Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Жамоа шартномаси ижроси қониқарли деб баҳоланди

16.05.2023. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш соҳасида ижтимоий шериклик имкониятларини кенгайтирди.

Бугунги кунда Кимё ва фармацевтика тармоғи тизимида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кенг доирадаги масалалар ўз ечимини топмоқда. Натижада нафақат меҳнат муносабатларини самарали бошқариш, балки меҳнат шароитини баҳолаш, шунингдек, меҳнат жамоаларида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш имкони ҳам кенгайиб бормоқда.

Бу борада тармоқ корхоналарида олиб борилаётган ибратли ишлар таҳсинга лойиқ. Хусусан, Жамоа шартномаларининг ижтимоий йўналтирилган таркибий қисми кучайтирилиши натижасида, уларда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар бир ходимга ўрта ҳисобда сарфланадиган маблағ йилдан йилга ортиб бормоқда.

Куни кеча “Максам-Чирчиқ” АЖда жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши бўйича конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакиллари иштирок этдилар.

Бугунги кунда 5900 нафар ходим, шу жумладан, 2081 нафар хотин-қиз ва 1410 нафар ёш ходимлар меҳнат қилаётган мазкур корхона меҳнат жамоасининг конференциясида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан 2022 йил давомида Жамоа шартномаси орқали ходиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси, меҳнат шарномаси, бандлик кафолатлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тарзидаги тўловлар, ходимларга яратилган шарт-шароитлар, спорт-соғломлаштириш ва маънавий-маърифий йўналишлардаги ишлар, аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар, мехнат низоларини хал этиш йўналишларида амалга оширилган ишлар тўғрисида хисобот берилди.

Таъкидланганидек, 2022 йилда корхонада жами 2 трлн. 342 млрд. 5 млн. сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, режа 109,1 фоизга бажарилди, 49,6 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йил давомида ойлик иш ҳақи икки марта (жами 22 фоизга) оширилиб, ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн. 546 минг сўмни ташкил қилмоқда. Меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадлари учун 10 млрд сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Цех ва бўлим рахбарлари, бошланғич  касаба уюшма ташкилоти республикада белгиланган  байрамлар арафасида 534 та кам таъминланган, кўп болали оилаларга, корхона фахрийларига умумий  қиймати 82 млн. сўмликдан зиёд озиқ-овқат тўпламлари тарқатилди. 346 нафар ишчи-ходим ва фахрийга қарийб 681 млн. сўмлик  моддий ёрдам ажратилди. Касаба уюшма қўмитаси томонидан 689 нафар ходимга ва фахрийларга саломатликларини тиклашлари учун 314 млн. сўмдан ортиқ миқдорда моддий ёрдам ажратилди. “Кимёгарлар куни” касб байрами муносабати билан илғор ходимлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Корхона фахрийларига жами 571 млн. 600 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 9 нафар ёш ходимга жами 33 млн. 70 минг сўмлик фоизсиз ссуда ажратилди. Шунингдек, 201 нафар ходим ва  фахрийларга саломатликларини мустаҳкамлашлари учун жами 328 млн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, маданий-оммавий тадбирлар билан корхонанинг 5476 нафар ходими қамраб олиниб, улар ўртасида маданий-маърифий, спорт тадбирлари, туристик саёҳатлар, кўрик-танловлар ўтказилди.

– Алоҳида таъкидлаш зарурки, корхонанинг тиббий реабилитация марказида ходимлар имтиёзли равишда саломатликларини мустахкамлашлари  учун  барча шарт-шароитлар яратилган, – деди Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Нилуфар Музаппарова. – Хусусан, йил  давомида 776 нафар ходимга имтиёзли йўлланмалар ажратилди. Ёзги дам олиш мавсумида “Оқ-тош кимёгарлар оромгохи” дам олиш  масканида 269 нафар меҳнаткаш дам олган бўлса, болалар соғломлаштириш орогохида ходимларнинг 720 нафар фарзанди имтиёзли ва бепул йўлланмалар асосида дам олдирилиб, соғломлаштирилди. Шунингдек, корхона ходимларидан 169 нафари республикамиздаги  санаторийларга  имтиёзли  равишда  йўлланмалар билан таъминланди.

Конференция иштирокчилари 2021-2023 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши бўйича иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилган ишларга қониқарли баҳо бердилар.

Шунингдек, конференцияда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги 798-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунининг кучга кириши муносабати билан Жамоа шартномасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Якунда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва корхона фаолияти ҳамда тармоқ тизимидаги ўзгаришлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати