[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.05.2012. Кучли фуқаролик жамиятида инсон манфаатлари, хусусан, меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш устувор вазифа ҳисобланади. Бу борада республика касаба уюшмалари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Миллий матбуот марказида ташкил этилган «Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари орқали ижтимоий шериклик асосида олиб борилаётган ишларнинг инсон манфаатларини ҳимоялашдаги аҳамияти» мавзусидаги анжуманда ана шу фаолият натижалари сарҳисоб этилди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Федерация Кенгаши раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқди.

Ҳуқуқий асос

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Натижада меҳнат соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Бу касаба уюшмалари фаолиятида ўз аксини топмоқда. Жумладан, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Меҳнат кодекси ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар орқали меҳнаткашларнинг барча тоифалари учун касаба уюшмаларига бирлашиш, жамоа музокараларини олиб бориш ҳамда жамоа шартномаларини тузиш ҳуқуқлари кафолатланган. Шунингдек, халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ратификация қилингани ҳам фаолиятда қўл келаётир.

Анжуманда таъкидландики, касаба уюшмаларига жамоа музокараларини олиб бориш бўйича устувор ҳуқуқ берилган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Меҳнат кодексида белгилаб қўйилган бурч ва мажбуриятларга кўра касаба уюшмалари иш берувчилар билан мустаҳкам ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда иш олиб бормоқда.

Бунда жамоа шартномалари муҳим ўрин тутади. У корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатларини шартнома асосида тартибга солиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш, имтиёзлар яратиш мақсадида тузилади.

Бугунги кунда, жамоа шартномаси ­ иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни нафақат тартибга солувчи, балки барқарорлаштирувчи локал норматив ҳужжат сифатида тан олинмоқда. Эътиборли томони, ушбу ҳужжат мулкчилик шакли, қайси идорага бўйсуниши ва ходимлар сонидан қатъи назар, корхоналар ва уларнинг юридик шахс ҳуқуқи берилган таркибий бўлинмаларида тузилади.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб Бош келишув, 85 та тармоқ келишуви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида 14 та ҳудудий келишув, шунингдек, 509 та ҳудудий-тармоқ келишуви амал қилмоқда. Шулар асосида корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган 91 мингдан зиёд жамоа шартномалари орқали 4 млн. 128 минг нафар ходим манфаати ҳимояланган. Жамоа шартномалари билан юридик шахсларнинг 94 фоизи қамраб олингани ва бу дунё миқёсида энг юқори кўрсаткич экани эътиборга молик. Уларнинг деярли 80 фоизига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал, албатта касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилган. Бу касаба уюшма аъзоларини ноқонуний ишдан бўшатилишдан ҳимоя қилишда муҳим таянчдир.

Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида касаба уюшмаларининг ҳимоя вазифаси асосан бандлик, меҳнат хавфсизлиги, даромадларни ошириш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя каби йўналишларда амалга оширилади. Бугунги кунда мазкур вазифани ижтимоий шериклик механизмларидан фойдаланиш орқалигина амалга ошириш мумкин.

Ижтимоий шериклик самарасини «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати», «Максам-Чирчиқ», «Жомбой Дон», «Хоразм Шакар» ОАЖлари, «Ўзметкомбинат» АИЧБ, «Марказгазтаъминот» УК, Тошкент шаҳар 1-болалар клиник шифохонаси, Ғиждувон тумани тиббиёт бирлашмаси, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» ОАЖ, Қорақалпоқ Давлат университети, «Ўзаэронавигация» ва «Тошиссиқлик» марказлари каби минглаб корхона ва ташкилотлар мисолида кўриш мумкин. Анжуманда мазкур корхоналарда ходимларнинг жамоа шартномалари орқали йил давомида олаётган бевосита ва билвосита даромадлари 600 минг сўмдан 3 миллион сўмгача бўлган миқдорни ташкил этаётгани таъкидланди. Бу кўрсаткич Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология тармоғида 2 млн. 998 минг 27 сўм, Алоқа тармоғида 1 млн. 794 минг 88 сўм, Транспорт, йўл ва капитал қурилиши, қурилиш индустриясида эса 1 млн. 690 минг 840 сўмга етган.

Касаба уюшмалари фаолиятида ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан бандлигини таъминлаш, коллеж битирувчилари учун «Устоз-шогирд» тизимини жорий этиш, янги иш ўринларини барпо этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари жамоа шартномалари орқали ҳал этилмоқда. Касаба уюшмалари тизимида жамоа шартномаси бандлари бажарилиши юзасидан мониторинг юритилиб, ҳар йили январ ойида ҳисобот-сайлов конференцияларини ўтказиш, март ойигача янги жамоа шартномаларини тузиш тизими жорий этилгани самарадорлик омили бўлаётир.

Бу тажриба нафақат бошланғич ташкилотларда, балки касаба уюшмаларининг барча бўғинларида, шу жумладан, ҳудудлар ва Республика миқёсида ҳам амалиётга киритилди. Натижада ҳар йили Бош келишув доирасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси бўйича ишлар сарҳисоб қилиниб, давлат ташкилотлари иштирокида меҳнат соҳасидаги долзарб аҳамиятга молик масалалар хусусида давра суҳбатлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Бевосита таҳлилларга мурожаат этсак, жамоа шартномаларига биноан ҳар йили асосий узайтирилган таътиллардан 1,4 млн.га яқин киши, кўшимча таътиллардан эса деярли 1,7 млн. нафар ходим фойдаланади. 100 минг нафардан зиёд ходим корхоналар ҳисобидан ўқитилади, қайта ўқитилади ва малакасини оширади.

Жамоа шартномаларида меҳнат хавфсизлиги, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, зарарли меҳнат шароитлари учун имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда жамоа шартномалари, шунингдек, ходимлар ижтимоий ҳимоясига алоқадор махсус тадбирлар билан ҳам бойитилган. Хусусан, кўп болали ва 3 ёшгача бола тарбияси билан банд аёллар, ёш оилалар, талаба-ўқувчилар, ногирон ва кексаларни кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларини бажариш доирасида жамоа шартномалари орқали уруш ва меҳнат фахрийларига, ногиронларга, кўп болали, кам таъминланган ва ёш оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларнинг маданий дам олишлари ва соғломлаштирилишини ташкил этиш, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари ва дарсликлар олиб бериш тизими йўлга қўйилди.

Биргина ўтган йилда жамоа шартномалари орқали 72 минг 655 нафар фуқарога ва 52 минг400 гаяқин оилага 23,5 млрд. сўмликдан зиёд ижтимоий кўмак берилди. Бу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, 1 май ҳолатига жами 3250 нафар фуқаро ва 11 минг 103 та оила 8 миллион 200 минг сўмлик ижтимоий кўмакдан баҳраманд бўлди.

Меҳнат муҳофазаси

Меҳнат муҳофазаси касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида. Негаки, меҳнаткашларнинг иш шароити хавфсиз ва қулай бўлсагина фаолиятда унум бўлади. Шу жиҳатдан:

– меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш учун белгиланган тартибда маблағ ва зарур материаллар ажратилиши ва фойдаланиш тартиби;

– ходимлари 50 нафар ва ундан ортиқ бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандис лавозимининг жорий этилиши;

– меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга белгиланган меъёрларда сут, парҳез овқат, иссиқ цехларда ишловчилар учун газли шўр сув, махсус ­кийим, пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситаларининг бепул берилиши;

– ходимларнинг ишга киришда дастлабки тарзда ва кейинчалик даврий тиббий кўрикдан ўтказилиши;

– иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича шаҳодатдан ўтказилиши ва шу асосда ходимларга таъсир қиладиган зарарли   ишлаб чиқариш омилларини йўқотиш ёки таъсир даражасини пасайтириш чоралари кўрилиши;

– амалдаги нормаларга мувофиқ ходимларнинг санитария-маиший хоналар ва ускуналар билан тўлиқ таъминланиши, уларнинг соз ҳолатда бўлиши бўйича чора-тадбирларнинг бажарилиши;

– ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишлари, малакалари оширилиши ва уларнинг ушбу соҳадаги билимлари текшириб турилиши каби тадбирлар жамоа шартномаларида акс этмоқда. Уларнинг ижроси таъминланаяпти.

Маънавиятдан

саломатликгача

Жамоа шартномаларида миллий истиқлол ғоясини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, қадрият ва анъаналаримизга муносиб тарзда юксак фазилатли инсон этиб тарбиялаш масалалари ҳам алоҳида ўрин тутгани таъкидланди. Жумладан, иш берувчи ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг маълум фоизи миқдоридаги маблағни маданий-маърифий, соғломлаштириш ишлари учун йўналтиради.

Ўтган йилда касаба уюшмалари томонидан шу мақсадда 8369 та тадбир ўтказилиб, уларга 4 миллион нафарга яқин ишчи-ходимлар, уларнинг фарзандлари жалб этилган. Шунингдек, маданият муассасаларидаги жами 565 та тўгаракларда (260 таси болалар учун) меҳнаткашлар ва фарзандларининг қизиқиши, иқтидорига қараб бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бадиий ҳаваскорлик жамоалари республика касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилаётган «Ўзбекистон, сени куйлайман», «Истиқлол ғунчалари» санъат фестивалларида, шунингдек, вилоят, республика, халқаро кўрик-танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритаётгани қувонарли. Бундан ташқари, ҳар ойда ўтказилиши йўлга қўйилган «Маънавият соатлари»да ходимлар, айниқса, ёшларга истиқлол йилларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ютуқларимиз мазмун-моҳиятини етказишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жорий йилнинг 1-чорагида ҳудудлар миқёсида ўтказилган 23 мингдан зиёд «Маънавият соатлари»да 3 миллион нафарга яқин ишчи-ходим иштирок этди.

Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказиш орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган. Ҳар йили жамоа шарт­номалари орқали имтиёзли асосларда минглаб ходимлар тизимдаги санаторийларда ўз саломатликларини мустаҳкамлаш имконига эга. Шунингдек, тизим сиҳатгоҳларида фертил ёшидаги аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва болани дам олдириш ишлари йўлга қўйилди.

Дарвоқе, «Саломатлик», «Соғлом оила — жамият таянчи» республика спартакиадалари, оилавий мусобақалар, турнир ва фес­тиваллар ўтказиб келинаётгани ҳам аъзолар саломатлигини асраш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Меҳнаткашлар ва оила аъзоларининг мамлакатимиз тарихий шаҳарларига саёҳатлари уюштирилаётгани касаба уюшма фаолиятининг яна бир қиррасидир.

Жамоа шартномалари орқали болалар соғломлаштириш оромгоҳларини сақлаш, моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштиришда ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда. Хусусан, ўтган йил ёз мавсумида республика бўйича жами 965 та оромгоҳда режадаги 250 минг нафар ўрнига 268 минг 815 нафар бола соғломлаштирилди. Жорий йилда эса 260 минг нафардан зиёд болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 50 минг нафари кам таъминланган, кўп болали, ёлғиз оилалар фарзандлари, 2 минг нафари Меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлари тарбияланувчилари ҳамда 4 минг нафари Оролбўйи минтақаси болаларидан иборат бўлади.

Амалиётдан

Бахтиёр Абдуллаев, «Максам-Чирчиқ» ОАЖ касаба уюшма қўмитаси ­раиси:

— Жамоамизда олти ярим мингга яқин ходим ишлайди. Уларни ҳар томонлама муносиб тарзда ҳимоялаш биз касаба уюшма фаолларидан катта масъулият талаб этади.

Меҳнат кодексида «Агар бошқа нарса жамоа шартномасида ёки келишувида келишилмаган бўлса», деган жумла бор. Бу дегани, агар биз жамоа шартномасига меҳнаткашлар манфаатидан келиб чиқиб бирор қўшимча, банд қабул қилсак, у ўша жамоа учун қонун даражасига кўтарилиб, ижроси мунтазам назорат қилиб борилиши керак. Бунинг учун иш берувчи билан бирга икки томонлама меҳнат консултациялари комиссиясини тузганмиз. Улар жамоа шартномаси шартларининг бажарилишини назорат қилиб боришади. Ҳар чоракда бир марта йиғилиб, жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича акт тузилиб, ҳар бир банднинг бажарилиши назардан ўтказилади.

Илҳом Қурбонов, «Ўзметкомбинат» ОАЖ касаба уюшма қўмитаси раиси:

— Жамоамизда жамоа шартномаси уч йилга қабул қилинган бўлиб, 19 та боб, мингдан ортиқ моддалардан иборат. Унга кўра, аёлларга ва ёш ходимларга кенг имконият ва етарли шароитлар яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Жараён давом этмоқда. Жумладан, таътилга чиққан аёлларга уч кунлик қўшимча таътил, биринчи фарзанд кўрганда ёш оилага энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдорида мукофот пули ҳамда тўйларда моддий кўмак берилади. Бундан ташқари, спорт мажмуаларимиз, оромгоҳ ва дам олиш ҳудудларимиз доимо меҳнаткашлар ихтиёрида.

Матбуот анжуманида мавзу юзасидан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Савол: Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи давлатимиз томонидан устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айниқса, «Устоз-шогирд» тизими асосида олиб борилаётган ишлар катта самара бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада касаба уюшмаларининг иштироки қандай бўлаяпти?

Жавоб: Дарҳақиқат, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор берилаяпти. Бу йил коллежларни 516 минг нафар ўғил-қиз битиради. Уларнинг бир қисми олий ўқув юртларида ўқишни давом эттирса, аксарияти, албатта, иш билан таъминланиши керак.

Маълумки, Президентимиз ташаббуслари билан «Устоз-шогирд» тамойили амалиётга тадбиқ қилиниб, уч томонлама – корхона, коллеж ҳамда битирувчи ўртасида шартномалар имзоланган. Унда битирувчи қаерда ишлаши белгилаб қўйилган. Бунда касаба уюшмалари ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўтган йилдан эътиборан фаолларимиз ташаббуси билан коллеж ўқувчиларини амалиёт учун корхоналарга бириктириш жараёнида амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг барқарор ишлаб кетиши учун шароит яратиб бериш, меҳнат йўриқномаларидан ўтказиш, махсус кийим-бош билан таъминлаш, моддий ёрдам кўрсатиш каби масалаларда салмоқли ишлар амалга оширилди.

Савол: Меҳнаткашларнинг санаторийларда дам олиши ҳамда даволанишини тизимли ва адолатли ташкил этиш борасида нималар қилинмоқда?

Жавоб: Албатта, «Шунча йилдан бери аъзолик бадалини тўлайману нега ҳеч ким мана сенга йўлланма, сиҳатгоҳда дам олиб кел, демайди» деган савол кўпчиликни қийнайди. Ўтган йилдан эътиборан бу борада янги режа асосида иш олиб бориляпти. Илгари ходим беш йилда бир марта касаба уюшма кўмагида сиҳатгоҳга бориш имконига эга эди. Эндиликда, бошланғич ташкилотларда қолдириладиган тушум миқдорини 3 фоиз кўпайтириш, яъни  аввалги 50 фоиз ўрнига 53 фоизга кўтариш бу масалага ижобий таъсир этди. Эндиликда ходим касаба уюшма кўмагидан фойдаланган ҳолда ҳар 3 йилда бир марта сиҳатгоҳда дам олиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу тариқа ҳар йили республика миқёсида 10 000 нафардан ортиқ меҳнаткаш қўшимча соғ­ломлаштирилишига эришилади.

Савол: Аграр соҳада, жумладан, фермер хўжаликларида ёлланма ишчилардан фойдаланиш, меҳнат шартномаларини тузиш ва касаба уюшмаларига жалб этишда қатор муаммолар мавжуд…

Жавоб: Дарҳақиқат, аграр соҳа бирмунча оқсаётган тармоқ ҳисобланади. Ҳозирда бу йўналишда янгича ёндашув асосида ишлар йўлга қўйилмоқда. Ташкилий ишлардаги камчиликлар бартараф қилиниб, ҳар бир туманда оптималлаштириш жараёни кетмоқда. Яъни, бошланғич ташкилотларни тузиш, уларни бирлаштириш, фермер хўжаликлари бошланғич ташкилотлар раисларининг ўқув марказимизда малакаларини ошириш, зарур услубий, ўқув қўлланмалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилаяпти.

Таъкидлаш жоиз, фермер хўжаликларида жамоа шартномаларини тузиш масаласи уч босқичга бўлинган. Биринчи босқичда фермер ҳўжалиги учун 7-8 банддан иборат кичик жамоа шартномасини тузиш амалиётини жорий қилдик. Иккинчи босқич, бу битта ҳудудда жойлашган фермер ҳўжаликларини бирлаштириб, уларга битта жамоа шартномасини тузиш ва учинчи бос­қичда ҳар бир фермер ҳўжалигида тўлақонли жамоа шартномасини тузишдан иборат. Бироқ ҳали сўнгги босқичга етиб келганимиз йўқ.

Ҳақиқатан, меҳнат дафтарчалари очилмаслиги ва меҳнат шартномалари тузилмаслик ҳолатлари тез-тез учраб туради. Бу борада Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига ўз таклифларимизни киритганмиз.

Савол: Жамоа шартномаси ижросини назорат қилиш қай тартибда амалга оширилади?

Жавоб: Жамоа шартномаларининг қай тартибда бажарилиши Меҳнат кодексининг 46-моддасида белгилаб қўйилган. Жамоа шартномасига имзо чеккан шахслар йилига камида бир марта меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ёки конференциясида ҳисобот берадилар. Жамоа шартномасини бажармаслик меҳнатга оид қонунларнинг бузилиши деб, ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан жарима солишга асос бўлади. Бизда жамоа шартномаларининг бажарилиши юзасидан ҳисобот бериш феврал-март ойларида бўлиб ўтади. Шартнома бандлари бажарилмаган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан қандай чора кўриш масаласини меҳнат жамоаси ёки конференция ҳал қилади. Бу масала бўйича меҳнат инспекциясига ҳам мурожаат қилиш мумкин.