08.02.2013. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг VIII-Мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Обод турмуш йилида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси олдида турган вазифалар муҳокама этилиб, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш соҳасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисда мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун лойиҳалари бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Касаба уюшмалари юридик маслаҳатхоналари ва «Ишонч телефонлари» фаолиятини кучайтириш орқали бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш борасида амалга ошириладиган ишлар таъкидланди.
Янги иш ўринларини яратиш, айниқса, яратилаётган иш ўринлари ишончлилиги юзасидан жамоатчилик назорати йўналишидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Обод турмуш йилида 35 минг нафар ўқувчига қарийб 800 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатиш, касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ёш оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар учун 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Корхона, ташкилот ва муассасалардаги жамоа шартномалари сифатини ошириш ва уларнинг бажарилишини мунтазам муҳокама қилиб бориш, меҳнат жамоаларида ҳар бир ходимнинг белгиланган имтиёзлардан тўла фойдаланишини таъминлаш масаласига ҳам тўхталинди. Шу мақсадда тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари ва ҳудудий бирлашмалар олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Маҳаллий ҳокимликлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг жойлардаги бўлинмалари билан ҳамкорликда коллеж битирувчиларини янги ташкил этилаётган, квоталаштирилган иш ўринларига жойлаштириш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда нодавлат сектори корхоналарини касаба уюшмасига жалб этиш орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ишларини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш, ички туризм билан бир қаторда тиббий туризмни кенгайтириш йўналишларига ҳам эътибор қаратилди. Шу мақсадда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга молик оилалар, қариялар ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар, ёшларнинг республикамиздаги тарихий шаҳарлар ҳамда истиқлол йилларида барпо этилган диққатга сазовор масканларга саёҳатларини уюштириш ишлари янада кучайтирилади. Дам олувчилар, хусусан, хорижликларни тизимдаги санаторийларга кенг жалб этиш учун ушбу масканлардаги сервис хизматлари сифати ва самарадорлиги оширилиб, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари изчиллик билан давом эттирилади.
Меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш борасидаги ишлар кўлами янада кенгайтирилиб, янги сиҳатгоҳлар ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича белгиланган ишлар ҳам таъкидланди. Аҳоли томорқаларини ривожлантириш орқали улар даромадларини ошириш ишларининг халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётгани, бу борада намуна бўлаётган оилаларни рағбатлантириш тизимини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Яна бир ижобий тажриба — касаба уюшмалари фаолияти намунали йўлга қўйилган туманларда олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш юзасидан қимматли фикрлар билдирилди.
Йиғилиш иштирокчилари касаба уюшмалари тизимида олиб борилаётган такомиллашув натижасида бугунги кунда бошланғич ташкилотлар фаоллиги ортиб бораётганини таъкидладилар. Айниқса, имтиёзли йўлланмалар асосида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамловчи ишчи-ходимлар сони ортиб бораётгани айни муддаодир. Мазкур сиҳатгоҳларга йўлланма олиш муддатининг 5 йилдан 2 йилга қисқартирилганлиги, меҳнаткашлар томонидан йўлланма учун тўланадиган маблағ миқдорининг камайтирилгани, аъзолик бадаллари ҳисобидан берилаётган йўлланмадан ходимнинг яқин қариндошлари — ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари эҳтиёжи учун фойдалана олиши — ходимлар учун яратилаётган шу каби кўплаб имтиёз ва қулайликлар инсон омилига бўлган эътибор намунасидир. Қайд этилган масалалар юзасидан сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси С.Ниетуллаев, Қашқадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Э.Ражабов, Сурхондарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси А.Аҳмедов, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Ў.Турғунов, Таълим, фан ва мадания ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Р. Бедилов шу хусусда тўхталдилар.
Мажлисда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари ловозимида ишлаб келаётган Баҳодир Аҳмедов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Муҳаббат Ўрмонбекова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати раҳбари