Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ўтказилган «Энг яхши ёш ишчи касб эгаси» республика танлови якунлари тўғрисида” мавзусидаги Матбуот анжумани

22.07.2016. Жорий йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан «Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ўтказилган «Энг яхши ёш ишчи касб эгаси» республика танлови якунлари тўғрисида” мавзусидаги матбуот конференцияси ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ ёшларни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш ва қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 1991 йил ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асосларни тўла шакллантирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли Қарори, ҳар йили қабул қилиб келинаётган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурлари мамлакатимиз ёшларининг ҳар томонлама манфаатларини  таъминлаш ишларини янада юқори босқичга олиб чиқди.

Натижада республикамизда замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан етишиб чиқаётган ҳар томонлама етук ва малакали мутахассислар жаҳон майдонида ҳам энг юқори марраларни эгалламоқдалар. Ўзбекистонда бошқа мамлакатларда учрамайдиган тажриба – ёшларнинг илм-фан, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари ва иш билан таъминланишлари учун яратиб берилган шарт-шароитлар ва имкониятларни ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Давлатимиз раҳбарининг деярли барча тадбирлар, йирик анжуманлардаги нутқларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар ҳақида фахр ва ғурур билан сўзлашлари ҳам мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

“Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” республика танлови

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан турли касб-ҳунарларни эгаллаб, ишчи касбларида меҳнат қилаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб илк маротаба “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танлови ўтказилиши йўлга қўйилди.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўзлари танлаган касб-ҳунар сирларини пухта ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан «Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш» лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилиб, мазкур лойиҳани бажариш учун жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат ижтимоий буюртмаси ажратилди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази иштирокида мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида республикада илк маротаба 3 босқичда «Энг яхши ёш ишчи касб эгаси» танлови ўтказилди.

Танловнинг ҳар бир босқичида иштирокчилар 7 та, яъни:

«Пайвандлаш ишлари (механик) техниги»;

«Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги»;

«Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси»;

«Умумқурилиш ишлари устаси»;

«Тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи»;

«Ошпаз»;

«Сартарошлик ва декоратив косметика устаси» номинациялари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Танлов иштирокчиларининг билим ва маҳорати 2 турда – назарий (соҳага доир тест саволлари) ҳамда амалий (касбий-амалий топшириқларни бажариш) синов шаклида ўтказилиб, ҳар бир номинация бўйича ғолиблар навбатдаги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Мазкур танловнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 13-18 июнь кунлари туман (шаҳар)лар миқёсида ўтказилиб, уларда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 2,5 минг нафарга яқин 25 ёшгача бўлган ёш ишчи мутахассислар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этдилар.

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида жорий йилнинг 30 июнь – 7 июль кунлари ташкил этилган иккинчи босқичида жами 461 нафар ёш ишчи касб эгалари қатнашдилар.

Жорий йилнинг 18-21 июль кунлари танловнинг якуний республика босқичи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилиб, унда ҳудудий босқич якунларига кўра, ғолиб бўлган 84 нафар ёшлар иштирок этдилар. Жумладан:

«Пайвандлаш ишлари (механик) техниги» номинацияси бўйича республика босқичи 18 июль куни Тошкент авиасозлик касб-ҳунар коллежида;

«Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги» номинацияси бўйича республика босқичи 19 июль куни Қибрай қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида;

«Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси» ҳамда «Умумқурилиш ишлари устаси» номинациялари бўйича республика босқичи 20 июль куни Тошкент қурилиш коммунал касб-ҳунар коллежида;

«Тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи» ҳамда «Сартарошлик ва декоратив косметика устаси» номинациялари бўйича республика босқичи 21 июль куни «Машҳура» ўқув марказида, «Ошпаз» номинациясининг республика босқичи эса «Шуҳрат» ресторанида ўтказилди.

Танловнинг якуний босқичида ҳар бир номинация бўйича иштирокчилар, аввало, меҳнат муҳофазаси қоидалари билан батафсил таништирилдилар. Сўнгра соҳага оид тест саволларига жавоб бердилар ва амалиётда ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Уларнинг билим савияси ва касбий тайёргарлиги малакали мутахассислардан иборат Ҳакамлар ҳайъати томонидан холис баҳоланди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра 1-, 2-, 3-ўринни қўлга киритган иштирокчилар махсус диплом ҳамда барча қатнашчилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Танлов ғолиблари жорий йилнинг 24 августида бўлиб ўтадиган «Ёш мутахассислар» IV Республика Форумида иштирок этадилар.

Ушбу танловни келгуси йилда янада оммалаштириш, иштирокчилар сафини кенгайтириш, номинациялар сонини ошириш ҳамда халқаро стандартлар асосида ўтказиш белгилаб олинди. Бундан кўзланган мақсад ушбу танловга ёш ишчи касб эгаларини янада кенгроқ жалб этиб, ўз касбининг моҳир эгаси бўлишига амалий кўмак бериш ҳамда ёшларнинг касбий камолотига ҳисса қўшаётган устозларини ҳам муносиб рағбатлантиришдир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!