Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси: муаммоларга тез ва самарали ечим топилмоқда

07.11.2016. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, айни вақтда мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни ҳал этишда сансалорликларга йўл қўймаслик, бу борада уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси муаммоларнинг тез ва самарали ҳал этилишини таъминламоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси тизимига уланган бўлиб, мазкур тизим орқали келиб тушаётган ҳар бир мурожаатнинг тез ва сифатли бажарилиши бўйича шахсан биринчи раҳбарнинг масъуллиги белгиланган.

Бугунги кунгача Касаба уюшмалари Федерациясига Бош вазирнинг виртуал қабулхонасидан жами 68 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 31 таси шикоят, 34 таси ариза, 3 таси таклиф шаклидаги мурожаатлардир.

Келиб тушган мурожаатлар мазмунига кўра 37 та мурожаат ҳуқуқий ҳимояга оид бўлиб, уларда ишга тиклаш, меҳнат муносабатларини расмийлаштириш масалалари акс этган.

Ижтимоий-иқтисодий манфаатлар ҳимоясига оид 15 та мурожаатда иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш, иш ва дам олиш вақти билан боғлиқ масалалар кўтарилган.

Шунингдек, санаторий ва соғломлаштириш масалаларига оид 5 та, касаба уюшмаларининг ташкилий-ҳуқуқий фаолиятига оид 4 та, моддий ёрдам ажратишга оид 1 та ва ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид бошқа масалалар акс этган 4 та мурожаат келган.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 27 таси қаноатлантирилди, 32 тасига тушунтириш берилди, 1 та мурожаат муаллифнинг илтимосига кўра кўрмай қолдирилди. Ҳозирда иш юритувида 8 та мурожаат мавжуд.

Хусусан, Тошкент вилоятидан тиббиёт ходими А.С. (шахсий даҳлсизлик ҳуқуқидан келиб чиқиб, фуқаронинг исм-шарифи ва иш жойи ошкор этилмади) ўз мурожаатида иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинганлиги сабабли, уни ўз ишига тиклашда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган. Касаба уюшмалари мутахассислари масалани ўрганиб чиқиб, иш берувчининг ҳақиқатдан ҳам ноқонуний буйруқ қабул қилганлигини аниқладилар. Натижада иш берувчи буйруғи бекор қилиниб, ходим А.С. ўз ишига тикланди ва  унга мажбурий прогул учун ҳақ ундириб берилди.

Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқаро А.А. таълим тизимида ишловчи турмуш ўртоғи бола парваришлаш таътилидан қайтгач, аввалги ишига тиклана олмаётганлиги ҳақида мурожаат этган. Ўрганиш жараёнида шикоятда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топди ҳамда мурожаат муаллифининг турмуш ўртоғи иш билан таъминланди.

Қашқадарё вилоятида нефть-газ тизимида фаолият олиб борувчи фуқаро Е.М. иш берувчи уни розилигисиз иш ҳақи кам бўлган бошқа ишга ўтказганлиги тўғрисида шикоят билан мурожаат қилди. Касаба уюшмалари мутахассислари мурожаатни жойига чиқиб ўрганганда, ҳақиқатдан ходимни бошқа ишга ўтказиш тўғрисида унинг розилигисиз буйруқ чиқарилганлиги аниқланди. Иш берувчига ходимнинг манфаатларини кўзлаб киритилган тақдимномага асосан, ноқонуний буйруқ бекор қилинди ҳамда фуқаро аввалги лавозимига ўтказилди.

Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ мурожаатлар ҳам касаба уюшмалари аралашуви билан қаноатлантирилди. Хусусан, Хоразм вилоятида нефть-газ соҳасида ишловчи фуқаро М.М. фарзандининг тўйи муносабати билан иш берувчи ҳисобидан 10 млн. сўм ссуда олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Касаба уюшмалари мутахассислари жамоа шартномасининг тегишли бандига мувофиқ ходим М.Мга ойлик иш ҳақидан узиш шарти билан 10 млн. сўм ссуда олишга кўмак беришди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.У. бола парваришлаш таътилида бўлган вақтида иш берувчи мукофот пулларини бермаётганлиги ҳақида мурожаат йўллаган. Ўрганиш жараёнида корхона жамоа шартномасида бола парвришлаш таътилида бўлган ходимларга ҳам кўзда тутилган мукофотлар берилиши лозимлиги қайд этилганлиги аниқланиб, ходимга тўланмай қолган мукофот пуллари иш берувчидан ундириб берилди.

Print Friendly
Click to listen highlighted text!