Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни: Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари

11.11.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” шиори остида тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳорижий касаба уюшма марказлари вакиллари, касаба уюшма фаоллари ҳамда турли соҳаларда ишлаётган меҳнаткашлар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Касаба уюшмаларига байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Тантанали тадбирда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган 5 йил давомида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида бирдек олиб борилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ҳамда янгиланишлар, уларнинг салмоқли натижалари алоҳида таъкидланди. Хусусан, ўтган қисқа вақт ичида халқимиз турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини таъминлаш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида юқори поғонага кўтариш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилгани, ушбу натижалар бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлаётгани, сирасини айтганда, Янги Ўзбекистон фуқаролари янгича дунёқараш билан янгича ҳаёт кечираётганлари қайд этилди.

Ҳақиқатдан ҳам Инсон қадри учун амалга оширилаётган улкан ва тизимли ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ва қўлга киритаётган натижалари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак эътирофларга сазовор бўлмоқда. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар, аҳолининг турли тоифалари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб, янги марралар сари олға интилмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришларда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқдалар. Бир сўз билан айтганда, ўтган беш йил Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ҳаётида ҳам туб бурилишлар ва улкан ўзгаришларга бой бўлди. Касаба уюшмалари ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири, 2019 йилнинг 6 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонуннинг имзоланиши бўлди. Ушбу Қонуннинг қабул қилингани касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ваколатларини кенгайтириш имконини берди. Касаба уюшмалари инспекциялари қайта тикланди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йилда бўлиб ўтган 8-Қурултойи иштирокчиларига йўллаган табрикда мустақил давлатимиз тарихида илк бора 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи билдирилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, ва бу 5,5 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрланиб қолди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан Касаба уюшмаларининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди.

Сўнгги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб, фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари тақдирландилар.

Хусусан, Ватанимиз тараққиёти ва унинг қудратини юксалтириш йўлидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Уларга ушбу мукофотни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков топширди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, мазкур ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантириш, ўз фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган турли соҳалар вакилларининг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти таъсис этилган. Тадбирда ушбу мукофот ҳам ўз эгаларига топширилди. Хусусан, намунали фаолияти билан барчага ўрнак бўлаётган, эришган алоҳида ютуқлари билан республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ва унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва саломатлигини муҳофаза қилишга, илм-фан, маданият ва спортни ривожлантиришга, шунингдек касаба уюшмалари нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим, фан ва адабиёт, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт, хизмат кўрсатиш, коммуникациялар, ҳуқуқ-тартибот соҳалари вакилларидан 14 нафарига “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти топширилди.

Шундан сўнг иқтидорли ва истеъдодли ёшларни тарбиялаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқ таълими вазирлиги иштирокида таълим муассасаларининг математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Лауреати мукофоти” Республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирландилар. Қайд этиб ўтиш зарурки, мазкур танлов эълон қилингач унда иштирок этиш истагини билдирган 5 минг 692 нафар номзод орасидан танлов шартларига жавоб берадиган 2 минг 714 нафар ўқитувчи экспертлар томонидан саралаб олиниб, иккинчи босқичга йўлланма берилди. Иккинчи босқич иштирокчилари ўртасида ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, жами 90 нафар ўқитувчи танловнинг учинчи – Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Танловнинг республика босқичида Комиссия томонидан номзодларнинг педагогик маҳорати, касаба уюшмаси фаолияти ва меҳнат ҳуқуқи йўналишидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. “Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари” шиори остидаги тантанали тадбирда ушбу танловда 1-ўринни қўлга киритган устоз ва мураббийлар муносиб тақдирланиб, уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Лауреати мукофоти кўкрак нишони ва пул мукофотлари топширилди.

Таъкидлаш зарурки, сўнгги йилларда касаба уюшмалари тизимида халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичга олиб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси соҳадаги барча халқаро ташкилотлар ва халқаро касаба уюшмалари марказлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди, Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилди, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Мазкур ҳамкорликлар самараси ўлароқ тантанали байрам тадбирига қардош мамлакатлар касаба уюшмалари ва халқаро касаба уюшма марказлари вакиллари ҳам ташриф буюрдилар. Тадбирга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбылды Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо Махмадшо, Миср Араб Республикаси коммунал корхоналар ходимлари касаба уюшмаси Президенти Хешам Ахмед Фуад Ахмедга ҳам “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти топширилди.

Барчамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда бошқа ҳеч жойда учрамайдиган ноёб тизим – “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. “Аёллар дафтари” тизими орқали ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилиб, улардан 900 мингга яқин хотин-қизнинг муаммолари ижобий ҳал этилди. Аёлларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этиш мақсадларига давлат томонидан 1 триллион 951 миллард сўм маблағ йўналтирилди. Касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида ташкил этилган 1211 “ишонч телефони”га хотин-қизлардан келиб тушган 100 мингга яқин мурожаат самарали ҳал этилди.

Бундай хайрли ишларда фидокорона меҳнатлари билан барчага ўрнак бўлаётган, аёлларнинг муаммо ва мурожаатлари ҳал этилишига салмоқли ҳисса қўшаётган масъул ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиз ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида «хонадонбай» ишлашда «Энг яхши маҳалла раиси», ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлашда «Энг яхши сектор раҳбари», гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида «Энг намунали аёл иш берувчи», «Аёллар дафтари» орқали кўмак олиб, иш ўрни яратган ва маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор аёллар ўртасида «Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти учун танловлар ўтказилди.

Тантанали тадбирда «Энг яхши маҳалла раиси», «Энг яхши сектор раҳбари»,«Энг намунали аёл иш берувчи», «Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» танловларида 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга диплом ва Президент совғаси сифатида “Жентра” автомобили, 2-ўринга сазовор бўлган иштирокчиларга диплом ва Президент совғаси сифатида “Кобальт” автомобили, 3-ўрин соҳибларига диплом ва Президент совғаси сифатида “Спарк” автомобили калитлари топширилди. Барча ғолибларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков топширдилар.

Тантанали тадбирнинг навбатдаги тақдирланувчиси Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби оғир атлетика бўлими мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, “Шуҳрат” медали соҳиби Фарҳод Мирзажонов бўлди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Фарҳод Мирзажонов ўзининг устозлик фаолияти давомида эришаётган муваффақиятлари билан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, Ўзбекистонда спортнинг оғир атлетика турини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг шогирдлари Осиё, Халқаро ва Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқдалар. Хусусан, Фарход Мирзажоновнинг шогирди Акбар Жўраев 2021 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада  ўйинларида  Олимпия рекордини ўрнатди ва олтин медаль соҳиби бўлди. Яна бир шогирди Муаттар Набиева ҳам Токио Олимпиадаси ўйинларидаги  даст кўтариш мусобақасида рекорд натижани қайд этди. Спорт мураббийи Фарход Мирзажонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғаси сифатида “МАЛИБУ” автомобили билан тақдирланди.

Тантанали тадбирнинг тақдирлаш қисмидан сўнг иштирокчилар учун таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури намойиш этилиб, она Ватанимиз тараннум этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати