келишувига киритилган қўшимчалар лойиҳалари экспертиза қилиниб, улар юзасидан тегишли хулоса ва таклифлар берилди.
Республикадаги касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиниши 94,5 фоизга етишига эришилди.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 13 минг 806 нафар фуқаро ва 92 минг 396 та оилага 25 млрд. 43,4 млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилди.
Шунингдек, жорий йилги ёз мавсумида жами 955 та оромгоҳда 270 минг нафардан зиёд бола соғломлаштирилиб, белгиланган режа 101,8 фоизга бажарилди.
«Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурига мувофиқ, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг қарийб 50 минг нафар фарзандлари, шунингдек, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда Оролбўйи минтақасидан 5,8 минг нафар ўғил-қиз бепул дам олдирилди.
Федерация тизимидаги санаторийларда 80 мингдан ортиқ меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари, 16 мингдан ортиқ пенсионерлар ўз саломатликларини тикладилар, ушбу мақсадлар учун қарийб 30 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Касаба уюшмалари томонидан аҳолига жами 6,3 млрд. сўмлик пуллик хизмат кўрсатилди. Ижтимоий объектларнинг моддий-техник базасини мстаҳкамлаш ишлари амалга оширилди.
Маълумки, Федерация Кенгаши Раёсатининг жорий йил 31 майдаги қарорига мувофиқ, барча бўғиндаги касаба уюшмалари органлари вакилларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унга касаба уюшмалари тузилмасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди.
Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан Ишчи гуруҳ аъзоси, «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамияти касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.Абдуллаев касаба уюшмаларининг амалдаги тузилмаси ўз олдидаги долзарб вазифаларни тўлиқ бажара олмаётганлиги сабабли уни такомиллаштириш зарурати пайдо бўлганлигини таъкидлади ҳамда Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган таклифлар билан иштирокчиларни таништирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида спортни ривожлантириш борасидаги ишларни такомиллаштириш тўғрисидаги масала бўйича Федерация Кенгаши тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши раиси Б.Тожиев, Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Э.Ражабов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Улар касаба уюшмалари томонидан спорт тадбирларини тизимли равишда ташкил этишни йўлга қўйиш, энг асосийси, меҳнаткашлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, спортни уларнинг кундалик турмуш тарзига айлантириш бугунги кундаги асосий вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, иштирокчиларни «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси» лойиҳаси билан таништирдилар.
Мажлис кун тартибидаги ҳар бир масала батафсил муҳокама этилиб, иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.