Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

05.09.2017. 2017 йилнинг 5 сентябрь куни Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ташқи сиёсат соҳасида ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликни кучайтириш бўйича белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Россия ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлиги ва унинг истиқболларини муҳокама этишдир.

Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси (РМКУФ) 1990 йилда ташкил топган бўлиб, Россия меҳнаткашларининг энг йирик бирлашмаси ҳисобланади ва 122 аъзо ташкилотни, шу жумладан, 42 умумроссия, ҳудудлараро касаба уюшмалари ҳамда 80 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларини бирлаштиради. 5 та умумроссия касаба уюшмалари Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси билан келишувлар асосида ҳамкорлик қилади. Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси бирлаштирувчи касаба уюшмаларида 20 миллиондан ортиқ аъзо мавжуд бўлиб, улар Россиядаги барча касаба уюшма аъзоларининг 95 фоизга яқинини ташкил этади. 

Россия мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг 2015 йилдаги  IX қурултойида қабул қилинган “Муносиб меҳнат – инсон фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти асоси” Дастури Федерациянинг истиқболдаги вазифаларини белгилаб берган. Булар – бандлик ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, давлат ижтимоий кафолотларига риоя этиш, шахснинг баркамол ривожланиши учун шароитлар яратишдир.

Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий меҳнат соҳаси, меҳнаткашлар ва касаба уюшмалари ҳуқуқларига риоя этиш масалаларига тааллуқли бўлган қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда экспертлик даражасида иштирок этади. РМКУФ ўзининг стратегик йўлини ижтимоий шериклик механизмини тўлақонли амалга ошириш билан боғлайди. Унинг асосини корхоналарда жамоа шартномаларини, шунингдек, учтомонлама тармоқ ва ҳудудий келишувларни тузиш тамойили ташкил этади. РМКУФ таркибига кирувчи касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотлари фаолият олиб бораётган деярли барча корхоналарда жамоа шартномалари тузилган.

РМКУФ касаба уюшма таълимининг ривожланган тизимига эга бўлиб, унинг таркибига    2 та олий ўқув муассасаси – Москвадаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ҳамда Санкт-Петербургдаги Касаба уюшмалари Санкт Петербург гуманитар университети киради. Шунингдек, бугунги кунда Россиянинг ўнлаб ҳудудларида уларнинг филиаллари тармоғи фаолият кўрсатмоқда.

Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан фаол ҳамкорлик қилади ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг энг йирик аъзо ташкилоти ҳисобланади. 

Ташриф давомида делегация аъзолари мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, республика касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари билан таништирилди. Келгусидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мустақил мамлакатлар касаба уюшмалари билан, шу жумладан Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

РМКУФ ҳорижий касаба уюшма марказлари билан фаол ҳамкорлик қилиш билан бирга, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари касаба уюшмалари билан ўзаро муносабатларга катта эътибор қаратади. Шу билан бирга ўзи ҳамкорлик қилаётган давлатлар менталитетини ҳисобга олган ҳолда, касаба уюшмаларининг ички ишларига аралашмаслик сиёсатини юритади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан РМКУФ таклифига кўра ижтимоий шериклик, меҳнат миграцияси, бандлик масалаларига бағишланган қурултойлар, халқаро семинарларда иштирок этиш учун делегациялар юборилган. Ўз навбатида Россия касаба уюшмалари вакиллари ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган халқаро ва республика конференциялари ҳамда семинарларида иштирок этиб, икки давлат касаба уюшмалари фаолари тажриба алмашиш имконига эга бўлганлар. Бундан ташқари РМКУФ таклифига биноан мамлакатимиз касаба уюшмаларининг 40 нафардан ортиқ фаоллари Москвадаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари бўйича ташкил этилган ўқувларда иштирок этдилар. Шу ўринда Ўзбекистон ва Россия тармоқ касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хусусан, Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари, Авиаходимлар, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгашлари турдош касаба уюшма ташкилотлари билан тармоқ ходимларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси, меҳнат муҳофазаси бўйича тажриба алмашуви ишларини йўлга қўйганлар.

Ташриф доирасида делегациянинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Қўчкоров билан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида касаба уюшма фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Касаба уюшма фаоллари билан учрашув аввалида делегация аъзолари Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйдилар.

Учрашув давомида асосий эътибор фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалаларига қаратилди. Хусусан, тадбирда фуқароларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун Ўзбекистонда барча шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг, энг аввало давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари, касаба уюшмаларининг муҳим ўринга эга эканлиги қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги – оилалар фаровонлиги ҳамда улар даромадларини ошириш  асосидир. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келади.

Учрашув давомида Ўзбекистонда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда ижтимоий шерикликнинг тобора ривожланиб бораётгани натижасида аҳоли ҳаёти сифати ва турмуш даражасини ошириш, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларни муваффақиятли ҳал этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлаш имкониятини кенгайтираётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги ишларга ўз сафларида 6 миллиондан ортиқ аъзоларни бирлаштирган мамлакат касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани диққатга сазовордир.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017-2019 йиллар учун имзоланган Бош келишув, унинг асосида 95 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, корхона ва ташкилотларда эса 158 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Мазкур локал ҳужжатларда турли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар манфаатлари акс этган. Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан нафақат касаба уюшма аъзоларига, балки республика аҳолисига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида Юридик клиника, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида эса унинг ҳудудий филиаллари иш олиб бормоқда. Юридик клиника фаолияти орқали аҳоли билан қайта алоқа механизми йўлга қўйилган бўлиб, республиканинг барча ҳудудларидан тўғридан тўғри ва бепул мурожаат қилиш имконияти яратилган.

Учрашув давомида мамлакатимизда давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот,  Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига нисбатан масъулиятли ва пухта ёндошуви, касаба уюшмалари фаолияти учун яратилган шароитлар юқори баҳоланди.

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштироки, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли билан қайта алоқани йўлга қўйиш йўналишларидаги фаолияти алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги тўла таъминланаётгани, Халқаро Меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенцияси ратификация қилингани, меҳнат жамоаларида жамоа шартномаларининг амал қилаётгани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи касаба уюшма ҳаракатлари билан халқаро ҳамкорлиги ривожланаётгани юқори баҳоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда кичик бизнесни, хусусий, айниқса оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилингани ва амалга оширилиши таъминланаётгани аҳоли бандлигини таъминлаш учун улкан имкониятлар яратаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мамлакатда касаначи ходимлар ва шахсий томорқа хўжаликларида банд бўлган инсонлар учун меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимларини касаба уюшма аъзолигига жалб этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар қувонарли ва алоҳида таҳсинга лойиқ эканлиги қайд этилди.

Фаоллар билан учрашув доирасидаги очиқ ва конструктив мулоқотлар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Хусусан, учрашув давомида Тошкентда Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси филиалини ташкил этиш, Ўзбекистон касаба уюшма фаоллари учун Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида хафталик ўқув курсларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилди.

Иқтисодиётнинг глобаллашуви шароитида Россия ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги иккитомонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда ҳамда РМКУФ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.

 Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!