Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” мавзуида тантанали тадбир ўтказилди

22.12.2018. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинган 2017 йил жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларга бой бўлди. Ушбу ислоҳотларнинг самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг 22 декабрь куни пойтахтимизда жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида ўтказилган “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги тантанали тадбирда мазкур йўналишлардаги тизимли ишлар ҳамда уларнинг натижалари алоҳида таъкидланди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган улкан ишлар давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётининг мутлақо янги босқичини бошлаб бергани эътироф этилди. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар, шунингдек, инсон манфаатларини таъминлашга ҳамда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган тизимли ишлар натижасида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб бормоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан  ҳам жорий йилда ёш касаба уюшма аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари, салоҳияти ва инновацион ишланмаларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ қатор танловлар ва лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, меҳнат соҳасида изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган катта илмий ходим-изланувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Илмий тадқиқотлар учун грант” онлайн танлови ҳамда стипендиялар танлови, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, академик лицейлар, умумтаълим мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” онлайн-танлови ўтказилди. Шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятини ташкил этишда фаоллик кўрсатаётган, илм-фан билан шуғулланиб, мамлакатимиз ривожига муносиб хисса қўшаётган  фаол ёшлар учун “Касаба уюшмаларининг илмий стипендияси” таъсис этилиб, иқтидорли ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган талаба ёшларни касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштириш бўйича “Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш лойиҳаси” амалга оширилмоқда.

“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги тантанали тадбирда мазкур танлов ва лойиҳалар ғолиби бўлган бир гуруҳ ёшлар муносиб тақдирланди. Жумладан,  Касаба уюшмалари Федерациясининг “Илмий тадқиқотлар учун грант” онлайн-танлови ғолиби бўлган 2 нафар илмий изланувчи ёшлар – Тошкент давлат юридик университети мустақил изланувчиси Динара Атажанова ҳамда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг Иқтисодиёт кафедраси катта ўқитувчиси Отабек Амановга  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир марталик махсус грант маблағлари топширилди.

Ҳудудий саралаш босқичида жами 1250 нафарга яқин ўқувчи ёшлар иштирок этган “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” онлайн-танловида ғолибликни қўлга киритган ёшлар – Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби-интернатининг 10-синф ўқувчиси Машҳура Очилова, Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси Раҳматулло Бекмуродов, Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги 49-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ниҳола Исломова, Жиззах вилоятининг Янгиобод туманидаги 16-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Машҳура Туратова махсус совғалар билан тақдирланди.

Шундан сўнг ёш касаба уюшма аъзоларини, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган талабаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиғини муҳофаза қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш лойиҳаси” доирасида республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан 1 нафардан, жами 14 нафар фаол йигит-қизлар ҳамда ёш мутахассисларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштириш учун йўлланмалар топширилди.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, мамлакат миқёсида зўр қизиқиш билан ўтказилган “Касаба уюшмаларининг илмий стипендияси” ва “Касаба уюшмалари стипендианти” лойиҳалари ҳам Қорақлпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари талабаларини қамраб олди. Касаба уюшмалари стипендиялари энг фаол ва инновацион ғояларга эга бўлган, илм-фан соҳасидаги янгиликларга интилувчан, ташаббускор ва иқтидорли ёшларга насиб этди. Ана шундай ёшлардан бир гуруҳи – турли ҳудудлардаги олий таълим муассасалари талабаларидан 14 нафари касаба уюшмалари томонидан таъсис этилган стипендияларни, 5 нафар талаба эса касаба уюшмаларининг илмий стипендияларини қўлга киритдилар. Тадбир доирасида ушбу стипендиялар, шунингдек, диплом ва статуэткалар ўз эгаларига топширилди.

Тадбирда жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг 20 та номинациясида ғолиб бўлган энг фаол ёш мутахассислар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Уларга Диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси бўлган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа ходимларини рағбатлантириш, бу орқали уларнинг профессионаллик даражаси ва меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Ўз касбининг моҳир эгалари” танлови ғолиблари ҳам тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлдилар. Жорий йилда ўтказилган мазкур танловда ғолибликни қўлга киритган 30 нафар ўз касбининг моҳир эгаларига Касаба уюшмалари Федерацияси дипломи ҳамда совғалар тақдим этилди. Шунингдек, “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш ишларини энг яхши ташкил этган корхона, муассаса, касаба уюшма ташкилоти ва мутахассислари”, “Касаба уюшмаларининг энг яхши спортчиси ва энг яхши мураббий” йўналишидаги номинантлар ҳам саҳнага таклиф этилиб, муносиб тақдирланди.

Маълумки, Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида бугунги кунда 17 та санаторий ва 2 та дам олиш уйи, Даволаш-профилактика Маркази фаолият кўрсатмоқда. Уларда ҳар йили меҳнаткашлар дам олиб, ўз саломатликларини тиклайдилар. Ушбу даволаш ва дам олдириш муассасалари йилдан-йилга кенгайиб, уларда юқори технологик асбоб ускуналар орқали қўйилаётган ташхислар ва даволаш усуллари, хизмат кўрсатиш сервиси жахон стандартларига жавоб берадиган  даражага  кўтарилган. Бунда албатта ушбу муассасаларда фаолият юритаётган инсонлар – шифокору ҳамширалар, ошпазлар ва бошқа ходимларнинг меҳнати таҳсинга сазовордир. Шу боис тантанали тадбир давомида “Йилнинг энг яхши санаторийси номинацияси ғолиби бўлган Наманган вилоятидаги “Чортоқ” санаторийси, “Йилнинг энг яхши шифокори” номинациясида ғолиб бўлган «Чинобод санаторийси» шифокори Холида Ачилова ҳамда Даволаш-профилактика марказининг даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари Азиз Маматов, “Санаторийда фаолият юритаётган энг яхши хамшира ” номинациясида “Ситораи Мохи Хоса” санаторийси ҳамшираси Машҳура Жумаева муносиб тақдирланди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги ташкилотларнинг энг яхши мутахассислари “Энг яхши қурувчи”, “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг яхши журналист” номинациялари бўйича ҳам рағбатлантирилдилар.

Алоҳида қайд этиш зарурки, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг равнақи йўлидаги ишларда муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган касаба уюшма фаолларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирлаш анъанага айланган. Жорий йилда ҳам касаба уюшмаларининг 30 нафар фаоллари мазкур нишон билан тақдирланишга муносиб деб топилди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мана шу нуфузли мукофотига лойиқ деб топилган номзодлар  “Эҳтиром нишони” билан мукофотланди.

Тантанали тадбир иштирокчилари учун Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри ижодкорлари томонидан тайёрланган спектакль намойиш этилди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!