Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

22.11.2018. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегиясида нуфузли халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласи устувор аҳамиятга эга. Бу борадаги кенг кўламли  саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари кучайиб бормоқда.

Ўзбек ва тожиклар азал-азалдан дўст ва қон-қариндош халқлардир. Маданияти, урф-одатлари яқин, битта динга эътиқод қилувчи бу халқларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Бу яқинлик бугун давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Икки давлат Президентларининг узоқни кўзлаб юритаётган одилона ва оқилона сиёсати натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида барча соҳаларда ўзаро яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Хусусан, жорий йилнинг август ойида Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасида Қўшма баёнот ва Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши билан бирга турли соҳаларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга оид муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик битими ҳам шулар жумласидандир.

Мазкур Ҳамкорлик битимини амалга ошириш юзасидан тасдиқланган қўшма чора-тадбирлар режасига мувофиқ тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, унга биноан жорий йилнинг 20-23 ноябрь кунлари Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг кенгайтирилган таркибдаги делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.

Дўстона ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлмиш мазкур ташрифдан кўзланган мақсад – Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил этиш каби масалаларда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда Тожикистон касаба уюшмалари вакилларини Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, бу орқали кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан таништиришдир.

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси 20 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги “Ойбек” чегара постида тантанали равишда кутиб олинди. Шундан сўнг делегация аъзолари “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖга ташриф буюриб, мазкур корхонада ходимлар учун яратилган ижтимоий ва маиший шароитлар, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланган Жамоа шартномасига мувофиқ меҳнаткашлар учун яратиб берилаётган имтиёз ва кафолотлар билан танишдилар. Айниқса, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ ишлаб чиқариш участкалари ва цехлари, ижтимоий объектлари фаолияти билан танишув жараёнида ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари қўшни давлат касаба уюшмалари вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ташриф доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, маданий ва оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил қилиш, ташкилотларнинг ташкилий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш масалаларида тажриба алмашиш» мавзусидаги халқаро семинарда  Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари билан бир қаторда Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳри ва вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари мутасаддилари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этдилар.

Халқаро анжуманда Тожикистон мустақил касаба уюшмаари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи илк бора амалга оширилаётгани, бу бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусига кўра қўшни давлатлар билан ўзаро дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг-қамровли саъй-ҳаракатлар самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.

Семинар давомида “Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг стратегияси ва тактикаси” мавзусида Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари мутасаддиларининг маърузалари тингланди. Бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида иккала томоннинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашилди. Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас эса Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ACTRAV) ишидаги устуворликлар тўғрисида сўзлади.

Халқаро семинар давомида меҳмонлар Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси фаолиятидаги инновацион ёндошувлар ҳамда “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти билан таништирилиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмалари, касаба уюшма ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари, Бекобод шаҳридаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакиллари билан органайзинг бўйича тажриба алмашилиб, иштирокчилар ўртасида мавзу юзасидан қизғин фикр алмашув ва мунозаралар бўлиб ўтди.

 

***                     ***                      ***

Ташрифнинг иккинчи куни Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари “Афросиёб” тезюрар поездида Бухоро шаҳрига йўл олдилар.

Делегация аъзолари дастлаб Бухоро вилояти касаба уюшмалари фаоллари билан учрашиб, давра суҳбатида иштирок этдилар. Тадбир давомида меҳмонлар вилоятда тармоқ ва ҳудудий келишувлар, меҳнат жамоаларида Жамоа шартномалари орқали турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш, бандликка кўмаклашиш, касбга қайта тайёрлаш, меҳнаткашларга моддий ва маънавий амалий ёрдамлар кўрсатиш, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш йўналишларида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида олиб борилаётган тизимли ишлар ва амалий натижалар билан танишдилар. Шунингдек, нодавлат сектори корхоналари ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш, бу орқали уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тажриба алмашилди.

Бухоро шаҳридаги тадбирлар доирасида Тожикистон касаба уюшмалари вакиллари учун тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар бўйлаб саёҳатлар ҳам ташкил этилди.

 

***                     ***                      ***

Ташрифнинг учинчи куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қодири Қосим раҳбарлигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувни ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан узоқни кўзлаб юритилаётган одилона ва оқилона сиёсат натижасида қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани, бунинг натижасида қатор қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг янги уфқлари очилганини ҳамда дўстона муносабатларда янги давр бошланганини алоҳида таъкидлади. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг стратегик шериклик, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида тобора мустаҳкамланиб ҳамда ривож топиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида эришилган улкан ижобий ўзгаришлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаётгани, йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган одамларнинг кайфияти ҳам ўзгаргани, бу давлатлараро муносабатлардаги энг катта ютуқлардан бири эканлиги эътироф этилди.

Тадбирда Ўзекистон Республикаси Президенти томонидан  қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат бугун Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш имконини бергани алоҳида эътироф этилди. Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳам таъкидланди. Шунингдек, жорий йил август ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Тожикистон Республикасида бўлиб, икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйишга келишиб олингани қайд этилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишлар билан таништирилди. Хусусан,  Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу мақсадда иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланаётган жамоа шартномаларининг ижтимоий таркиби кучайтириб борилаётгани қайд этилди. Натижада, бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат бўлган Жамоа шартномалари турли соҳа ходимлари манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда даромадларини ошириш манбаига айланиб бораётганига эътибор қаратилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур жараёнда Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар  Маҳкамаси,  Касаба  уюшмалари  Федерацияси, Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ўзбекистонда умумреспублика миқёсида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланган мазкур Бош келишув асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 100 га яқин тармоқ келишуви, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 171 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.

Энг муҳими бугун давр талабидан келиб чиққан ҳолда Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки бугунги кунда Жамоа шартномасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида белгиланган тадбирларни бажариш учун республика бўйича бир нафар ходимга сарфланган маблағ миқдори ўртача 2,9 млн. сўмни ташкил этмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига алоқадор бўлган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ходимлар меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, улар меҳнати ва саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказидадир.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида жамоа шартномалари орқали 173 минг нафардан ортиқ фуқаро ва 45,6 мингдан зиёд оилага қайриб 70 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилиши таъминланди. Жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 49 минг 564 нафар фарзанди учун қарийб 4,5 миллиард сўмлик ўқув қуроллари харид қилиш харажатлари қисман қопланди. 5 минг нафардан ортиқ ходимларнинг фарзандларига чет тилларни ўрганиши учун 466 млн. сўмлик моддий кўмак берилди. 2 минг 776 та нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 5 минг 500 нафардан ортиқ болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди. Ёш ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб қарийб 44 минг нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига 7 млрд. сўмликдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 минг 226 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга 7 млрд. сўмликдан зиёд ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди. 1863 та ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун қарийб 8 млрд. сўмлик фоизсиз cсудалар ажратилди. Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 8347 нафар ёш онага 2 млрд. 773 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Кўп йилдан бери меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассислар, пенсия ёшидаги ходимлар ва меҳнат фахрийлари ҳам жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 16 минг нафарга яқин пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш ишлари амалга оширилди. 15,5 минг нафардан ортиқ ходим юбилей саналари муносабати билан муносиб рағбатлантирилди. 69 минг нафардан зиёд  ишламайдиган пенсионер, яъни корхоналарнинг собиқ ходимларига моддий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўз фаолиятида ҳорижий, энг аввало қўшни давлатлар касаба уюшма марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам таъкидланди. Хусусан, 2017-2018 йиллар давомида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси, Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ва Келишувлар имзоланди. Мазкур учрашув ҳам Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик битимининг амалий натижаси эканлиги ва дўст Тожикистон касаба уюшмалари вакилларининг мазкур ташрифи самарали ҳамкорлик йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлгани таъкидланди.

Учрашув давомида Тожикистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қодири Қосим сўз олиб, икки мамлакат Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати натижасида бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида барча соҳаларда ўзаро яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланганини алоҳида мамнуният билан эътироф этди. Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туришини таъкидлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз тарихида янги зарҳал саҳифа очиб, Тожикистон – Ўзбекистон муносабатларини қайта тиклагани, барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга кучли туртки берганини алоҳида таъкидлади. Айни унда Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган самарали ташқи сиёсат ҳамда барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ошиб бораётганини эътироф этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсат, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар томонидан эътироф этилаётганига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда давлат органлари, касаба уюшма­лари, Савдо-саноат палатаси ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро ҳамжиҳатлиги ва шериклигининг тобора ривожланиб бораётгани таъкидлади.

Учрашув иштирокчилари бугун нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида янги тамойиллар кучга киргани, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун қулай имкониятлар очилганини эътироф этиб ўтдилар. Бугун мамлакат Президенти ташаббуси билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар миқёси жиҳатидан бетакрорлиги билан аҳамиятли эканлигини,  мазкур ислоҳотлар ҳар бир инсонга, унинг кундалик эҳтиёжларини ҳал этишга йўналтирилганлиги, энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилаётгани, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар рўй бераётгани боис дунё ҳамжамияти эътиборини тортаётгани ва эътирофига сазовор бўлаётганини таъкидладилар.

Учрашув давомида Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тожикистон савдо, истеъмолчилар кооперацияси ва хусусий ташкилотлар ходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашув бўйича Меморандум, Ўзбекистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Тожикистон авиаходимлари касаба уюшмаси Республика қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича Келишув, Сўғд вилояти касаба уюшмалари Федерацияси ва Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Касаба сайр» шуъба корхонаси ва Тожикистон касаба уюшмалари экскурсия ва саёҳат ташкилоти ўртасида ўзаро алоқа ва ҳамкорлик тўғрисида Меморандум, Тожикистон кимё, нефть соҳаси ва маҳаллий саноат ходимлари касаба уюшмаси ва Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар учун Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳат уюштирилди.

Таъкидлаш зарурки, Тожикистон мустақал касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Ўзбекисон Республикасига мазкур ташрифи ҳамда унинг доирасида ташкил этилган тадбирлар икки мамлакат касаба уюшма марказлари ўртасида дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!