Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

14.12.2018. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегиясида нуфузли халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласи устувор аҳамият касб этади. Бу борадаги кенг кўламли  саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари кучайиб бормоқда. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг юксак сиёсий иродаси, мамлакатимизнинг меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига содиқлиги ва жиддий ёндошуви натижасида энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муттасил ривожланиб бормоқда.

Икки томонлама самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида 2018 йилнинг 13-15 декабрь кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер бошчилигидаги нуфузли делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.  

Мазкур ташриф доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш, аҳолининг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, турмуш даражасини янада ошириш соҳасида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларни ҳаётга татбиқ этишда касаба уюшмаларининг иштироки ҳақида холис маълумотларни етказиш мақсадида жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдернинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан кенгайтирилган учрашуви ташкил этилди.

Унда Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари, республика касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар. Кенгайтирилган учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер бошчилигидаги мазкур нуфузли делегациянинг Ўзбекистонга илк бора ташриф буюриши эканлигини, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасидаги бундай амалий ҳамкорлик мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон ўзининг дунёга очиқлигини, нуфузли халқаро ташкилотлар билан самарали ва конструктив ҳамкорликка тайёр эканлигини яққол намоён қилганлиги натижаси эканлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий маърузаси Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мутлоқ янги босқичга олиб чиққани алоҳида эътироф этилди. 6 миллиондан зиёд аъзога эга бўлган энг йирик жамоат ташкилоти – Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятида ҳам меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича дунёда етакчи ташкилот бўлган Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқин ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Шу маънода Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин далили сифатида мамлакатимизда амал қилиб келаётган “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури”ни амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштирок этиб келаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг нуфузли халқаро ташкилот делегацияси вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот ҳамда унинг ижобий натижалари, шунингдек, мамлакатимизда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан батафсил таништирилди. Бунда асосий эътибор Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишларга қаратилди. Хусусан, тадбирда фуқароларнинг ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиши, улар фаоллигини ошириш учун мамлакатда барча шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг, энг аввало давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошираётган Нодавлат нотижорат ташкилотлари, айниқса, Касаба уюшмаларининг муҳим ўринга эга эканлиги қайд этилди. Охирги 2 йил давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан турли соҳаларда, айниқса, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги эътироф этилди. Бунда энг катта масъулият ижтимоий-меҳнат муносабатларининг асосий субъектлари – ходимлар, иш берувчилар ва давлат зиммасига тўғри келиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўз навбатида юқори мартабали меҳмон – Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори     Гай Райдер бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кучли сиёсий иродаси натижасида мамлакат халқаро ҳамжамиятга ўзининг очиқлигини, ратификация қилинган ХМТ конвенциялари доирасидаги мажбуриятларини бажаришга юксак даражада содиқлигини намойиш этганлигини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар бошқа давлатлар, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари учун муносиб намуна эканлигига урғу берди. Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиётининг илгарига интилган ҳолда барқарор ривожланиб бораётгани аҳоли ҳаёти сифати ва турмуши даражасини ошириш, ижтимоий-меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларни муваффақиятли ҳал этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали таъминлаш имкониятини яратаётгани алоҳида эътироф этилди. Мазкур йўналишлардаги ишларга мамлакат касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани диққатга сазовор эканлиги таъкидланди.

– Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига нисбатан масъулиятли ва пухта ёндошувни намойиш этмоқда, – дея таъкидлади хусусан, ХМТ Бош директори Гай Райдер. – Охирги йилларда Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг самарасини алоҳида таъкидлаш зарур. Шунингдек, уч томонлама ҳамкорлар – давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот, касаба уюшмалари фаолияти учун яратилган шароитлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишга муносибдир. Шу билан бирга аҳолининг муносиб, тўлиқ ва самарали бандлиги тамойилларини илгари суриш масалаларида Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарур эканлигини таъкидламоқчиман.

Учрашувда шунингдек, Гай Райдер ҳамда ХМТ делегацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштироки, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли билан қайта алоқа механизмларини йўлга қўйиш йўналишларидаги фаолиятини ижобий баҳоладилар. Мамлакатимизда касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги тўла таъминланаётгани, меҳнат жамоаларида жамоа шартномаларининг амал қилаётгани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи касаба уюшма ҳаракатлари билан халқаро ҳаморлиги тобора ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасида ҳам аниқ мақсадли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида Бош келишув имзоланиб, амал қилаётгани, мазкур муҳим ҳужжат ижроси юзасидан назоратни амалга ошириш учун учтомонлама комиссия фаолият олиб бораётгани қайд этилди. Ижтимоий шериклик ва мулоқотни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида муҳим аҳамиятга эга бўлган тармоқ келишувлари сони 2016 йилдаги 95 тадан 2018 йилда 105 тага ортгани, корхона, ташкилот ва муассасалардаги Жамоа шартномалари сони эса 171 мингтага етгани таъкидланди. Айни кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан меҳнат муҳофазаси масаласига эътибор кучайтирилиб, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш ишлари доимий диққат марказидан ўрин эгаллагани тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди. Шу мақсадда Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан барча ишлаб чиқариш тармоқлари ва ҳудудларда идоралараро ишчи гуруҳлари ташкил этилгани, иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди. Натижада, бугунгача жамоа-шартномавий механизмлар орқали иқтисодиётнинг нодавлат секторида меҳнат қилаётган 900 минг нафардан ортиқ ходимнинг иш ҳақи оширилишига эришилгани ҳам таъкидлаб ўтилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлиги ҳамда унинг истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Хусусан, очиқ ва конструктив мулоқотлар жараёнида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Жумладан, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси салоҳиятини ошириш бўйича лойиҳани қўллаб-қувватлаш, “яшил” иш ўринлари яратиш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишда техник ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Юридик клиника фаолиятини янада такомиллаштириш каби масалалар мунозаралар марказида бўлди.

Кенгайтирилган учрашув якунида Ўзбекистонда касаба уюшма фаолларининг халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш йўналишидаги салоҳиятини ошириш, мамлакат касаба уюшмаларининг халқаро касаба уюшмалари ҳаракати билан интеграциясини ривожлантириш борасида Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдернинг муносиб ҳиссаси эътиборга олиниб, у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Эхтиром нишони” билан тақдирланди.

Таъкидлаш зарурки, мазкур ташриф шубҳасиз, Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Маълумот ўрнида: Гай Райдер Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директорлигига 2012 йилнинг май ойида ХМТнинг Маъмурий кенгаши томонидан сайланган ва 2012 йилнинг      1 октябридан ўз лавозимига киришган. Лавозимга киришишда у мазкур ташкилотни муносиб меҳнат тамойилларини ҳаётга изчил татбиқ этувчи ва бу орқали барча қитъалардаги меҳнаткашлар ҳаётига ижобий таъсир ўтказишни кафолатловчи ҳал қилувчи кучга айлантириш мажбуриятини олган эди. Шу мақсадда у ислоҳотларнинг асосий жараёнларини ХМТ ваколати доирасидаги масалалар бўйича таъсир доирасини кучайтиришдан бошлади ҳамда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор ташаббусларни, шу жумладан, Меҳнат соҳаси истиқболига тааллуқли бўлган Юзйиллик ташаббусини илгари сурди.   

Гай Райдер Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори лавозимига 2016 йилнинг 7 ноябрида ХМТ Маъмурий кенгаши томонидан қайта сайланган ва унинг мазкур лавозимдаги иккинчи муддати 2017 йилнинг 1 октябридан бошланган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!