10.01.2014. Андижон туманидаги “Фусункор” МЧЖ да 57 нафар киши меҳнат қилади. Жамият энергетика тизими корхоналарида фойдаланиладиган электр жиҳозларининг авария ҳолатларини камайтиришга хизмат қилувчи ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Ходимларнинг аксариятини ёшлар ташкил этувчи мазкур корхонада эришилаётган муваффақиятлар омили – меҳнатнинг тўғри ташкил этилиши ва ички имкониятлардан самарали фойдаланишдадир.
Айниқса, “Фусункор”да меҳнат ходимларнинг меҳнати муҳофазасига, меҳнат ва дам олиш шароитларининг етарли даражада яратилишига қаратилаётган эътибор диққатга сазовордир. Шу сабаб, корхона касаба уюшма қўмитаси тармоқдаги 1300 та бошланғич ташкилот ўртасида ўтказилган “Энг намунали меҳнат муҳофазасини ташкил этган бошланғич ташкилот” кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди.
Касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш йўналишидаги ишлар самараси ўлароқ, бугун бошланғич ташкилотларнинг корхона ижтимоий ҳаётида тутган ўрни тобора ортиб бормоқда. Хусусан, мазкур корхонада ҳам бошланғич касаба уюшма қўмитаси маҳаллийлаштириш дастури бўйича локализация жараёнини кенгайтириш борасида олиб борилаётган изланишларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ахир, ҳар қандай ютуқлар кўламида ходимларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги даражаси муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда жамиятда 10 нафар коллеж ўқувчиси касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Уларнинг яхши мутахассис номига сазовор бўлишлари учун касаба уюшма қўмитаси ва маъмурият томонидан кенг имкониятлар яратилган. Ўқувчилар аввало, меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиладилар. Уларга бириктирилган устозлар меҳнати ҳам ардоқланмоқда.