Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Жамоа мамнун жойда ишда унум бўлади

70-3

15.08.2018. «Аму-Қашқадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги мелиоратив экспедицияда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ходимларнинг ижтимоий ҳимояси яхшиланишига хизмат қилаётир.

Ҳеч кимга сир эмаски, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил олишнинг энг асосий талаб­ларидан бири ҳисобланади. 283 нафар ходим ишлайдиган ташкилотда асосий эътибор меҳнат унумдорлигини ошириш ва шунга яраша заҳматли касб эгаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Экспедицияга борган кунимиз касаба уюшма қўмитаси раиси Мавжуда Иботова ишчи-ходимлар ҳамда фахрий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига олиб кетган экан.
Мавжуда опа келгунича ташкилотнинг ёрдамчи хўжаликлари фаолияти билан танишиб турдик. Экспедиция ҳовлисидаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилаётгани беихтиёр эътиборимизни тортди.
Узум ишкомларида сархил ҳусайнилар қуёшда товланиб турибди. Меваси ток баргидан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Лимонарийларда ҳам ҳосил мўл. Гап орасида шифобахш мевадан асосан ходимлар фойдаланишини айтиб ўтишди.
Бу йил каттагина майдонга хориждан келтирилган қалампир кўчатлари экилди. Экин иқлимимизга мослашганини ғуж-ғуж ҳосили тасдиқлаб тургандек гўё.
Ташкилотда иккита қуёнхона бўлиб, бири умумий, иккинчиси болалайдиган она қуёнларга мўлжалланган. Бу ерда бедана, ғоз, курка, товуқ боқиляпти. Қўра тўла қўйлар, дарахтлар соясига боғланган қорамоллар ҳам экспедициянинг ички имкониятлари кўламидан далолат беради.
Бу орада ташкилотнинг хизмат автобусида ходимлар тиббий кўрикдан қайтиб келишди.
– Бизда ноқулай шароитда ишлайдиган ва пенсиядаги ходимлар учун тиббий кўрик белгиланган бўлиб, харажатлари ташкилот томонидан қоп­ланади, – дейди меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси муҳандиси Комил Ҳамроев. – Касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш, ходимларга қулай меҳнат шароитларини яратиш бўйича иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳар бир талабимизни инобатга олишади. Ёшларнинг меҳнат муҳофазаси тадбирларида фаол иштироки таъминланяпти, уларга тажрибали устозлар бириктирилган.
Жорий йилнинг апрель ойида ташкилотимиз меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан ўтказилган кўрик-танловнинг Қашқадарё вилояти босқичида «Энг яхши корхона» ва «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси» номинацияларида учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Ташкилотда ўттиз йил ишлаб, пенсияга чиққандим. Яна ишга чақиришди. Шароитлар тўла-тўкис қаноатлантиргани учун қайтишга қарор қилдим. Саломатлигимни тиклашим учун «Геолог» санаторийсида дам олдим. Ўғлимга тўй қилганимда иш берувчи ва касаба уюшмаси ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Жамоа шартномасига кўра, моддий ёрдам берилди, ёрдамчи хўжаликда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини олдик. Қадр ва эътибор топиб, севимли ишимни давом эттираётганимдан хурсандман.
Ким билан суҳбатлашмайлик, ўз мамнуниятини изҳор қилганидан билдикки, барча ишлар кўнгилдагидек.
Жорий йилда ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш ишларига катта эътибор қаратилаётир. Ҳеч бир мурожаат назардан четда қолаётгани йўқ. Жумладан, бу йил 38 нафар ходимнинг фарзандлари Шаҳрисабздаги сўлим «Зебунисо» оромгоҳида дам олдирилди.
– Онам оёқ ва бел оғриғи, турли шамоллашлардан азият чекарди, – деди корхонанинг гидротехника иншоотларини назорат қилувчи техник Сафо Тўраев. – Касаба уюшмаси томонидан ходимнинг яқин қариндош­ларини соғломлаштириш йўлга қўйилгани биз учун айни муддао бўлди. Онам яқинда Фарғонадаги «Чимён» сиҳатгоҳида дам олиб келди. У кишининг муолажалардан мамнунлигини кўриб, санаторий таассуротларини эшитиб, бизга шундай имкониятни яратиб берган жамоат ташкилотига ишончим янада ортди.
– Касаба уюшма қўмитаси раи­­си Мавжуда Иботова ушбу лавозимда жамоатчилик асосида 22 йилдан буён фаолият юритяпти, – деди «Аму-Қашқадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги мелиоратив экспедиция бошлиғи Баҳром Бўриев. – У киши тажрибали иқтисодчи, барчамизга устоз. Жамоадошларнинг яхши ва ёмон кунида ҳақиқий елкадош, дардига шерик. Ташкилотчилиги ва ташаббускорлигидан корхонамизда ишчанлик, соғлом муҳит ҳукмрон.
Катта жамоанинг ижтимоий­-иқтисодий ҳимояси, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, соғломлаштириш ишлари, ­қўйингки, касаба уюшманинг кенг қамровли фаолиятини самарали олиб боряпти. Шу боисдан меҳнат жамоамиз опа пенсия ёшига ­етса-да, унинг фаолиятда қолишини хоҳлади. Дарҳақиқат, кимгадир керак бўлиб яшашдан, инсонларга наф келтириб, уларга озгина бўлса-да, қувонч улашишдан ортиқ бахт бормикан?

Click to listen highlighted text!