Тингланган дарднинг давоси бор
05.09.2024. Ҳудудлардаги мурожаатлар мундарижасига назар солсангиз, аксар қисми маҳаллий шароитда ҳал бўладиган масала бўлиб чиқади. Аммо ана шу арзимаган муаммони республика миқёсига олиб чиқишга одамларни нима мажбур қиляпти? Нега улар кичик масалалари юзасидан катта-катта идораларга нажот истаб, арз йўлламоқда?
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 1211 «Ишонч телефони»га қўнғироқларнинг кўпайиб бораётгани муаммолар илдиз ёйиб кетганидан эмас, балки жойларда муаммолардан юз ўгириш, фуқаролар билан манзилли ишлаш даражаси сусайганидан далолатдир.
Мана, оддий бир мисол. Ургут туманининг «Қуйигузар» маҳалласида яшовчи Дилрабо Элбекова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1211 «Ишонч телефони»га мурожаат қилди. Унинг баён этишича, қизи Озоданинг турмуши бузилган. Икки нафар фарзанди бор. Собиқ куёв эса алимент тўлашдан бўйин товлаб келмоқда. Касаба уюшмалари бу масалага ҳам аралашиб, муаммони ҳал этишда Мажбурий ижро бюросидан мадад сўради.
МИБнинг жамоат ташкилотига йўллаган хатида 2023 йил 12 декабргача даъвогар О.Акбарованинг фойдасига 1,5 миллион сўм ундириб берилгани баён этилганди. Биз мурожаатчи Дилрабо Элбекова билан боғланиб масаланинг кейинги ҳолатига қизиқдик.
– Касаба уюшмалари аралашуви билан алиментнинг бир қисмини тўлаб берди. Аммо собиқ куёвимизнинг алиментдан қарздорлиги бугунги кунда 2,5 миллион сўмни ташкил этади, – деди у. – МИБнинг туман бўлинмасига қатнаб оёқларимиз толаяпти. Уларнинг ундирувни нега пайсалга солаётганини сира тушуна олмаяпмиз. Яна юқори ташкилотларни безовта қилишга мажбур бўламиз, шекилли.
Касаба уюшмаларининг қисқа рақамли 1211 «Ишонч телефони»га мурожаат қилганлардан яна бири нарпайлик Зуҳра Умарова. Тепақўрғон маҳалласида яшовчи бу аёл субсидия асосида бўлса-да, битта тикув машинаси ажратилишига кўмак сўраган. Жамоат ташкилоти ҳамкор ташкилотлар ёрдамида бу масалани ҳам ҳал этди.
– Мурожаатимни эътиборсиз қолдирмаган касаба уюшмаларига, туман ҳокимлиги, маҳалла мутасаддиларига минг раҳмат. Уйимга замонавий тикув машинаси келтириб беришди, – дейди Зуҳра Умарова.
– Муаммонгиз ҳал этилибди. Янги ускуна рўзғорга барака олиб киряптими? – деган саволимиз Зуҳрани анча ўйлантириб қўйди. – Тўғриси, ҳали ундан фойдаланганимча йўқ. Яхши тушунмаяпман, – дангалига кўчди Зуҳра.
Унинг қисиниб айтган бу гаплари кишини ўйга толдиради. Умрида бундай дастгоҳда ўтириб ишламаган, унинг мурватини бураб ҳам кўрмаган қишлоқ аёлининг замонавий техникага «тиши» ўтмаслиги табиий. Аммо унга тикув машинаси келтириб берганлар дастгоҳни «тап» эткизиб ташлаб кетишни масалага ечим, дея ўйлашяпти, чоғи…
Пайариқлик Феруза Саидова ҳам ўз ҳамкасби билан тортишиб, анча жойга бориб қўйган. Жамоадаги маънавий муҳит бузилишига сабабчи бўлган ҳар икки ходимни эса иш берувчи аёвсиз «жазолаган» – улар ишдан бўшатилган.
– «Турмуш ўртоғим II гуруҳ ногирони, ишлай олмайди. Икки нафар фарзандимнинг ёлғиз боқувчисиман. Айни чоғда бекорчи бўлиб қолдим. Қадрдон жамоамга қайтишимга ёрдам беринг», – дея ўз дардини баён этади Феруза Саидова.
Ушбу мурожаат юзасидан касаба уюшмалари меҳнат инспекцияси вакиллари Пайариқдаги ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти билан музокара олиб бордилар. Масалага инсонийлик нуқтаи назари билан ёндашган иш берувчи касаба уюшмалари таклифини рад этмади.
– Инсон ҳаётида нималар бўлмайди, дейсиз. Тўғри мендан ҳам ўтган. Аммо мени тўғри тушунган ва муроса йўлини кўрсатган касаба уюшмаларидан бугун миннатдорман, – дейди Феруза Саидова. – Кўп йиллар ишлаб, меҳнатим сингган қадрдон жамоамга қайтдим.
Кўриб турибмизки, ҳар бир мурожаат ортида бир дард, бир ташвиш бор. Уларни тўғри тушуниб, зарур бўлса, тўғри тушунтириб бориш ечимни топишдаги дастлабки қадамдир. Айтмоқчи бўлганимиз эса, мурожаатчи ҳар эшик остонасида мустар бўлмасин. Уларнинг муаммосини ҳал этиш ҳар биримизнинг юксак фуқаролик бурчимиз эканини асло ёддан чиқармайлик.
Нурилла Шамсиев