Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Оқтош” санаторийсида кам таъминланган оилалар вакиллари бепул соғломлаштирилмоқда

_dsc0264-2

30.03.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Оқ-тош” санаторийси Тошкент шахридан 65  км масофа узоқликда жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 1140 м. Баландликда, Ғарбий Тянь шан тоғи ва Қоржонтовнинг пастки қисмида жойлашган тоғ-иқлимий курорти ҳисобланади.

Санаторий ҳудуди кенг баргли ўрмонзорлар билан ўралган, ундан Оқтошсой ва Аюбсой тоғ дарёлари оқиб ўтади. Иқлими мўътадил-континентал, қиши юмшоқ, ёзи иссиқ, атрофи тоғ билан ўралган бўлиб, қаттиқ ва совуқ шамолдан иҳоталанган. Ҳудуди 8 гектар, кенг баргли ўрмонлар билан ўралган ҳамда ёнғоқ, бодом, олча, тоғолча, олма, писта, дўлана каби мевали дарахтлар, чинор, дуб, арча ва бошқа манзарали дарахтларга бурканган.

Мана бир неча йилдирки, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги мазкур санаторий ҳалқимиз саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Эътиборлики томони шундаки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давр талабидан келиб чиққан ҳолда “Оқ тош” санаторийсидаги ўринлар сонини кўпайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда санаторийда касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида жаҳон стандартлари даражасидаги барча қулайликларга эга бўлган янги ётоқ бинолари ва оилавий коттежлар,  улар атрофидаги соя-салқин жойларда суҳбатлашув айвончалари, дам олувчиларга ором бахш этувчи тебранувчи ўриндиқлар ўрнатилиб, меҳнаткашларни соғломлаштириш учун яратилган шарт-шароитлар сифати янада оширилди. Сиҳатгоҳда дам олувчиларнинг муолажалари самарадорлигини таъминлаш мақсадида санаторий ҳудудида мусиқий фаввора ва бассейн барпо этилиб, ҳудуд ландшафтига янада кўрк берувчи ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Дам олувчилар бўш вақтининг сермазмун ўтиши учун ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатларини юқори савияда ўтказиш, бу орқали уларга Республикамизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини самарали етказиш мақсадида “Маданият саройи”, оналар ва болалар учун қулайликларни янада кенгайтириш мақсадида болалар майдончаси ва спорт мажмуаси хизмат кўрсатмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида санаторийда табиий шифобахш омиллар самарасини янада оширилишига эришилди. Шу билан билан бирга мазкур санаторийга нафақат юртдошларимиз, балки ҳорижий давлатлар фуқароларининг ҳам қизиқишлари ортиб, чет эллик дам олувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу орқали Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимизда тиббий туризм ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, “Оқтош” санаторийсида дам олиб, даволанишга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг йил сайин ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан санаторийда янги бино ва иншоотлар қурилиши, капитал таъмирлаш, санаторийни жаҳон андозалари талаблари асосида жиҳозлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари двом этмоқда. Мана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, жорий йилда санаторийда 60 ўринли янги ётоқ ҳамда даволаш бинолари барпо этилиб, “Наврўз” байрами арафасида халқимизга муносиб туҳфа сифатида фойдаланишга топширилди. Натижада сиҳатгоҳнинг қабул қуввати 432 ўринга етди.

Янги барпо этилган бинонинг биринчи қаватида муолажа хоналари, иккинчи ва учинчи қаватларида ётоқ хоналари жойлашган. Даволаш ва ётоқ хоналарининг барчаси жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи тиббий асбоб-ускуналар, замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Санаторийда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада оширилиши билан бир қаторда, 12 та янги иш ўрни яратилиб, санаторий жойлашган ҳудуд аҳолиси иш билан таъминланди. Шунингдек, бугунгача санаторийда ҳар йили қарийб 10 минг нафар юртдошларимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари ўз саломатликларини мустаҳкамлаётган бўлсалар, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида дам олувчилар сони сезиларли даражада ортди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизим – «Обод қишлоқ» дастури бўйича амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур сиҳатгоҳда яна бир эзгу ва хайрли лойиҳага қўл урилди. Хусусан, Наврўз байрами арафасида “Оқтош” санаторийсида қурилиб, фойдаланишга топширилган янги замонавий дам олиш ва даволаниш биноларининг илк меҳмонлари сифатида Тошкент вилоятидаги кам таъминланган оилаларда истиқомат қилаётган 20 нафар фуқарога Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул йўлланмалар берилиб, мазкур сиҳатгоҳда уларни соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Уларнинг мароқли ва самарали дам олиб, даволаниши учун санаторийда барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, дам олувчилар аввало ташхис бўлимида ЭКГ, Спирометрия, УТТ, клиник ва биокимё лабораторияси, тор мутахассислар кўригидан ўтадилар. Шундан сўнг уларга мажмуавий даволаш муолажаларидан физиотерапия, лазеротерапия, ингаляция, тузли ғор, игнабаргли ва тузли сунъий ванналар, марваридли ванналар, парафин ва озокерит билан даволаш, уқалаш ва сув ости уқалаши, Шарко души, даволаш бадантарбияси, терренкур, парҳезли овқатланишни йўналишларида юқори сифатли хизматлар кўрсатилмоқда. Санаторийнинг асосий даволаш омилларидан бири бўлган кислородга бой, шифобахш эфир мойлари аралашган мусаффо тоғ хавоси, тоғ дарёларидан ҳосил бўладиган табиий гидроионланиш  жараёнлари нафас йўллари ва келиб чиқиши жиҳатидан сурункали обструктив ўпка касалликларини самарали даволаш имконини бермоқда.

“Оқтош” санаторийсида асосий даволаш омили шифобахш иқлим бўлгани боис даволаш муолажаларига терренкур, яъни эрта тонгда тоғ йўли бўйлаб пиёда кўтарилиш муолажаси ҳам киритилган бўлиб, бунда дам олувчилар 1500 метрли масофага эга бўлган тепаликка кўтариладилар. Бу усул даволанувчиларга ўзига хос ҳузур бахш этиб, тоғ чўққилари узра юз кўрсатаётган қуёшни қаршилаш, унинг нурларидан, шифобахш тоғ ҳавосидан баҳра олиш имконини беради. Шу билан бирга улар тепаликда қайноқ шифобахш эчки сутидан ичиб, табиатнинг бетакрор инъомидан баҳраманд бўладилар.

Шу билан бирга ушбу масканда дам олувчиларга даволашнинг ҳалқаро   стандартларига мос янги усуллари, хусусан, аромотерапия усули орқали даволаш, нафас олиш аъзолари касалликлари билан хасталанган болаларни соғломлаштиришда ёзги мавсумда очиқ сув ҳавзасида жисмоний машғулотлар билан даволаш усуллари  қўлланмоқда.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!