Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ёш фаолларининг амалий семинари ва Федерация раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди

15.07.2017. 2017 йилнинг 14-15 июль кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ёш фаолларининг амалий семинари ҳамда Федерация раҳбарияти билан учрашуви ўтказилди.

Амалий семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг Ёшлар кенгашлари вакиллари, касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган ёш мутахассислар, бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг етакчи ёшлари, касаба уюшмаларининг ёш фаоллари ва аъзолари иштирок этдилар.

Мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқи ҳамда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифаларни касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги фаол ёшларга етказиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлашда барча даражадаги касаба уюшма органларини бирлаштириш ҳамда бу борада касаба уюшмалари олдида турган долзарб ва устувор вазифаларни белгилаб олишдир.

Амалий семинарнинг биринчи куни ташкил этилган 2 та секция йиғилиши Ўзбекистон касаба уюшмаларининг Ёшлар билан ишлаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Хусусан, секцияларга бўлинган анжуман иштирокчилари ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишда касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифаларни муҳокама қилдилар ва бу борада ўз таклиф ҳамда тавсияларини билдирдилар.

Жумладан, амалий семинарнинг 1-секцияси ишида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда Касаба уюшмалари тизимидаги ёшлар фаолиятига оид ташкилий-ҳуқуқий базани шакллантириш, 2-секция давомида Иқтидорли ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини мустаҳкамлаш ва битирувчи ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтириш борасида касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилди.

Ўта қизғин руҳда ўтган секция йиғилишлари жараёнида касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган ёш фаоллар ҳамда касаба уюшма аъзоларида бугунги кунда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайгани, янгича фикрлашлар замиридан давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатда олиб борилаётган изчил ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш иштиёқи ўрин олганлиги намоён бўлди. Секциялар ишида иштирок этган касаба уюшмаларининг ёш фаоллари муҳокама этилган ҳар бир устувор йўналишни амалга ошириш бўйича касаба уюшмалари олдида турган аниқ вазифаларни муҳокама қилиш билан бирга уларни амалга ошириш механизмлари борасида ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, ёш фаоллар томонидан барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида ёшлар билан очиқ мулоқот тизимини жорий этиш, шу мақсадда касаба уюшма мутасаддилари иштирокида тегишли соҳа ва ҳудудлар бўйича ҳар ойда камида бир маротаба «Ёшлар билан очиқ мулоқот куни»ни ўтказиш тизимини йўлга қўйиш борасида фикр ва мулоҳазалар алмашинилди. Ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш мақсадида Ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи “Касаба иш” Марказини ташкил этиш таклифи ҳам ўртага ташланди. Шунингдек, секциялар иши давомида меҳнат соҳасида илм-фан билан шуғулланаётган ҳамда касаба уюшмалари фаолиятида иштирок этаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Касаба уюшмалари стипендиати” унвонини жорий этиш, ёшлар, айниқса, таълим муассасалари битирувчилари учун яратилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш, битирувчиларнинг ўз иш жойларида қўнимлилигини мониторинг қилиш ишларини кучайтириш ҳамда зарур ҳолларда иш берувчилар ва ҳокимиятларга тақдимномалар киритиш амалиётини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

Касаба уюшма фаоллари секциялар иши давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ёшларни касаба уюшма аъзолигига жалб этиш ишларини кучайтириш, бу орқали уларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида белгиланган имтиёз ва қулайликлардан фойдаланишлари ҳамда ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ишларини изчиллик билан амалга ошириш борасидаги муҳим вазифаларни ҳам муҳокама этдилар. Ёшларни, кичик бизнесга жалб қилиш, уларга бизнес юритиш асосларини ўргатиш, оилавий ва ёшлар бизнесини ривожлантириш борасида касаба уюшмалари Юридик клиникаси ҳамда “Ишонч телефонлари” орқали уларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бориш, таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиш имкониятлари борасидаги билим ва хабардорлигини ошириш мақсадида жойларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда семинар-тренинглар ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш хусусидаги фикр ва мулоҳазаларини ўртага ташладилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан ўқувчи-талабалар ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшларда мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтириш мақсадида меҳнат жамоаларида ўтказилаётган “Маънавият соат”ларига диний экстремизм, терроризмга қарши курашиш борасидаги тизимли ишларга оид мавзуларни киритиш орқали турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёшларнинг ёт оқимлар таъсирига тушиб қолмасликларига кўмаклашиш касаба уюшмаларининг бош мақсадларидан бири эканлиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшма аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида касаба уюшмалари тизимидаги Юридик хизматлар мутахассисларининг корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ҳамда таълим муассасаларида билим олаётган ёшлар билан бевосита мулоқот ўтказиш тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Секцияларда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда келгусида амалга ошириладиган вазифалар бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Амалий семинар иштирокчилари тадбир доирасида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” Акциядорлик жамиятида ёш ходимларга яратилган шарт-шароитлар, комбинат касаба уюшма Кенгаши ва унинг қошидаги Ёшлар кенгаши фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Шунингдек, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг Қалмоққир кони ҳамда Марказий таъмирлаш механика заводида бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатаётган ёшларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, корхонада тузилган жамоа шартномаси орқали ёш мутахассисларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар билан яқиндан танишиб, тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.

*** 

Амалий семинарнинг иккинчи кунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ёш фаолларининг Федерация раҳбарияти билан учрашув ва мулоқоти ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгаши мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди ва Давлатимиз раҳбарининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, аҳамияти, унда белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталди ҳамда ушбу вазифаларни Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Давлатимиз раҳбарининг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқи ҳамда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида маъруза қилди. Маърузада бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан барча соҳаларни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнлари янги босқичда жадал олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Давр талабидан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилаётгани қайд этилди. Мазкур жараёнларда энг аввало инсон манфаатларини

таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, айниқса, ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллаши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш масалалари устувор вазифалардан эканлиги қайд этилди.

Шу маънода Президентимизнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиққан ҳолда, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ҳамда таълим муассасаларида билим олаётган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда. Бу жараёнда касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари қошида иш олиб бораётган Ёшлар кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг меҳнат жамоаларига янада чуқурроқ кириб бориши, бу орқали турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувга, унинг асосида тузилган тармоқ ва ҳудудий келишувларга ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган янги бўлим ва бандлар киритилди. Мазкур бўлимдан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ёш ходим ва мутахассисларга имтиёзлар кўламини кенгайтириш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, битирувчиларнинг ишга жойлаштирилишини ва иш жойларида қўнимлилигини алоҳида назоратга олиш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенцияларига риоя этилишини таъминлаш каби меъёрлар киритилгани аҳамиятлидир. Айни кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари орқали жисмоний имконияти чекланган талаба-ўқувчилар ҳамда ишловчи ёшларни моддий ва маънавий қўлаб қувватлаш, олий ўқув юртларида таълим олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабалар контракт пулларини қисман қоплаб бериш, битирувчилар бандлигини таъминлашда кўмаклашиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш каби аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномалари орқали ёш оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш ва уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар ажратилиб, ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган иқтидорли талабалар учун касаба уюшмаси стипендиялари жорий этилмоқда.

Анжуманда биринчи бўлиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасида Англашув Меморандуми имзоланди. Унда Давлатимиз раҳбарининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар белгилаб олинди.

Тадбир доирасида ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгаши мажлисида бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда Касаба уюшмалари Федерациясининг ёшлар билан ишлаш тузилмасини такомиллаштириш таклифи маъқулланиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар бирлашмаси ташкил этилди ҳамда унинг раиси сайланди. Ёшлар бирлашмаси раисига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси мақоми берилди. Худди шу тартибда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда Ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида Ёшлар бирлашмаси тузилиб, унинг раисига раҳбар маслаҳатчиси мақоми берилиши билдирилди.

Тадбир якунида касаба уюшмаларининг ёш фаоллари жондан азиз Ватанимиз Ўзбекистоннинг нурафшон келажаги, порлоқ истиқболи йўлида барча куч ва ғайратларини сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!