Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Улар яхшиларга ёндашишни нега хоҳлашмаяпти?

08.07.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, унинг ҳудудий бирлашмалари, туман ҳамда шаҳар кенгашлари томонидан нодавлат сектор корхоналарини аъзоликка жалб этиш, уларнинг ходимларини ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ҳаракатлари изчил давом этаётир. Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам.

– Статистика ва солиқ органлари ҳамда лицензия берувчи идоралардан бугунги кунда фаолият юритаётган корхона, ташкилот ва муассасалар рўйхати олиниб, касаба уюшмасига жалб этилмаган хўжалик субъектлари рўйхати шакллантирилди, – дейди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши раиси Азамат Нурматов. – Ягона ижтимоий тўлов тўлайдиган, аъзолар сони 10 нафардан кўп бўлган 3771 та нодавлат корхона ва ташкилотлар бирма-бир таҳлил қилинди. Шундан 212 та нодавлат корхона ва ташкилотнинг тармоқ тизимига мансуб­лиги аниқланди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари натижасида 90 та нодавлат корхона тармоқ касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. 2019 йилнинг 1 июнь ҳолатида аъзолар сони 711 нафар бўлган 7 та йирик янги тузилган бошланғич касаба уюшма ташкилоти тармоқ касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши хизматига олинди.
Кези келганда нодавлат секторда ишлайдиган, касаба уюшмалари имтиёзларидан фойдаланаётган ходимларнинг сўзларини тинг­ласак.

Гўзал Ҳазратова
«Ҳунарманд» уюшмаси Қашқадарё вилояти бошқармаси касаба уюшма қўмитаси раиси:

– Касаба уюшмалари фаолиятимизда асосий кўмакчи. Ҳунармандларимиз «Ўз касбининг моҳир эгалари» кўрик-танловида қатнашиб, ғолиб ва совриндор бўлишмоқда. Ўзлари санаторийда, фарзанд­лари оромгоҳларда дам олишяпти. Масалан, жорий йилги мавсумнинг биринчи босқичида тўрт нафар ўғил-қиз ёзги оромгоҳда ҳордиқ чиқарди. Ҳунарманд қизларимиз Дурдона Омонова, Зилола Бобоева сўлим сиҳатгоҳларда саломатлигини тиклади.
Ўзим ҳам куни кеча бир гуруҳ касаба уюшма етакчилари сафида Хоразмга саёҳатга бориб келдим. Хиванинг гўзал ва тарихий обидаларини томоша қилиб, олам-олам таассурот олдим. Саёҳатимизнинг барча харажатлари касаба уюшмалари томонидан қопланди.
Уюшмамизда ёшлар кўп. Ўзим ёшлар масалалари бўйича ҳам етакчиман. Шу йилнинг февраль ойида касаба уюшмалари ёшлар бирлашмаси томонидан Тошкент шаҳрида бир ҳафталик ўқувда қатнашиб келдим. Соҳага оид кўп янгилик­лардан бохабар бўлдик.

Мунира Тангриева
«Nasaf travel» корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси:

– Корхонамиз касаба уюшмасига жалб этилгач, ходимлар манфаати йўлидаги ишларимиз самарали кечмоқда. Ходимларимиз ҳар йили жадвал асосида дам олдириляпти. Бундан ташқари, спорт тадбирларида фаол қатнашамиз. Яқинда ходимларимиз оилавий мусобақада иштирок этди. Мини-футбол жамоамиз тармоқ спартакиадасида учинчи ўринни қўлга киритди. Ташкилотимиз эса «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловида тармоқда фахрли иккинчи ўринга лойиқ топилди. Байрамларда касаба уюшма совғаларини топшириш йўлга қўйилганини айтмайсизми!
Халқимизда бир ҳикмат бор: «Яхшига ёндошсанг, етасан муродга…». Касаба уюшмаларининг барча ҳаракатлари яхшиликка, инсонга наф келтиришга, кишилар дилини хушнуд этмоққа йўналганлигини юқоридаги фикрлар ҳам тасдиқлаб турибди.
– Нодавлат корхона ва ташкилотларни касаба уюшма хизматига жалб этиш мақсадида йирик нодавлат корхона ва ташкилотлар раҳбарларига касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғиб этувчи хатлар ва буклетлар тақдим этиб бориляпти, – дейди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши раиси Азамат Нурматов. – Бироқ баъзи амалдорлар мурожаат ва таклифларимизга эътиборсизлик билан муносабатда бўлиб, ходимларини касаба уюшмалари имтиёзларидан бебаҳра қилишмоқда. Жумладан, «Sultan Texs Group» МЧЖ, Қарши «Leather» қўшма корхонаси, «LT TEXTILE INTERNATIONAL», «Радиант Силк» Ўзбекис­тон-Хитой қўшма корхоналари раҳбарлари бир неча марта учрашиб, хатлар тақдим этилган бўлишига қарамасдан, ишчи-ходимларини касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ишларини пайсалга солиб келаётир.
Раиснинг куйинганича бор. Ушбу яхши ишларни рад этиб, касаба уюшмаларининг «кўксидан итараётганлар» адашаётганини қачон тушуниб етишади?
Мақолага шу ерда нуқта қўйиш ҳам мумкин эди. Аммо бошқа бир тармоқ – Нефт, газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши томонидан Ғузор туманида қад кўтараётган «UzGTL» корхонасида ўтказилган йиғилиш касаба уюшмаси хизматини рад этаётган раҳбарларга яхшигина сабоқ ва намуна бўлишини ўйлаб, унинг тафсилотларига тўхталишни жоиз топдик.
Гап шундаки, «ENTER Engineering» компанияси томонидан мамлакатимиз бўйлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. «UzGTL» қурилаётган истиқболли қўшма корхоналардан бири.
Корхонада ўтган учрашувда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Собир Эгамбердиев меҳнаткашларга касаба уюшмасининг афзалликлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Қайд этилдики, сўнгги йилларда Республика кенгашига кўплаб қўшма корхоналар, йирик-йирик дирекциялар аъзоликка киришмоқда. Ходимлар сони 1000 нафардан зиёд «Эпсилон» хорижий компанияси, «Ўзатом» агентлиги, «Атом ЭС» қурилиш дирекцияси шулар жумласидандир.
Шу куни компания томонидан қурилаётган «UzGTL» заводида касаба уюшмаси ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Акмал Абдиев

Click to listen highlighted text!