“Жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги семинар
21.11.2014. 2014 йил 21 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида “Жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги семинар ўтказилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Фридрих Эберт Фондининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси иштирокида ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман), Олий Мажлис Қўмиталари, вазирлик ва идоралар, иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда ҳорижий мамлакатлар экспертлари, ҳорижий ва МДҲ мамлакатлари касаба уюшма марказлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинардан кўзланган мақсад – хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бандлик, эркин касб танлаш, меҳнат соҳасидаги тенг ҳуқуқлилик бўйича ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши масалалари бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдимоти, шунингдек, мазкур йўналишда ижтимоий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.
Анжуманда хотин-қизлар бандлиги ва муносиб меҳнат шароитлари таъминланиши бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсати, ходимлар ҳамда улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги қонунчилиги ва ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келиши, кўплаб масалаларда эса улардан ҳам ортиқ устунликка эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, фуқароларнинг, шу жумладан, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ҳуқуқлари тўла таъминланган бўлиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва уларга бола парвариши билан боғлиқ қўшимча таътиллар, оналик билан боғлиқ турли қўшимча тўловлар бериш борасида алоҳида имтиёз ва кафолатлар ўрнатилган. Шунингдек, Ўзбекистонда меҳнат соҳасида амалий натижага эга бўлган жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш, касаба уюшмаларига ходимларнинг, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини амалга оширишлари учун кенг ҳуқуқ берилганлиги ва шу мақсадда қўлланилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда фуқаролар, шу жумладан хотин-қизларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқи иш вақти давомийлигининг маълум чегараси ўрнатилганлиги, ҳафталик дам олиш кунлари ва йиллик ҳақ тўланадиган таътиллар берилиши орқали таъминланади. Хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берувчи муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқ мазкур соҳада мақсадли йўналтирилган Давлат миллий сиёсатини юритиш орқали таъминланмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг касбий тайёргарлиги, касбга қайта ўқитиш ва малака оширишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мамлакатда ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашишга бўлган фундаментал ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилмоқда. Энг оммавий жамоат бирлашмаси ҳисобланган ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият олиб борувчи касаба уюшмаларининг самарали фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Семинар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари ва давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти миллий институтлари раҳбарлари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва ҳорижий мамлакатлар экспертлари мавзу юзасидан маъруза билан сўзга чиқдилар. Хусусан семинар иштирокчилари томонидан мамлакат Ҳукумати, касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишув асосидаги жамоа-шартномавий муносабатлар билан корхона ва ташкилотларни қамраб олиш даражасининг юқори эканлиги алоҳида таъкидланди. Тармоқ ва ҳудудий келишувларда ходимлар, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигининг меҳнат шартномасига, шунингдек, уларнинг малака ҳамда ихтисосига мувофиқ таъминланиши, корхона ва ташкилотларда ҳомиладор аёлларни ишга жойлаштириш учун қўшимча иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар малакасини ошириш учун ўқувлар ва қайта ўқитишни ташкил этиш масалалари кўзда тутилганлиги эътироф этилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Хусусан, Бош келишувга, шунингдек, унга асосан жамоа келишувлари ва шартномаларига аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёзлар ва кафолатларга оид алоҳида бўлим киритилган бўлиб, улар ижроси таъминланмоқда.
Мазкур локал ҳужжатлар орқали хотин-қизлар учун қатор имтиёз ва кафолотлар яратилмоқда. Хусусан, жамоа келишувлари ва шартномаларига аёлларни меҳнат бозори талаблари асосида касбларга ўқитиш, кичик ёшдаги фарзандлари бор аёлларга қисқартирилган иш вақти белгилаш, аёлларга ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилидаги аёлларга ҳар ойда моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга бола эмизиши билан боғлиқ бўлган ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш имтиёзлари киритилган. Шунингдек, уларда ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилиш учун маълум миқдорда иш ўрни ажратиш, аёллар учун касаначилик иш ўринларини ташкил этиш, хотин-қизлар учун гигиена хоналарини ташкил этиш, аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, хотин-қизларни иш вақтидан ташқари, дам олиш кунлари ва тунги вақтлардаги ишга жалб этишни чеклаш каби меъёрлар акс этган.
Натижада бугунги кунда жамоа келишувлари ва шартномалари хотин-қизлар учун барқарор ойлик маоши тўланувчи ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлган иш жойларини сақлаш, дам олишини ташкил этишнинг кафолати вазифасини ўтамоқда..
Мамлакат касаба уюшмалари янги иш ўринларини яратиш давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилишида кўмаклашмоқдалар. Мазкур соҳада касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ижтимоий мулоқат йўлга қўйилган. Нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, қўшма, хусусий ва оилавий корхоналарни касаба уюшмаларига жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш зарурки, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги ишлар кучайтирилди. Хусусан, ҳар йили ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларида касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан хотин-қизлар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида хотин-қизлар учун ташкил этилган янги иш ўринлари шулар жумласидандир.
Меҳнат муҳофазаси соҳасида ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар ва касб касалликларининг олдини олиш масаласи касаба уюшмаларининг доимий диққат марказидадир. Ушбу мақсадларда ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид масалалар бўйича кенг кўламли ахборот-тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Уч томонлама маслаҳатлашувлар доирасида ҳар йили меҳнат соҳасидаги долзарб масалаларни кўриб чиқиш учун иш берувчилар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида жамоатчилик эшитувлари ташкил этиб келинмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларининг бажарилиши бўйича жамоатчилик мониторинги олиб борилмоқда.
Семинарда хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро ташкилотлар, ҳорижий касаба уюшма марказлари ва халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, халқаро экспертлар Ўзбекистонда бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасида таҳсинга лойиқ натижалар мавжуд эканлигини қайд этдилар. Улар мамлакатда ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни, бунинг натижасида хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларининг кенгайиб бораётганини юқори баҳоладилар.
Шунингдек, халқаро экспертлар томонидан жаҳон иқтисодий кризиси шароитида глобал деб тан олинган масалалар – иш кучига бўлган талабни рағбатлантириш, иш жойлари ҳимояси, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш, ижтимоий мулоқот олиб бориш ва ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Ўзбекистонда муайян муваффақиятларга эришилганлигини алоҳида таъкидладилар.
Улар томонидан мамлакатда амалий жиҳатдан болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари, меҳнат муносабатлари соҳасида камситиш, даромадлардаги тенгсизлик, давлат томонидан меҳнат бозорини тартибга солишдан воз кечиш, меҳнатни ижарага бериш, касаба уюшмалари ҳуқуқларини чеклаш каби замонавий муаммоларнинг мавжуд эмаслиги алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистонда фуқаролар меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши борасида касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш шакл ва услубларининг самарадорлиги юқори баҳоланди.
Эшитилган маърузалар ва муҳокама этилган масалалардан келиб чиққан ҳолда ҳамда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш натижаларига кўра семинар иштирокчилари томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати