Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмалари – ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

20.09.2021. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегиясида нуфузли халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласи устувор аҳамиятга эга. Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари кучайиб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ҳорижий касаба уюшмалари марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш билан бирга, ўзаро тажриба алмашув масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.

Дўстона ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлмиш мазкур ташрифдан кўзланган мақсад – Қозоғистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил этиш каби масалаларда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш борасида келгусидаги йўналишларни белгилаб олишдир.

Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари ташриф давомида  мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, бу орқали кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан таништирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиковнинг Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбалды Даулеталин раҳбарлигидаги делегация вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари, хусусан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар, уларнинг аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётгани тўғрисида батафсил маълумот берди. Айниқса, Марказий Осиё минтақасида янги тамойилларнинг кучга киргани, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган қатор муаммолар ҳал этилиб, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ривожлангани ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш имкониятлари яратилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг тобора ривож топиб бораётгани, шунингдек, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.

Шундан сўнг Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишлари, мазкур йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва 6 миллионга яқин касаба уюшма аъзосини бирлаштирмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунининг қабул қилингани жуда катта воқелик бўлди. Мазкур қонун билан касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги ваколатлари кенгайгани, хусусан, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари тузилгани,   тадбиркорлик, хусусий мулк устуворлиги шароитида меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини самарали муҳофазалаш имконияти кенгайгани қайд этилди.

Республикамизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар  ўртасидаги конструктив ҳамкорлик натижасида  Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда эса – жамоа шартномаларини тузиш амалиёти йўлга қўйилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қайд этилганидек, Бош келишув меҳнат соҳасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликнинг энг муҳим ҳужжати ҳисобланади ва республикамизда ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаб беради.

Бош келишув асосида бугунги кунда мамлакатимизда тармоқ ва ҳудудий келишувлар, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари амал қилаётгани қайд этилди. Мазкур локал ҳужжатларнинг барчаси ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олган. Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик кўрсатмоқда. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг дастурий ҳужжатларига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя­лашга кўмаклашиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, жисмоний имконияти чекланган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, иш берувчилар билан ҳамкорлик қилиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Меҳмонларга шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 24 та санаторий, 1 та дам олиш маскани, 23 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи мавжудлиги, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида эканлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Юридик клиника ҳамда унинг тизимида йўлга қўйилган аҳоли билан Қайта алоқа механизми фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси ва Қайта алоқа механизми, тизимдаги санаторийлар фаолияти билан бевосита танишдилар.

Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси ташрифи давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Хусусан, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш, жамоатчилик назоратининг шакл ва услубларини ривожлантириш масалаларида икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш, тажриба алмашиш ва самарали ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида тўхталинди. Икки мамлакат касаба уюшмаларининг тармоқ ва ҳудудий кенгашлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатда олиб борилаётган бугунги ўзгаришлар Янги Ўзбекистоннинг янги ­тарихини бошлаб бергани, ижтимоий-­иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз ­бераётган улкан янгиланишлар Ўзбекистоннинг дунё ­ҳамжамияти билан том ­маънода интеграциялашувини таъминлаётганини эътироф этдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларнинг таҳсинга сазовор эканлиги меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Делегация аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари  фаолиятидаги илғор тажрибалардан ўрганилиши лозим бўлган жиҳатларнинг ҳам кўп эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, санатор-курорт муассасалари тизимини такомиллаштириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, туризм соҳасини ривожлантириш, халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳаларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тажрибасини ўрганиш истагида эканликларини билдирдилар.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳат уюштирилди.

Таъкидлаш зарурки, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи ҳамда унинг доирасида ташкил этилган тадбирлар икки мамлакат касаба уюшма марказлари ўртасида дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида муҳим аҳамиятга эгадир. 

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!