[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.01.2014. Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Касаба уюшмалари ҳарбий қисмларда” номли акцияси ташкил этилди. Жорий йилнинг 11 январь куни Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида ташкил этилган тантанали тадбирга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли Чирчиқ Олий Танк Қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Чирчиқ горнизони, Сержантлар тайёрлаш мактаби аскар ва зобитлари таклиф этилдилар

Тадбирда мамлакатимизда халқ тинчлиги ва осойишталиги йўлида амалга оширилаётган тизимли ишлар, ҳарбийлар учун соҳанинг сир-асрорларини мукаммал ўрганиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан чиниқиш учун яратиб берилган бекаму кўст шароитлар ва имкониятлар алоҳида таъкидланди. Ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари манфаатлари ҳимоясига, уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга қаратилаётган юксак эътибор, шинам ётоқхоналар, дам олиш масканлари, уларнинг оилалари учун кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг барчаси давлатимиз томонидан юртимизнинг ҳақиқий ўғлонларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин намунаси эканлиги қайд этилди.

Шу ўринда албатта ҳарбий хизматчилар ва улар оилаларини ижтимоий ҳимоялашга қаратилаётган эътиборга алоҳида тўхталмай бўлмайди. Хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш, кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш, моддий ва маиший шароитларини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар Ватан ҳимоячиларига кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратмоқда. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган шахсларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими, олий ўқув юртларига киришда уларга давлат томонидан имтиёзлар белгиланганлиги, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги эътиборга моликдир.

Таъкидлаш зарурки, Федерация Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган махсус тадбирлар режасига асосан корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳарбий хизматчилар билан учрашувлар, меҳнат жамоалари ва таълим масканларида “Юрт ҳимоясига барчамиз масъул” мавзуида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Турли соҳа ходимлари учун бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинаётган Маънавият соатлари дастурига “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари – юрт тинчлиги ва хавфсизлигининг кафолатидир”, “Ҳарбий ислоҳат – замонавий профессионал армиянинг асоси”, “Ҳушёрлик ва сергаклик  – замон талаби” мавзулари киритилиб, меҳнаткашларга мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар етказилмоқда.

Байрам муносабати билан касаба уюшмалари томонидан Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмларда ташкил этилган тадбирларда хизмат давомида алоҳида натижаларни қўлга киритаётган ҳарбийлар, офицер ва сержатлар компютер ва Ноотбук билан рағбатлантирилди. Байрам арафасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашга қаратилган тадбирларга ҳам кенг ўрин берилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари томонидан мамлакатимиз мустақиллигини ҳимоя қилишда ўз жонини фидо этган 100 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди. Ҳарбий соҳада узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, халқимиз осойишталигини муҳофаза қилган кекса фахрийлар рағбатлантирилди. Шунингдек, ҳарбийларимиз фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Ватан олдидаги бурчини адо этиш вақтида халок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг 300 нафар фарзандларига совғалар топширилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” шиори остида ўтказилган тадбирларда мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо этган  ҳарбий хизматчиларни хотирлаш, уларнинг оилаларига манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди.

Тадбирда Чирчиқ горнизони, Чирчиқ Олий Танк Қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Сержантлар тайёрлаш мактаби аскар ва зобитларининг 22 нафарига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг махсус совғалари топширилди. Тадбир сўнгида ҳарбийлар эътиборига таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги маданий тадбир ҳавола этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати