Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Жамоа шартномалари ва келишувлари меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда улар турмуши даражасини оширишнинг асосий омилларидан бири

10.04.2017. 2017 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Жамоа шартномалари ва келишувлари меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда улар турмуши даражасини оширишнинг асосий омилларидан бири” мавзуидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда Ахборот агентликлари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Президентимиз ташаббуслари билан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йили” деб эълон қилиниши натижасида давлат ва жамоат ташкилотлари халқ ичига кириб борган ҳолда оилаларнинг ижтимоий аҳволини чуқур ўрганиш, улар муаммоларини аниқлаш ва тегишли ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳал этиш ишларини амалга ошираётганлари алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз турмуши даражасини оширишга хизмат қилаётгани эътироф этилди.

Таъкидланганидек, бунда давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий шериклиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки ижтимоий шериклик жамиятнинг ривожланиши, самарали ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш имкониятларини кенгайтиради. Бугун мамлакатимизда ижтимоий шерикликнинг турли шакллари ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлашда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик муҳим аҳамиятга эгадир. Жамоа шартномаси  меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик маҳсули бўлиб, корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир. Мазкур локал ҳужжат иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланиб, ижтимоий шериклик асосида амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларига биноан Ўзбекистонда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тўртта, яъни умумреспублика, тармоқ,  ҳудудий ва локал миқёсларда амалга оширилади. Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар  Маҳкамаси,  Ўзбекистон  касаба  уюшмалари  Федерацияси  Кенгаши,   Ўзбекистон  Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув умумреспублика миқёсида ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади. Бош келишув асосида республикада 95 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, бевосита корхона, ташкилотларда эса 158 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.

Матбуот анжуманида бугунги кунда Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларнинг тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилаётганлиги қайд этилди. Жамоа шартномалари ва келишувларига ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этишга, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсацияларни ўрнатиш тартибига оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Мутасаддилар шуни ҳам алоҳида таъкидладиларки, Ягона тариф сеткасига нисбатан оширилган тариф коэффициентларини ўз ичига олган тармоқ ва локал тариф сеткаларини жорий этиш йўли билан меҳнат ҳақи миқдорларини жамоа-шартномавий тарзда ўрнатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида турли соҳаларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзоларидан қарийб 940 минг нафарининг иш ҳақи оширилган тариф коэффициентлари бўйича ҳисоблаб тўланмоқда.

Жамоа шартномалари ва келишувларида меҳнат ҳавфсизлиги даражасини ошириш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни янада яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари, санитар-маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш, тегишли тартибда ходимларга имтиёз ва компенсациялар бериш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Шунингдек, иш стажига қараб қўшимча таътиллар бериш тартиби жорий этилган. Натижада ҳар йили 2 миллион нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 3  миллион нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Анжуманда Жамоа келишувлари ва шартномаларининг ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштириш каби бўлимларига асосан амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган 2016  йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 минг 865 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилгани, ижтимоий ҳимояталаб оилалар вакилларидан 81 минг 423 нафарига моддий ёрдам кўрсатилгани, ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳисобидан 46 млрд. 147,3 млн. сўм маблағ йўналтирилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, таъкидланганидек, корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари орқали боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалардан бўлган ходимларнинг 60 минг 681 нафар фарзандлари учун 3 млрд. 517,9 млн. сўмлик ўқув анжомлари сотиб олинган. Икки ёшдан уч ёшгача фарзандлари бўлган 22 минг 431 нафар аёлга 7 млрд. 677,7 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. Нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 10 минг 250 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтасини 1 соатга қисқартириш учун корхоналар ҳисобидан 1 млрд. 813,2 млн. сўм сарфланган. Шунингдек, ёш болали ишовчи аёллардан 72 минг 905 нафарига икки ёшга тўлмаган фарзандини овқатлантириш учун ҳақ тўланадиган танаффуслар белгиланишига эришилган. 70 минг 688 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилиб, ушбу мақсадларга 2,8 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.

Матбуот анжуманида барча жамоа шартномалари ва келишувларига аёллар ва ёшлар меҳнатини тартибга солиш бўйича меъёрий бўлимлар киритилгани, уларда ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшга оғишмай риоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, камситмаслик ва тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципларига риоя этиш борасида иш берувчиларнинг мажбуриятлари киритилгани ҳам қайд этилди.

Жорий йилда тузилаётган жамоа шартномалари ва келишувлари бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда бир қатор тадбирлар билан бойтилаётгани таъкидланди. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши юзасидан қўшимча чоралар кўриш, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш кўламини кенгайтириш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ходимларни тиббий кўрикдан бепул ўтказиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун «Наврўз» ва «Мустақиллик» байрамлари арафасида мақсадли тадбирларни  ўтказиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини маданий дам олдириш, туризм ва соғломлаштиришни ташкил этиш, ходимлар гимнастикасини жорий этиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Қайд этиш керакки, Жамоа шартномаларига киритилган янги тадбир ва имтиёзлар натижасида жорий йилда жамоа келишувлари ва шартномалари воситасида 15 минг нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, 14 минг нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топшириш, 55 минг нафар ишламайдиган пенсионерга моддий ёрдам кўрсатиш, корхоналар ходимларининг 5  минг нафар фарзандига чет тилларни ўрганишида  моддий кўмаклашиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2,5 минг нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабанинг ўқув шартнома пулларини қисман қоплаш, 1,5 минг нафар ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар бериш режалаштирилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки амалдаги жамоа шартномаларининг деярли 70 фоизига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилган. Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, кейинги йилларда Жамоа шартномалари ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини ошириш манбаига айланди. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошдан ташқари Жамоа шартномаси орқали сарфланган маблағ миқдори бундан 4-5 йил аввал ўртача 500  минг сўмни ташкил этган бўлса, 2016 йил давомида 2,3  млн. сўмни ташкил этди.

Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда жамоа шартномалари ва келишувлари иқтисодий ўсиш ва ишлаб чиқаришнинг рақобатдошлигини ошириш, ходимларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, бандликни таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасида меҳнат муносабатлари барча субъектларининг ўзаро манфаатдорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган Матбуот конференцияси якунида журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!