Ҳеч бир эҳтиёжманд хотин-қиз эътибордан четда қолмаслиги зарур
09.01.2023. Шу кунларда мамлакатимиз миқёсида “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқич жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Президентимиз ташаббуслари билан амалга киритилган мазкур тизим орқали хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш, тизимли амалий ёрдамлар кўрсатиш орқали улар муаммоларини бартараф этиш ҳамда эҳтиёжманд хотин-қизлар турмуш фаровонлигини ошириш мақсад қилинган.
Худди шу мақсадларда Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа, Нурота, Кармана туманлари ва Навоий шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Федерациянинг Навоий вилоят кенгаши мутасаддилари, сектор раҳбарлари, масъул ташкилот ва бошқармалар вакиллари ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
Хусусан, жойларда эҳтиёжманд хотин-қизлар билан хонадонма-хонадон юриб, суҳбатлар ўтказиш орқали уларни қийнаётган муаммолар аниқланиб, “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар рўйхати шакллантирилаётгани, мазкур жараёнларда эътибор қаратилиши зарур бўлган мезонлар хусусида тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифлар, иш жараёнида учраётган муаммоларнинг ечими бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Айниқса, хатлов жараёнини сифатли ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳеч бир аёл эътибордан четда қолмаслиги зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар давомида ишчи гуруҳ аъзолари йиғилганларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати