Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовнинг VIII қурултойдаги маърузаси

12.11.2020. Ҳурматли делегатлар ва меҳмонлар!
Aзиз дўстлар!
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ҳаётида унутилмас ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий кун бўлди десам, айнан ҳақиқатни айтган бўламан.
Бугун Мустақил давлатимиз тарихида илк бор Республика Президенти касаба уюшмалари қурултойи қатнашчиларига ўз табригини йўллади.
Ҳозиргина ҳаммамиз катта мамнуният, кўтаринки руҳ ва зўр қизиқиш билан тинг­лаган, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович ­Мирзиёевнинг самимий ва илиқ, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини Ватан равнақи ва Юрт тараққиёти учун сафарбарликка ундовчи дил сўзлари барчамизнинг қалбимизда абадий муҳрланиб қолади.
Бизнинг тарихий қурултой ўтаётган куннинг «Касаба уюшмалари куни» этиб таклиф этилиши эса беш ярим миллиондан ортиқ касаба уюшмаси аъзоларининг ҳар бири учун унутилмас совға бўлди, десам ҳеч ҳам муболаға қилмаган бўламан.
Қадрли қурултой иштирокчилари!
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ҳар бир аъзоси муҳтарам Шавкат Миромоновичга Ватан истиқболи йўлидаги сабот ва матонат билан олиб бораётган тарихий ислоҳотлари ҳамда улуғвор ишларида ҳамиша елкадош, камарбаста бўлиб қолишини катта ифтихор, чуқур ҳурмат ва улкан масъулият билан эълон қилишимга ижозат бергайсизлар.

Азиз юртдошлар!
Қурултойимиз ўтаётган ҳозирги даврнинг хусусиятлари қандай?
Биринчидан, илк бор қурултойимиз сайё­рамизда аввал кузатилмаган глобал фалокат – пандемия туфайли кўплаб давлатларда ижтимоий-иқтисодий танглик кузатилаётган таҳликали бир даврда ўтмоқда.
Юз миллионлаб инсонларнинг ижтимоий фаровонлиги, мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ривожи хавф остида қолмоқда. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди.
Иккинчидан, коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Президентимиз томонидан ўз вақтида Ҳаракатлар миллий дастури ва қатъий қарорлар қабул қилиниб, аниқ чоралар кўриб борилиши нафақат пандемия даврида, балки кейинги истиқболда ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга, энг асосийси – одамлар соғлиги ва тинч ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда фаровонлиги ошишига хизмат қилади.
Учинчидан, 2020 йил – пандемия даврида касаба уюшмалари Федерацияси барча ватандошлар, ишчи-хизматчилар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга «Бизнинг кучимиз бирдамликда, биз ғалаба қозонамиз!» деган Мурожаат билан чиққан юртимиздаги ягона жамоат бирлашмаси бўлди.
Тўртинчидан, касаба уюшмалари мамлакатимиздаги 5 миллион 500 мингдан ортиқ ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни олиб борди, 50 минг­­га яқин кам таъминланган ­оилани аниқлаб, уларга амалий манзилли ёрдамлар кўрсатди.
Бешинчидан, қурултойимиз жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даврига шаҳдам ва дадил қадам қўяётган, «Янги Ўзбекистон» деб эътироф этилаётган ғоят муҳим бир даврда ўтмоқда.
Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун халқимизнинг бунёдкорлик руҳи ва яратувчанлик кайфияти, ­дунёқараши ҳам кечаги кунгидан бутунлай фарқ қилади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар 2016 йил сентябридан – муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев Давлат раҳбари бўлган пайтдан бошланди.
Миллат Сардори ўз амалий фаолиятининг илк куниданоқ эълон қилган:
– Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун;
– Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак;
– Одамлар эртага эмас, балки бугун яхши яшашлари шарт;
– Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва ­қудратли бўлади каби тамойиллар давлат сиё­сати даражасига кўтарилди.
Энг асосийси – ўн минглаб оилалар узоқ кутилган уй-жойларга, ватанга эга бўлдилар, аҳоли жон бошига пул даромадлари 2016 йилга нисбатан салкам 5 миллион сўмга ўсди.
Олтинчидан, бир неча ўн йиллар давомида йиғилиб қолган сурункали муаммоларга ечим топиш мақсадида Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси иши йўлга қўйилди.
Мустақил давлатимиз тарихида илк бор Ҳукумат мавжуд камчилик ва муаммоларни очиқ тан олишга ва уларни бартараф этишга астойдил бел боғлади.
Биринчи марта, мамлакатда камбағаллик мавжудлиги, ташқи миграция билан боғлиқ муаммолар ҳамда тараққиётнинг кушандаси бўлмиш коррупциянинг ҳаққоний кўлами тан олинди.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш чоралари тизимли кўрилмоқда.
Еттинчидан, Президент ташаббуси билан бошланган давлат органлари фаолиятининг шаффофлик сиёсатига кенг йўл очилди.
Ҳар қандай даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан очиқ ва ўзаро мулоқотда бўлиши ва ўз фаолияти натижалари тўғрисида халққа ҳисобот бериши тизимли йўлга қўйилди.
Бугунги кунда мамлакатда ҳақиқий сўз, ­виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланди, бундан беш йил олдин буни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди!
Бир сўз билан айтганда, дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган Янги тизим – халқимизни бахтли қилиш тизими ўзини тўла оқламоқда.
Ҳурматли делегатлар!
Федерациямизнинг 2016-2020 йиллардаги фаолиятига оид тўлиқ ҳисоботи Сизларда мавжудлигини эътиборга олиб, ҳисобот даврида амалга оширилган ишларимизнинг асосий йўналиш­лари ва навбатдаги вазифаларимизга тўхталмоқчиман.
Ўтган даврда «ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН»НИНГ «ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ» шаклланди дейишга тўла ҳақлимиз.
Ҳисобот даврида мамлакатимиз ва дунё ҳамжамияти эътирофига лойиқ бир қатор амалий тадбирлар ўтказилди.
2017 йилда «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остида Ўзбекистон касаба уюшмалари Форуми;
2018 йилда Федерация ташаббуси билан «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: Ўзбекистоннинг халқаро амалиёти ва тажрибаси» мавзусида Халқаро конференцияси ташкил этилиб, унда «Тошкент резолюция­­си» қабул қилинди.
Сизларга тарқатилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари» фаолиятимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Қуйидаги йўналишларни Янги Ўзбекис­тон касаба уюшмалари фаолиятининг асосий устувор вазифалари этиб белгиладик.
БИРИНЧИ ЙЎНАЛИШ – касаба уюшмаларининг янги ҳуқуқий асослари жадал ривожланаётганидир.
2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. Бу ҳужжат Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан юксак эътироф этилди.
Федерациямизнинг фаол иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та Конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилинди.
Ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида Бош келишув имзоланди ва кучга кирди.
Илк бор Ҳукумат номидан Бош келишув Бош вазир томонидан имзолангани Федерациямиз фаолиятининг самарасини оширди.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, барча касаба уюшмалари аъзолари номидан Бош вазиримиз Абдулла Нигматовичга миннатдорчилик билдираман.
Ҳисобот даврида тузилган тармоқ шартномалари сони 95 тадан 107 тага ортди.
2016-2020 йилларда Федерация томонидан 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасига таклифлар берилди.
Жумладан, Касаба уюшмалари Федерация­сининг бевосита иштирокида:
биринчи, илк бор иш ҳақи учун минтақавий ва тармоқ коэффициентлари, шунингдек, иқлим ва яшаш шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаш учун ходимларга қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги тасдиқланди;
иккинчи, меҳнат қонунчилигидаги ўзгариш­лар туфайли ишга жойлашишда прописка, шунингдек, яқин қариндошларнинг судланганлиги тўғрисидаги маълумотларни талаб этишдек инсонни камситувчи қоидалар бекор қилинди;
учинчи, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди, педагоглар ва тиббиёт ходимлари, талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига, қолаверса, бошқа жамоат ишларига жалб қилишга барҳам берилди.
Шу билан бирга, биз тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг норма ижодкорлиги фаолиятида ташаббускорликни сезмаяпмиз.
Бу – очиқ ва аччиқ ҳақиқат.
Барча аъзо ташкилотларга икки ой муддатда мавжуд идоравий меъёрий ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишни тавсия этаман.
Норма ижодкорлиги борасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналиши ижтимоий-меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўлиб қолаверади.
Бугунги тарихий давр биздан «истеъмол савати» ва «яшаш минимуми» каби мезонларни қонунийлаштириш, «Ижтимоий суғурта тўғрисида»ги ва «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги Қонунларни ишлаб чиқишда ташаббускор бўлишни тақозо этаётир.
Биз Халқаро меҳнат ташкилотининг 7 та Конвенциясини ратификация қилиш юзасидан таклифларимизни илгари сурмоқдамиз.
Федерациянинг янги сайланган Ижроия қўмитаси ушбу норма ижодкорлиги бўйича ҳаракатларни кучайтиради, деб ишонаман.
Ҳурматли касаба уюшмалари етакчилари!
Янги касаба уюшмалари фаолиятининг иккинчи ЙЎНАЛИШИ – бу касаба уюшмаларининг мутлақо янги тизимли асослари яратилаётгани билан боғлиқдир.
Касаба уюшмалари фаолиятининг асосини унинг қуйи бўғинлари ташкил этади. Халқ тилида айтганда, «… пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, иморат шунчалик баланд ва бақувват бўлади».
Айнан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг меҳнатсеварлиги ва ҳалоллиги, талабчанлиги ва фидойилиги ташкилотимиз ютуқларининг асосидир.
Янги Қонун асосида 2002 йилда бекор қилинган касаба уюшма инспекцияларини қайта тиклашга эришдик. Эндиликда касаба уюшма инспекциялари жамоатчилик назоратининг самарали воситаси сифатида, ишчилар мурожаатларини ўрганиш ва тезкор кўриб чиқиш масаласига жиддий эътибор қаратиш­лари керак.
Биз учун устувор вазифалардан бири – ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари соғлиғини яхшилаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини шакллантириш масалалари ва янги ижтимоий объект­ларни қуриш, моддий-техника асосларини ­мустаҳкамлашдир.
Ҳисобот даврида янги 6 та – «Янгиер», «Кўҳинур», «Хўжаипок», «Чинобод плаза», «Ибн Сино», «Термиз Марвариди» санаторийлари қурилди, шунингдек 5 та санаторийда замонавий қўшимча корпуслар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада, санаторийлардаги мавжуд ўринлар сони 1 минг 300 тага ортди ва қўшимча равишда ҳар йили 40 минг нафар фуқароларимизнинг соғломлаштирилиши учун замин яратди.
2016-2020 йилларда Федерация тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида 600 мингдан зиёд фуқаролар соғломлаштирилди, улардан 44 фоизи имтиёзли йўлланмалар орқали соғлиғини тиклади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида «Оқ кема», Жиззах вилоятида «Зомин», Тошкент вилоятида «Aнор», Қашқадарё вилоятида «Зиё чашмалари» замонавий болалар оромгоҳлари қурилди ва мавжуд ўринлар сони мингтадан зиёдга оширилди.
Натижада, ҳар йили болалар оромгоҳларида 350 минг нафардан ортиқ бола дам олиши таъминланмоқда.
Шунингдек, ҳисобот даврида Тошкент вилоятининг энг сўлим оромгоҳларида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг экологик жиҳатдан оғир ҳудудларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 22 мингдан ортиқ болалари бепул соғломлаштирилди.
2018 йилда Федерация тизимида «Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси» ҳамда «Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби», шунингдек, унинг ҳудудий филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.
Наманганда замонавий «Океан» сув спорти саройи фойдаланишга топширилиб, унинг базасида сузиш бўйича «Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби» ташкил этилди.
Умуман олганда, тизимда янги ижтимоий объектлар қуриш, реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишларининг самараси фуқароларимиз ва болажонларимизнинг сифатли дам олишлари ҳамда уларнинг спорт билан шуғулланишлари билан бир қаторда, қўшимча равишда 3 мингдан ортиқ янги иш ўрнини яратиш имконини ҳам берди.
Жуда қисқа вақт ичида касаба уюшма спортчилари Жаҳон ва Осиё чемпионатларида 26 та олтин, 20 та кумуш ва 17 та бронза медалларини қўлга киритишди ва Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида қатнашиш учун 7 та лицензияга эга бўлишди.
Аммо, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш борасида олиб бораётган ишларимиз бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бера олмаяпти.
Бошқармамиз – касаба уюшма ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда «Ишлаб чиқариш гимнастикаси»ни йўлга қўйишни ўзининг устувор вазифаси этиб белгилаши зарур ва шарт.
Президентимизнинг яқинда қабул қилган «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси бўйича Федерациямиз томонидан ноябрь ойининг охирида аъзоларимиз ўртасида «4 босқичли», яъни бошланғич, туман, вилоят ва республика миқёсидаги «Кузги югуриш» Марафонини ўтказишни қарор қилдик.
Федерациямиз томонидан аҳолининг, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтириш, улар билан яқиндан мулоқот ўрнатиш, халқ ичига кириб бориш, уларнинг дарду ­ҳасратларини, муаммоларини тинглаш ва тегишли ечимини топиш борасида кенг кўламли фаолият йўлга қўйилди.
Ҳозиргина ҳаммамиз диққат билан эшитган давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат ­Миромонович Мирзиёевнинг қурултойимиз иштирокчиларига йўллаган табригида мазкур йўналишдаги ишларимизга катта баҳо бериб ўтилди.
Аммо, бу йўналишдаги ишларимиз бугунги кун талабларига тўла жавоб беради, дея олмаймиз.
1211 қисқа рақамли ишонч телефонига келиб тушган мурожаатларнинг жойлардаги ижроси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ўрганилиб чиқилганда, вилоятлар ҳокимликлари томонидан тизимли камчиликлар ва қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Масалан, ҳокимликларга ижро учун йўлланган 30 мингдан ортиқ мурожаатларнинг салкам 3 мингтаси белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган, 500 тадан ортиғи қонунда белгиланган бир ойлик муддатда кўриб чиқилмаган, 82 тасига умуман жавоб хати берилмаган.
Ушбу йўналишдаги ишларимизни ҳозирги кун талабига мослаштириш учун қуйи­даги асосий вазифаларни белгилаб олдик.
Биринчиси – касаба уюшмаларининг халқ билан мулоқотини янада кучайтириш ва бу борада Федерациямизнинг ижобий имижини мустаҳкамлаш.
Иккинчиси – касаба уюшмалари аъзолари билан интерактив мулоқот учун «kasaba.uz» мобиль иловасини ишлаб чиқиб, амалиётга ­татбиқ этиш.
Учинчиси – «Электрон касаба уюшмалари»ни ривожлантириш доирасида шаффоф­ликни таъминлаш ва аҳолининг санаторийларда саломатлигини яхшилаш учун уларга қулайликлар яратиш мақсадида «Онлайн йўлланма» дастурини жорий этиш.
Тўртинчиси – аъзоларимизни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш ҳамда кам сонли касаба уюшма ташкилотларига ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган «Бирдамлик жамғармаси»нинг моддий базасини янада мустаҳкамлаш.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Янги касаба уюшмалари фаолиятининг учинчи ЙЎНАЛИШИ – касаба уюшмаларининг замонавий янги авлод кадрларини тайёрлашдир.
Бу борада ҳозиргина Президентимиз томонидан таклиф этилган «Касаба уюшмалари Академияси»ни, яъни олий нодавлат таълим муассасасини қисқа муддатда ташкил этамиз. Академия касаба уюшма ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги кенг қамровли фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилади, албатта.
Ўз навбатида ушбу муассаса – чет тилларини мукаммал биладиган, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам иқтисодчи, ҳам молиячи ва меҳнат муҳофазаси мутахассиси бўла оладиган, янгича фикрлайдиган касаба уюшмаси кадрларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг ушбу соҳага шахсан ғамхўрлиги беқиёс аҳамиятга эга.
Бу юксак эътибор ҳар бир касаба уюшмаси аъзосида Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига қатъий ишонч уйғотади.
Ҳисобот даврида тизимимиздаги «Аёллар Кенгаши» ва «Ёшлар бирлашмаси»нинг фаоллиги оширилди.
Жумладан, Федерациянинг ёшлар бирлашмаси ташаббуси билан «ТЕМП-2019» Тошкент халқаро касаба уюшмалари ёшлари Форуми бўлиб ўтди. Форумда дунёнинг 20 мамлакатидан 120 нафарга яқин ёшлар ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 100 дан ортиқ ёш фаоллари қатнаш­дилар.
Шу билан бирга, касаба уюшмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, янги ­аъзоларни қабул қилиш кўламини ошириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш борасида ҳам олдимизда ҳали ечимини кутаётган вазифалар турибди.
«Аъзолик билети» масаласини ҳал этиш мақсадида замон талаблари асосидаги «электрон билет»ни яратиш ва жорий этиш устида иш олиб бормоқдамиз.
Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 115 йиллик тарихи ва бугунги фаолияти бўйича «Касаба уюшмалари тарихи музейи»ни ташкил этдик, айни кунда Ҳужжатли фильм яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Кенг жамоатчилик ва аҳоли орасида касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари – тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолиши керак.
Ҳурматли қурултой иштирокчилари!
Янги касаба уюшмалари фаолиятининг тўртинчи ЙЎНАЛИШИ – бу ижтимоий ҳамкорлик ва жамоатчилик назорати борасидаги фаолиятининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганлигидир.
Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши ва касаба уюшма органларининг саъй-ҳаракатлари туфайли иш ҳақи бўйича муддати ўтган қарздорлик 6 мартадан ошиқроққа қисқартирилди ва бугунги кунда улар ­деярли бартараф қилинди.
Иш ҳақини тўлаш бўйича иш берувчилар, ҳокимликлар, меҳнат инспекцияси, прокуратура ва судларга 822 бор мурожаат қилинди, натижада ўз вақтида тўланмаган 111 миллиард сўмдан ошиқ иш ҳақининг тўланишига эришилди.
Судларга берилган даъволар сони 361 тадан 765 тага, иш берувчиларга тақдим этилган қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги аризалар сони 1 минг 980 тадан 2 минг 295 тагача, ҳуқуқлари тикланган ходимлар сони 5 минг 354 нафардан 13 минг 500 нафаргача ошди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик, қулай меҳнат шароитларини яратиш масаласи бўйича 16 мингга яқин бошланғич ташкилот фаолияти ўрганилиб, 61 мингдан зиёд камчилик аниқланди, иш берувчиларга салкам 10 мингта яқин тақдимнома киритилди, уларнинг 92 фоизида йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилди.
Ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 132 та даъво аризаси киритилди.
Шунга қарамасдан, касаба уюшмалари хизматидан фойдаланаётган ташкилотларда 997 та бахтсиз ҳодиса рўй берди ва шулардан 306 таси ўлим билан якун топган бахтсиз ҳодиса деб қайд этилди, оқибатда 1116 нафар ходим жабр кўрди.
Ишчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги муаммолар ҳали етарлича.
Авваламбор, мамлакатимиздаги барча ишловчиларнинг деярли ярми 2 миллион сўмдан кам иш ҳақи оладилар.
Шундай масъулиятсиз иш берувчилар ҳам борки, улар ишчиларнинг маошини энг кам иш ҳақининг 679 минг 330 сўмидан пастроқ қилиб белгилайдилар.
Ҳозирги шароитда бу ойлик билан оила боқишнинг иложи борми?
Юқоридагиларни эътиборга олиб, ­республика тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари 2021 йилнинг 1 январига қадар ижтимоий ва меҳнат масалалари бўйича доимий тармоқ комиссияларини шакллантириш, шунингдек, туманлар ва вилоятлар даражасида илгари бекор қилинган ҳудудий тармоқ келишувларини тузиш амалиётини қайта тиклаши зарур ва шарт деб ҳисоблайман.
2021 йили 1 сентябрда халқимиз мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлайди, шу муносабат билан бир таклиф киритмоқчиман.
«Мустақилликнинг ўттиз йиллигига – ўттизта янги иш ўрни»ни яратиш ташаббуси билан чиқсак, барчанинг кўнглидаги иш бўлар эди.
Бунда, ҳар бир тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгаши ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси 1 тадан янги корхона ташкил этиб, 30 нафар кам таъминланган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этиши керак.
Ҳурматли делегатлар!
Янги касаба уюшмалари фаолиятининг бешинчи ЙЎНАЛИШИ – бу фаол халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ушбу ташкилот Бош директори Гай Райдернинг 2018 йил декабрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон касаба уюшма фаоллари билан учрашуви ўтказилди.
Учрашув якунида Бош директор томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мамлакат ҳаётидаги ўрни юқори баҳоланди ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ижтимоий мулоқат соҳасида олиб бораётган ишларини Марказий Осиё давлатларидаги касаба уюшмалари марказлари фаолиятида тарғиб этиш тавсияси берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг кузатувчи мақомидаги аъзоси бўлди.
Федерациямизнинг стратегик мақсади –Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг тўлақонли аъзоси мақомига эришишдан иборат.
Шунингдек, ҳозирги даврда 8 та миллий касаба уюшма марказини ва 26 та халқаро касаба уюшмалари тармоқ бирлашмасини, жами 30 миллиондан ортиқ касаба уюшма ­аъзоларидан иборат 34 та аъзо ташкилоти бўлган касаба уюшмалари Умумконфедерациясидаги аъзолигимизни тикладик ва унинг коллегиал органларида Федерация вакилларининг бўлишига эришилди.
Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия Федерацияси, Тожикис­тон, Туркманистон, Туркия ҳамда Европа, Осиё ва Aфрикадаги бошқа давлатлар миллий касаба уюшма марказлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Уларнинг аксарияти билан учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама ўзаро манфаатли Келишувлар қабул қилинди.
Биз касаба уюшмалари Республика кенгашларидан ва ҳудудий бирлашмалардан Глобал касаба уюшмалари Федерациялари билан амалий алоқаларни ўрнатишини кутиб қоламиз.
Афсуски, қўшни давлатларнинг касаба уюшма марказлари билан ҳамкорликни фаоллаштирган бўлсак-да, ушбу ҳамкорликни ҳануз тизимли асосда йўлга қўя олмадик.
Президентимиз Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши айнан Марказий Осиё эканлигини кўрсатиб ўтганлар.
Шу боис, биз Марказий Осий давлатларидаги касаба уюшмалари марказлари билан биргаликда Марказий Осиё касаба уюшмаларининг «Маслаҳат кенгаши»ни тузиш масаласини кўриб чиқамиз ва ҳар йили учрашувлар ўтказишни олға сурамиз.
Давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75 – юбилей сессиясидаги ўта мазмунли ва ташаб­бускорона нутқида халқаро ва ички кун тартибида турган бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, қурултой делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаатномасини қабул қилишни таклиф қиламан.
Қадрли ҳамкасблар!
Ҳозирги кунда, фаолиятимизнинг олий мақсади – янгиланган демократик Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатда эркин ва фаровон ҳаёт қуриш ишларида фаол иштирок этиш ҳамда мамлакат Президентининг юртимиз тараққиёти йўлидаги барча эзгу ишларида камарбаста ва елкадош бўлиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши керак.
Ишончим комилки, Янги касаба уюшмалари, албатта, Янги Ўзбекистонни қуриш ишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.
Азиз юртдошлар!
Ватан равнақи, миллатимиз юксалиши йўлида бирлашайлик!
Бетакрор ва жонажон юртимизга, олижаноб ва меҳнаткаш халқимизга, элпарвар Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш – ҳар биримиз учун юксак шараф ва муқаддас бурч бўлсин!
Шу йўлда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, янги ютуқлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!