Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Сурхондарё вилоятида “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди

28.06.2017. 2017 йил 28 июнь куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Тантанали очилиш маросисмида Ўзбекистон касаба уюшма Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, вилоят ҳокимияти, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, фахрийлар ва ота-оналар иштирок этдилар.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”дан ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишининг алоҳида ўрин эгаллагани қайд этилди. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналиши жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг 241-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган мазкур “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган вилоят меҳнаткашлари фарзандларини ўз қучоғига олди. 6 гектардан зиёд майдонда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун қарийб 34 млрд. сўм маблағ йўналтирилганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси борасидаги Ўзбекистон тажрибаси нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу маънода жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган “Амударё” болалар соғломлаштириш мажмуи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида иш бошлади. Бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да вилоят аҳолиси учун ажойиб туҳфа бўлган ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, шинам ёзги амфитеатр, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли тантаналар майдони, барча стандартларга жавоб берувчи сузиш ҳавзаси, футбол, волейбол, баскетбол ва теннис майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Оромгоҳга олиб борувчи йўллар ва ҳудуд асфальтланиб, ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари барпо этилди. Ушбу иншоотларнинг барчаси бугун болажонлар камолотига хизмат қилмоқда.

Оромгоҳ тиббиёт мажмуида ўғил-қизларнинг саломатлиги доимий назорат қилиб борилмоқда. Болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жаннатмакон диёримиз бағрида етиштирилган табиий неъматлар ва гиёҳлардан тайёрланган дамламалар тайёрланиб, овқатланиш рациони бойитилмоқда.

Жорий йилда 5 навбатда фаолият юритиши кўзда тутилган янги оромгоҳда 1000 нафардан зиёд ўғил-қиз мароқли дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди.

Дам олаётган болажонларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича билимлари оширилмоқда. Шунингдек, “Ёш китобхонлар”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Хореография”, “Жисмоний тарбия ва спорт” каби 10 га яқин тўгарак машғулотларида эса болажонлар ўзлари қизиққан йўналишларда машғулотлар ўтмоқдалар. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор вазирликлар иштирокида болалар учун махсус саралаб олинган шеърлар, куй ва қўшиқлар тўпламлари, бадиий ва анимацион фильмлар ўғил-қизлар билан ўтказилаётган таълим-тарбиявий жараёнларда айни муддао бўлмоқда. Болажонлар учун мўлжалланган бадиий адабиётлар билан таъминланган кутубхона ҳам доимо гавжум бўлиб, ўғил-қизларнинг китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросими “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” мавзусидаги маданий-маърифий тадбир ҳамда “Касаба уюшмалари – болаларга” акциясига уланиб кетди. Тантаналар давомида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга хос чиқиш ва саҳна кўринишлари орқали ифода этилди. “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида эса болажонларнинг барчасига совғалар ҳадя этилди.

Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида ёш авлод вакиллари Она Ватанимиз, Мустақиллик берган неъматлар, бугунги кунда ёш авлод вакилларининг ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятларни, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!