Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш II-босқич” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар

16.10.2014. “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш II-босқич” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Жаҳон банки вакиллари Ёсир Муҳаммад Иброҳим ва Елена Люкич Андижон ва Фарғона вилоятларида бўлдилар. Ташриф давомида уларга Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) эксперти Харри Таллига ҳамроҳлик қилди.

 

Жаҳон банки вакиллари мазкур лойиҳада иштирок этаётган Шаҳрихон туманидаги “Дилназир савдо барака” масъулияти чекланган жамияти,  “Расул-Д” фермер хўжалиги, Қува туманидаги “Қува тумани машина трактор парки” ва “Қува анори” агрофирмасида бўлиб, Жаҳон банки томонидан ажратилган кредит йўналишларида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Шунингдек, улар “Дилназир савдо барака” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Назиржон Абдуллаев, “Расул-Д” фермер хўжалиги раҳбари Расул Давлатов, Ёзёвон туманидаги “Алижонов Мухаммадиёр файзи” фермер хўжалиги ишчилари билан ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари, меҳнат муҳофазаси бўйича олиб борилаётган ишлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ҳамда мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалаларида суҳбатлашдилар.

 

Меҳмонлар лойиҳада иштирок этаётган Улуғнор туманидаги “Андижон” сув истеъмолчилари уюшмаси, Ёзёвон туманидаги “Хонобод СИУ” ва “Қоратепа СИУ”  сув етказиб бериш иншоатларига ҳам ташриф буюриб, сув истеъмолчилари уюшмаси аъзолари билан суҳбатлар ўтказдилар. Шундан сўнг Жаҳон банки вакиллари Улуғнор туманидаги “Ўнгулдон”,  Шаҳрихон туманидаги “Шуҳрат”, Ёзёвон туманидаги “Алижонов Мухаммадиёр файзи” фермер хўжалилари пахта далаларида бўлдилар.

 

Барча учрашув ва суҳбатларр жараёнида жаҳон банки вакиллари теримчилар ва фермер хўжаликлари ўртасида ўрнатилган тартибда меҳнат шартномаси тузилганлиги, ишчи ходимлар учун зарур меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилиб, меҳнат муҳофазасининг талаб даражасида йўлга қўйилгани, кредит ҳисобидан олинган техникадан мақсадли ва самарали фойдаланилаётгани, иш ҳақи тўловларининг ўрнатилган тартибда ўз вақтида берилаётгани ҳамда мажбурий ва болалар меҳнати мавжуд эмаслигининг гувоҳи бўлдилар. Айниқса, Ёсир Муҳаммад Иброхим пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчилар ихтиёрий равишда қатнашаётганлигини, улар сифатли озиқ-овқат билан таъминланганлигини ва шартномаларга мувофиқ деярли ҳар 5 кунда иш ҳақи тўланаётганлигини алоҳида эътироф этиб ўтди.