Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни

12.06.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иш берувчилар Конфедерацияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари иштирок этдилар.

Байрамона руҳда ўтказилган мазкур акциядан кўзланган мақсад – аҳолининг, шу жумладан, ёш авлод вакилларининг Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан хабардорлик даражасини янада ошириш, шунингдек, худди шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан, жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.

Тадбир доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларга мазкур сананинг мазмун-моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Хусусан, иштирокчиларга мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги тақдимот ва роликлар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб,  мавзуга оид қатор танлов ва викториналар ташкил этилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь куни барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади мазкур санага бағишланган тадбирлар бу йил дунё миқёсида “Болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятимизни бажарайлик” шиори остида ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 160 миллион бола асосан қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва саноатда болалар меҳнати билан банд. Ишлаётган болаларнинг қарийб ярми соғлиғи, хавфсизлиги ва маънавий ривожланишига хавф туғдирадиган ишларни бажаради.

Алоҳида фахр билан таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини янада ривожлантириш, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам дунё миқёсида эътироф этилди. Хусусан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 8.7-мақсади, яъни 2025 йилга келиб болалар меҳнатига барҳам бериш вазифаси муддатидан олдин бажарилган кам сонли мамлакатлардан бири – Ўзбекистон бўлиб, мамлакатимизда тизимли болалар меҳнатидан фойдаланилмаётгани Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2018  йилдаёқ тан олинди.

Мана шу кўрсаткичларнинг ўзиёқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва  қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш ғоясига содиқлигини ҳамда бундан буён ҳам амалий ислоҳотлар йўлидан боришини намоён этиш баробарида, кўрилаётган чоралар ва ислоҳотлар яхлит, барқарор ва орқага қайтмас тус олганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси 44-моддасида “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади” деб белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилалар турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ютуқ ва натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳолининг, шу жумладан болаларнинг ижтимоий ҳимояланганлик даражасини  янада юксалтириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини руёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, хусусан, таълим, аҳоли саломатлиги ва маънавий тараққиётни таъминлаш, спорт соҳаларидаги ислоҳотларни янада ривожлантириш белгиланган.

Болалар меҳнатига қарши курашда муҳим профилактик чоралардан бири бўлган йўналиш, яъни, мактаб ёшидаги болалар учун ёзги соғломлаштириш ишларини ташкил этиш соҳасида ҳам Ўзбекистон илғор тажрибага эга. Жорий йилда 1 минг 298 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 332 минг нафардан ортиқ ўғил-қизларни соғломлаштириш режалаштирилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган тадбирда болажонларга мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари, Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунининг мазмун-моҳияти, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисида сўзлаб берилди. Тадбир доирасида ушбу масканда дам олаётган ўғил-қизлар ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда рақс, қўшиқ, саҳна кўринишлари, расм чизиш, шахмат, шашка, стол тенниси, ҳунармандчилик йўналишларида тематик гуруҳларга бўлиниб, машғулотлар ўтказдилар.

Тадбирда болажонлар ўртасида ўтказилган танлов ва викториналарда ғолиб бўлган ўғил-қизлар Касаба уюшмалари Федерациясининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ёш авлод вакиллари билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари эса Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб вояга етаётгани, халқаро конвенциялар бўйича юксак хабардорлик ва билимларга эга эканлигини намоён этди.

Юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, Ўзбекистон ҳақиқий маънода бахтиёр болалар мамлакати эканлигини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.

Тадбир давомида болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тилаб, самога юзлаб рангбаранг пуфакларни учирдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари