Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Тинчлик ва тараққиёт йўлидаги долзарб ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди

05.10.2017. 2017 йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил    18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамиятини янада чуқур ўрганиш, бу борадаги тарғиботни кучайтириш мақсадида “Тинчлик ва тараққиёт йўлидаги долзарб ташаббусларни қўллаб-қуватлаймиз” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев олиб борди.

Тадбирда таниқли фан ва санъат арбоблари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий бирлашмалар, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари мутасаддилари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур нуфузли анжумандаги нутқи чинакам тарихий воқеа бўлганлигини алоҳида таъкидлаш зарур, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиев. – Нутқни барчамиз зўр қизиқиш ҳамда ҳаяжон билан тинглар эканмиз, қалбимизда юксак фахр-ифтихор туйғуси жўш урди. Чунки, унда Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология масалалари билан бирга глобал муаммолар ечимини топиш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларнинг илгари сурилгани бутун дунё ҳамжамияти эътиборини тортди.

Дарҳақиқат, давра суҳбатида таъкидланганидек, Президентимизнинг тарихий нутқи мазмундорлиги ва аҳамияти билан алоҳида ажралиб тургани, қисқа бўлишига қарамай, нутқ замонамизнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олгани дунё ҳамжамиятининг эътиборига сазовор бўлди ҳамда унинг аҳамияти ҳорижий давлатлар раҳбарлари, дунё етакчилари, йирик сиёсатчилар, таниқли олимлар, кўзга кўринган халқаро экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

Давра суҳбати давомида сўз олган касаба уюшма фаоллари халқаро миқёсдаги  нуфузли анжуманда Ўзбекистон раҳбарининг катта шижоат ва жасорат билан БМТ минбаридан туриб билдирган теран фикр-мулоҳазалари, асримизнинг энг долзарб масалаларини ҳал этиш бўйича илгари сурган оламшумул таклиф ва тавсиялари том маънодаги жасорат намунаси бўлганини таъкидладилар. Хусусан, сўзга чиққан тармоқ, ҳудудий ва бошланғич касаба уюшма етакчилари, ёшлар мазкур тарихий нутқда аввало мамлакатимизни жадал ривожлантириш йўлида барча соҳаларда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлардан кўзланган мақсад “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойилни амалга ошириш, демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат эканлиги, бу борада Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга изчил жорий этилаётгани, мамлакатимизда 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилингани, барча ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, улар орқали фуқаролар муаммолари самарали ҳал этилаётгани баралла янграгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан олқишланганини юксак фахр билан таъкидлаб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбари нуфузли минбардан туриб сўзлаган нутқида ёшлар масаласи бутун дунёнинг диққат марказида бўлиши лозим бўлган масала эканлигини таъкидлагани, шу боис ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сургани, Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратаётгани, бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири бўлган Орол денгизи ҳалокатига алоҳида эътибор қаратгани халқаро ҳамжамият эътиборини тортганини тадбир иштирокчилари алоҳида эътироф этдилар. Нутқнинг яна бир аҳамиятли жиҳати – Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканлиги, Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозимлиги борасида илгари сурилган таклиф ва тавсиялар эканлиги таъкидланди.

Тадбирда эътироф этилганидек, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш – энг муҳим вазифа эканлиги, ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этиши, Имом Бухорий каби буюк алломаларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Ушбу воқелик, шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини яна бир бора оширди.

Давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимиз тарихида алоҳида ўрин тутувчи воқеа – Давлатимиз раҳбарининг Америка қўшма Штатларига ташрифи, нуфузли халқаро анжумандаги стратегик ва дастурий аҳамиятга эга бўлган нутқи ҳамда унда илгари сурилган ташаббус ва таклифлар, ташриф доирасида қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашувлар ва тадбирлар моҳияти тўғрисида батафсил фикр-мулоҳазалар алмашдилар. Касаба уюшма фаоллари муҳтарам Президентимизнинг тарихий нутқи мазмун-моҳиятини, унинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўта муҳим ўрнини Давра суҳбати давомида яна бир бора қалбдан чуқур ҳис этган ҳолда, унинг аҳамияти, Давра суҳбатида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни барча касаба уюшма аъзолари – турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар ва ёш мутахассисларга етказишларини таъкидладилар.

Тадбир сўнгида касаба уюшма фаоллари барча касаба уюшма аъзолари юртимизда улкан ислоҳотларни амалга ошириш йўлида бирлашишлари, Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамиятини корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат жамоаларида янада кенг тарғиб этишларини, нутқдан ўрин олган долзарб вазифалар ва илгари сурилган таклифларни тўла қўллаб-қувватлашлари ҳамда уларни амалга оширишда камарбаста эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!