Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Турли соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси янада кучайтирилади

15.12.2016. 2016 йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари фаолиятига оид қонунларга киритилган ўзгартишлардан келиб чиқадиган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенаторлар, Адлия вазирлиги мутасаддилари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати иштирокчилари жорий йилнинг 28 ноябрь куни имзоланган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан келиб чиқадиган вазифаларни муҳокама этдилар.

Иштирокчилар томонидан мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталиниб, унга киритилган ўзгартишлар натижасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, мазкур ҳужжатнинг имзоланиши касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги касаба уюшмаларининг ваколатлари доирасини кенгайтириш борасида яна бир муҳим қадам бўлганини эътироф этдилар. Хусусан, энг аввало касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлигининг кафолатлари мустаҳкамлангани, жумладан, касаба уюшмасига бирлашиш учун зарур бўлган ходимларнинг минимал миқдори камайтирилгани таъкидланди. Эндиликда ташкилотларда камида уч нафар ходимнинг ташаббуси билан ҳам касаба уюшмасини тузиш имконияти яратилгани қайд этилди.

Қонунга киритилган жорий ўзгартиришлар орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимлар манфаатлари ҳимояси кучайтирилганини ҳам эътироф этиш зарур. Хусусан, мазкур ўзгартишларда якка тартибдаги тадбиркорларга уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилганлиги ҳам инобатга олинди. Қонунга киритилган ўзгартишлар айнан хусусий тадбиркорлар томонидан ёлланиб ишлаётган ходимлар учун ҳам ўз иш жойларида касаба уюшмасига бирлашиш имкониятини яратиб берди. Шунингдек, бир марталик ишларда банд шахсларга касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи берилганлиги доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларининг ҳам ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари кафолати сифатида юзага чиқди.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, Қонунга киритилган ўзгартишлар натижасида касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя функциялари ҳам кучайтирилди. Хусусан, илгари касаба уюшмалари меҳнат низоларини кўриб чиқишни кўзлаб судларга даъво аризалари киритиш ваколатига эга бўлган бўлса, эндиликда бундай ваколат ҳуқуқий ҳимоянинг соддалаштирилган ва самарали воситаси ҳисобланган суд буйруғини чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи билан тўлдирилди. Шунингдек, қонунда касаба уюшмаси тақдимномасини кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатлари жорий этилди. Бунга кўра, иш берувчилар томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол этилган ҳолатларни бартараф этишни талаб қилиб касаба уюшмаси томонидан киритилган тақдимнома ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилди. Қонуннинг аввалги таҳририда бу муддат бир ой қилиб белгиланган эди. Мазкур ўзгартиш ходимларнинг тегишли ҳолларда қонуний ҳуқуқларини тезкорлик билан тиклаш ҳамда иш берувчи томонидан йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни қисқа муддатларда бартараф этиш имкониятларини кенгайтирди.

Шу билан бирга касаба уюшмалари иш берувчилар билан жамоа музокараларини олиб боришда ҳамда жамоа шартномалари ва келишувларини тузишда устувор ҳуқуққа эга бўлиши, уларнинг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши ҳам белгилаб қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!