11.11.2022. Пойтахтимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари ва муасаддилари, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари, нуронийлар ва меҳнат фахрийлари, касаба уюшма фаоллари ҳамда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган меҳнаткашлар иштирок этдилар.
Дастлаб Тошкент шаҳри марказидаги юртимиз маданияти ва санъатида ўзига хос ўрин тутган тарихий бино негизида қайтадан барпо этилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирга йиғилганлар “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи”даги улкан бунёдкорлик ва нозик дид билан амалга оширилган пардозлаш ишлари билан танишар эканлар, ушбу масканнинг яқин тарихда мамлакатимизнинг муҳим маданий маркази бўлгани, аммо орадан вақт ўтиб узоқ йиллар эътибордан четда қолгани, эндиликда эса Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфига ўтказилиб, янгидан ҳаёт бахш этилганини тўлқинланиб гапирдилар. Амалга оширилган катта кўламдаги бунёдкорлик ишлари натижасида тарихий кошона яна халқимизга қайтарилиб, “Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи” сифатида иш бошлаётганини алоҳида таъкидладилар. Сарой бўйлаб экскурсия жараёнида ушбу маскан тарихига, эски ҳолати ва бугунги қиёфасига оид фото кўргазмалар билан танишилди.
Шундан сўнг қисқа вақт ичида ўзининг асл сийратига мос равишда янгидан замонавий маданият ва санъат макани сифатида қайта тикланган мазкур кошонада ташкил этилган тантанали байрам тадбирини Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ижросидаги мусиқа садолари бошлаб берди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Касаба уюшмалари аъзолари ва фаолларига байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Тантанали тадбирда муҳтарам Президентимизнинг касаба уюшмаларига йўллаган байрам табриги нафақат касаба уюшма ходимлари, балки мамлакатимиздаги барча меҳнаткашларга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли экани таъкидланди. Алоҳида эътироф этиш жоизки, Давлатимиз раҳбари табригида яна бир ғоятда қувончли ва тарихий воқелик қайд этилди, яъни касаба уюшмалари аъзолари тимсолида бутун халқимизга яна бир байрам кунини тақдим қилиш таклифи илгари сурилди. Ушбу тарихий воқелик тадбирга йиғилганларнинг қалбини фахру ифтихорга тўлдириб, “Инсон қадри учун” деган инсонпарвар ғоянинг ҳаётимиздаги яна бир ёрқин амалий ифодаси бўлди.
Президентимиз табригида таъкидланганидек, “Инсон қадри учун” ғоясини умуммиллий ҳаракатга айлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, ҳеч шубҳасиз, касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манафаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқдалар.
Сирасини айтганда юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқдалар.
Сўнгги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбирида Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб, фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари тақдирландилар.
Дастлаб болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсуми ташкилотчилари, хусусан, “Энг Намунали стационар болалар оромгоҳи” сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши тасарруфидаги “Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳи, Федерациянинг Сурхондарё вилояти кенгаши тасарруфидаги “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг “Муборак газни қайта ишлаш заводи” тасарруфидаги “Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳига мукофотлар топширилди.
Шундан сўнг “Болалар оромгоҳини намунали ташкил этган корхона” номинациясида ғолиб деб топилган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этган ҳудуд” номинацияси ғолиби бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши, “Ёз мавсумида фаол иштирок этган ишчи гуруҳ” номинациясида ғолибликни қўлга киритган “Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, алоқа, транспорт хизмати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ишчи гуруҳи” мукофотланди. Барча номинантларга диплом, статуэтка ва ноутбук топширилди.
Ватанимиз тараққиёти ва унинг қудратини юксалтириш йўлидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Совриндорларга “Эҳтиром” нишони, энг кам ойлик иш ҳақининг 3 ярим баробаридаги пул мукофоти ва гувоҳнома топширилди.
Маълумки, ўтган йили “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти таъсис этилган эди. Ушбу мукофот кўп йиллик самарали меҳнати, эришган алоҳида ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган. Тантанали тадбирда ушбу мукофот ҳам ўз эгаларига топширилди. Хусусан, намунали фаолияти билан барчага ўрнак бўлаётган, эришган алоҳида ютуқлари билан республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ва унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва саломатлигини муҳофаза қилишга, шунингдек касаба уюшмалари нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган инсолардан 5 нафарига “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти топширилди. Совриндорлар “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” кўкрак нишони, диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Шундан сўнг касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар, Даволаш профиликтика марказида фаолият кўрсатиб, даволаш усуллари ва хизмат кўрсатиш сервисини жаҳон стандартлари даражасида амалга ошириб келаётган фидоий ходимлар “Энг яхши шифокор”, “Энг яхши ҳамшира”, “Энг яхши пазанда”, “Энг яхши санаторий” номинацияларида муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлари ва тизимдаги ташкилотларда алоҳида фаоллик кўрсатган йилнинг энг яхши ходимлари “Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари”, “Энг яхши қурувчи”, “Энг яхши муҳандис”, “Энг яхши қурилиш назоратчиси”, “Энг яхши лойиҳачи”, “Энг намунали қурилиш ходими”, “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг яхши журналист”, “Энг яхши ҳудудий мухбир”, “Энг яхши спортчи” номинацияларида тақдирландилар. Уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг диплом ва қимматбаҳо совғалари опширилди. “Энг яхши санаторий” номинацияси ғолиби бўлган Абу Али ибн Сино санаторийсига эса Федерациянинг Санатор-курортлар бошқармаси маблағлари ҳисобидан 100,0 млн. сўм ажратилди.
Барчамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда бошқа ҳеч жойда учрамайдиган ноёб тизим – “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг май-октябрь ойлари давомида “Аёллар дафтари” тизими орқали республика бўйича 626 минг 910 нафар (97,2 фоиз) хотин-қизга амалий ёрдам берилди. Жумладан, 210 минг 635 нафарининг бандлиги, 42 минг 709 нафар хотин-қизнинг кредит олиши таъминланиб, ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашилди. Бундай хайрли ишларда фидокорона меҳнатлари билан барчага ўрнак бўлаётган, аёлларнинг муаммо ва мурожаатлари ҳал этилишига салмоқли ҳисса қўшаётган масъул ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиз ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида «Энг яхши маҳалла раиси», ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида «Энг яхши сектор раҳбари», гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида «Энг намунали иш берувчи аёл», аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантиришда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна бўлган ҳоким ёрдамчиларини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, маҳаллада ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда фидойилик кўрсатган ёшлар етакчилари ўртасида “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Аёллар дафтари” тизими доирасида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишда фидокорона меҳнат қилиб, юксак кўрсаткичларга эришган маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловлари ўтказилди.
Тантанали тадбирда мазкур танловларда 3-ўринни қўлга киритган ғолибларга 3-даражали диплом ва Президент совғаси сифатида “Спарк” автомобили, 2-ўринга сазовор бўлган иштирокчиларга 2-даражали диплом ва Президент совғаси – “Кобальт” автомобили, 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга эса 1-даражали диплом ва Президент совғаси сифатида “Жентра” автомобили калитлари топширилди.
Тантанали тадбирнинг тақдирлаш қисмидан сўнг таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати