20.07.2012. 20 июль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Меҳнаткашлар ва улар фарзандларини соғломлаштириш ҳамда дам олдириш ишларининг сифати ва самарадорлигини оширишга тизимли янгича ёндошув натижалари” мавзуига бағишланган Матбуот конференцияси ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимларига Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева томонидан касаба уюшмаларининг ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш, тизимдаги санаторийларда, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида бу борада янгича ёндошув асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Республикадаги энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти ҳисобланган касаба уюшмалари бугун ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш, бандликни таъминлаш каби йўналишлардаги ишлар билан биргаликда меҳнаткашлар ҳамда улар фарзандларини соғломлаштириш сифатини ошириш ва самарадорлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимида 15 та санаторий фаолият кўрсатмоқда. Булар: Бухоро вилоятидаги “Ситораи Моҳи Хоса”, Жиззах вилоятидаги “Зомин”, Самарқанд вилоятидаги Абу Али ибн Сино, Фарғона вилоятидаги “Чимён”, Наманган вилоятидаги “Чортоқ”, “Косонсой”, Навоий вилоятидаги “Олтинсой”, Тошкент вилоятидаги “Ботаника”, “Бўстон”, “Умид гулшани”, “Оқ тош”, Тошкент шаҳридаги “Чинобод”, “Турон”, Қашқадарё вилоятидаги “Қашқадарё соҳили”, Хоразм вилоятидаги “Хонқа” санаторийларидир.
Касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишларини, хусусан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишларини такомиллаштириш борасида 2011 йилда бошланган саъй-ҳаракатлар бу йил ҳам изчил давом эттирилмоқда. Чунки, Истиқлол йилларида халқимиз турмуш даражасининг йил сайин юксалиб бораётгани натижасида бугун касаба уюшмалари тизимидаги соғломлаштириш масканларига бўлган талаб ҳам ортмоқда. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтган йилдан бошлаб тизимда мавжуд барча санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларда кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини янада ошириш, сиҳатгоҳларни жаҳон андозалари талаблари даражасидаги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада бошланган ишлар кўламини янада кенгайтириш, Республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган санаторийларимизда дам олиб, даволанувчилар учун яратилган шароитларни янада яхшилаш мақсадида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, эришилаётган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмай, фаолият сифатини янада ошириб бориш тамойилидан келиб чиққан ҳолда Наманган, Қашқадарё, Бухоро, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги санаторийларда янги ётоқ ва даволаниш бинолари, болалар майдончалари, маъданли сув муолажалари мажмуалари барпо этилди. Хусусан, тизимдаги санаторийларда дам олувчиларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада ошириш мақсадида Наманган вилоятидаги “Косонсой” санаторийсида табиий омиллардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, аҳолини соғломлаштириш билан янада кенг қамраб олиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 220 ўринли ётоқхона ҳамда санитария-эпидемиология назорати талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган 300 ўринли замонавий ошхона биноси капитал таъмирланиб, дам олувчилар ихтиёрига топширилди. Шунингдек, сиҳатгоҳда даволанувчиларга яратилган шароитлар сифатини янада ошириш мақсадида газ ва ёқилғи ёрдамида ишлайдиган замонавий иситиш тизими, катта қувватга эга бўлган дизель генератори ишга туширилди.
Қашқадарё вилоятидаги “Қашқадарё соҳили” санаторийсида 745 млн. сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада 1-ётоқ бўлими тўлиқ капитал таъмирланиб, жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб бера оладиган 30 ўринли замонавий ётоқ биноси барпо этилди. Санаторий энг замонавий қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминланди.
Жиззах вилоятидаги “Зомин” санаторийси ҳудудида ҳордиқ мазмунини янада бойитиш ва касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида “Осма дор йўли” қурилиб, қишки мавсумда чанғи спортини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, санаторийда болалар ўйингоҳлари ва стадион қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилоятидаги “Умид гулшани” санаторийси ҳам тубдан қайта таъмирланиб, катта ҳажмдаги реконструкция ишлари амалга оширилди. Санаторийнинг иситиш тизими янгиланди. Ҳам шаклан, ҳам мазмунан янги қиёфа касб этган “Умид гулшани” санаторийсининг янги ётоқ ва даволаш биноларининг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – давлатимиз Мустақиллигининг 21 йиллиги арафасида тантанали очилиши режалаштирилган.
Жуда шифобахш иқлим шароитига эга бўлган сиҳатгоҳларимиздан яна бири – “Оқ тош” санаторийсида барпо этилиб, халқ хизматига топширилган янги замонавий оилавий коттеджлар хизматидан бугун дам олиб, даволанувчилар беҳад мамнунлар. Мазкур санаторийда дам олувчилар вақтини янада сермазмун ташкил этиш, спорт орқали муолажалар самарасини янада кучайтириш мақсадида теннис корти, волейбол, баскетбол майдонлари, болалар ўйингоҳлари барпо этилди.
Наманган вилоятидаги “Чортоқ” санаторийсининг соғломлаштириш мажмуаси ва маданият саройи капитал таъмири натижасида бугун даволанувчилар энг замонавий хизмат тизими ва самарали даволаш муолажаларидан баҳраманд бўлмоқдалар. Шунингдек, санаторийда ота-оналари билан дам олувчи болалар учун алоҳида ўйингоҳ барпо этилди.
Фарғона вилоятидаги “Чимён” санаторийсида амалга оширилган 250 млн. сўмлик реконструкция ишлари натижасида 3-ётоқ биноси ва маданият саройи нафақат сифат жиҳатидан, балки ҳажман ҳам кенгайди.
Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсида фойдаланилмай келинаётган эски маъмурий бино қайта реконструкция қилиниб, замонавий ётоқ биноси барпо этилмоқда.
Тошкент шаҳридаги “Чинобод” санаторийсида маъданли сув мажмуи капитал таъъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Физиотерапия даволаш бўлимининг янги биноси қурилиши, 1-ётоқ биносини капитал таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда.
Тизимдаги сиҳатгоҳларда тиббиётнинг энг замонавий усулларидан самарали фойдаланиш мақсадида санаторийлар жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги “Турон”, “Чинобод”, Тошкент вилоятидаги “Ботаника”, “Бўстон”, Наманган вилоятидаги “Чортоқ”, “Косонсой”, Бухоро вилоятидаги “Ситораи Моҳи Хоса”, Қашқадарё вилоятидаги “Қашқадарё соҳили” санаторийлари умуртқани тортиш, қимматбаҳо турмалин тошлари ёрдамида организмдаги метаболизмни яхшилаш, ички касалликларнинг олдини олишда қўлланилувчи NUGA Best аппаратлари билан таъминланди.
“Чимён”, “Оқ тош”, Абу Али ибн Сино, “Умид гулшани” санаторийлари бўғим ва умуртқа поғонаси касалликларини даволаш учун кўп функцияли ЗИНДА аппарати билан таъминланди. “Бўстон” санаторийсида янги даволаш хоналари, хусусан, маъданли сув билан ичак ювиш, галотерапия (туз ғори) хоналари фаолияти йўлга қўйилди. “Чимён” санаторийси АМПЛИПУЛЬС-М аппарати билан, “Олтинсой” санаторийси замонавий Ультратовуш текшируви аппарати билан таъминланди. “Қашқадарё соҳили” санаторийсида қум ва туз билан даволаш муолажалари йўлга қўйилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Санатор-курортлар бошқармаси фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Касаба уюшмалари тизимидаги санаторий-курортлар фаолиятини ривожлантириш” Концепцияси бу борадаги ишлар сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Унга мувофиқ касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда фаолият кўрсатаётган ходимлар билими ва малакаси тахлил этилиб, хулосалар асосида улар билимини чуқурлаштириш, шахсий маъсулиятини кучайтириш, малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, санаторий ходимларининг бу борадаги малакаларини ўрганиш мақсадида “Чинобод”, “Турон”, “Умид Гулшани”, “Ботаника”, “Бўстон”, “Оқ тош” санаторийлари ходимлари аттестациядан ўтказилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда нафақат Республикамиз, балки ҳорижий давлатлар фуқароларининг дам олиб, даволанишга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда сиҳатгоҳлар ходимларининг чет элларда малакасини ошириш, ҳорижий тилларни чуқур эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Алоҳида таъкидлаш зарурки, тизимдаги санатор-курортлар фаолиятини такомиллаштириш, хусусан, кадрлар малакаси ва салоҳиятини ошириш, санаторийлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, даволаш-соғломлаштириш ишлари сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида бугунги кунда санаторийларимизда даволанаётган чет эллик фуқаролар сони ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида тизимдаги санаторийларда 1312 нафар чет эл фуқаролари даволандилар. Бу ўтган йилларга қараганда бир неча баробар кўпдир.
Шу боис бугунги кунда Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан касаба уюшмалари туризмини, хусусан, тиббий туризмни ривожлантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шу мақсадда қатор сайёҳлик агентликлари билан ўзаро ҳакорлик йўлга қўйилмоқда.
Тизимдаги сиҳатгоҳларда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, туристик агентликлар вакиллари билан ҳамкорликда “ИНФОТУР”лар ўтказилмоқда. Кадрларнинг билим ва малакасини ошириш, ҳорижий тилларни ўргатиш ишлари, ҳорижий мамлакатлардаги санаторийлар билан тажриба алмашиш, ўқув-тренинглар ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда санаторийларда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва ноанъанавий даволаш усуллари амалиётда кенг қўлланилмоқда. Хусусан, “Турон” ва “Чинобод” санаторийларида янги SPA технологияларидан фойдаланилмоқда. FISH-SPA ва аромафитованна, соғломлаштирувчи хусусиятга эга бўлган “Гарра руфа” балиқлари билан даволаш ишлари йўлга қўйилди. Натижада даволаш-соғломлаштириш ишлари самараси сезиларли даражада ортди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, тизимда ўтган йили бошланган такомиллашув ишлари натижасида касаба уюшма қўмиталари орқали санаторийларга меҳнаткашлар учун йўлланмалар ажратиш муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилди. Бошланғич ташкилотлар молиявий имкониятларининг кенгайтирилиши натижасида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш қамрови кенгайди. Натижада меҳнаткашлар учун ўз саломатликларини мустаҳкамлаш бўйича янги имкониятлар яратилди.
Буни рақамларда таҳлил қилсак, тизимдаги санаторийларда жорий йилнинг 6 ойи давомида 50 минг нафарга яқин меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари ўз саломатлигини мустаҳкамлади. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир.
“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида:
– 500 нафар ижтимоий ҳимояталаб аёлни имтиёзли соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача улардан 200 нафарга яқини дам олиб, даволанди. Бу мақсадлар учун 80 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланди;
– 51 та ёш оиланинг саломатлиги мустаҳкамланди;
– 117 та оила “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланма билан таъминланди;
– соғломлаштирилиши режалаштирилган 1000 нафар ёш она ва боладан 597 нафар она ва 889 нафар бола соғломлаштирилди. Ушбу мақсадларга 540 млн. сўмликдан зиёд маблағ сарфланди.
– қишлоқ ҳудудларда жойлашган санаторийлар атрофида истиқомат қилувчи оилаларнинг 2200 нафар вакили имтиёзли асосларда соғломлаштирилди.
– 1,5 минг нафар етим болани имтиёзли соғломлаштириш ишлари қизғин бормоқда.
– санаторийлар атрофидаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ёрдамида эҳтиёжманд оилалар аъзолари рўйхати тасдиқланиб, санаторийларда бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Улар лозим бўлган ҳолларда амбулатор шароитида даволанмоқдалар.
– Имтиёзли соғломлаштирилиши режалаштирилган 500 нафар ногирондан 343 нафари соғломлаштирилди.
Кам таъминланган оилалардан бўлган фуқароларга тизимдаги санаторийларда даволаниш учун 9 млн. 472 млн. сўмлик йўлланма ҳомийлик ёрдами сифатида ажратилди.
Санаторийларда ўтган йили амалга киритилган тажриба – фертиль ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари бу йил ҳам изчил давом эттирилмоқда. Тизимдаги янгиликлардан яна бири – кўкрак бези саратони касаллигига чалинган аёлларни реабилитация қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлардир.
Санаторийларда дам олиб, даволанувчилар учун нафақат соғломлаштириш муолажалари, балки, маданий-маърифий, маънавиятни юксалтирувчи тадбирлар ҳам йўлга қўйилган. Улар иштирокида санаторийлар жойлашган ҳудудлардаги тарихий обидар, диққатга сазовор жойлар, Мустақиллик иншоотларига, театр ва музейларга саёҳатлар уюштирилади. Таниқли олимлар, адабиётв асанъат намоёндалари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, маънавият соатлари, концерт дастурлари, кулги кечалари ташкил этилади.
Меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш
Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Истиқлол йилларида ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу жараёнларда болаларни ёзги соғломлаштириш ишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг ташкил этилиши болаларни соғломлаштириш ишлари самарадорлигини янада ошириш имконини яратди.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибида ташкил этилган Ишчи гуруҳлари ва Ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар аъзолари ҳар бир ҳудудда мавсумнинг намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлаш йўналишларида иш олиб бормоқдалар.
Жорий йилги соғломлаштириш мавсумининг яна бир муҳим янгиликларидан бири – бу мавсумнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси”га мувофиқ ташкил этилганлиги бўлди. Чунки, мамлакатимизда болаларни соғломлаштириш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда болалар оромгоҳларининг фаолият йўналишларини шаклан ва мазмунан бойитиш имконини берган мазкур дастурий ҳужжат бу борадаги ишлар сифатини янада оширибгина қолмай, ҳар бир ўғил-қизни соғломлаштириш билан қамраб олиш кўламини ҳам кенгайтирди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, жорий йилда оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2012-2014 йиллар учун Манзилли дастур қабул қилинди. Мазкур дастур доирасида жорий йилдан бошлаб Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида янги замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳларини барпо этиш, Республикамизнинг турли ҳудудларида мавжуд 45 тага яқин оромгоҳларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида бу соҳага қаратиб келинаётган эътибор натижасида ёш авлод камолотида муҳим ўрин тутувчи мазмунли ҳордиқ ва соғломлаштиришни ташкил этиш масаласи доимий равишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари диққат марказида бўлиб келмоқда. Бугун Ўзбекистоннинг жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги тажрибаси дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистоннинг бошқа ҳеч бир мамлакатга хос бўлмаган тажрибаси, яъни, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳаморликдаги имкониятларини йўналтириш амалиёти бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Ушбу масъулиятли жараёнда кўплаб давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳам болажонларнинг ёз мавсуми давомида кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш зарурки, касаба уюшмалари бугун ходимларни нафақат соғломлаштириш, балки меҳнаткашлар ва улар фарзандларини соғломлаштириш сифатини ошириш ва самарадорлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу борада ўтган йили амалга киритилган янгича ёндошув асосида соғломлаштириш тизимини такомиллаштириш ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Республикамизнинг барча ҳудудларида мавсум олдидан болалар соғломлаштириш оромгоҳларида фаолият кўрсатиш учун танлов асосида саралаб олинган ходимлар билими ва малакасини оширувчи ҳудудий семинарлар ташкил этилди.
Бу йилги мавсумда республика миқёсида 900 га яқин болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, шу жумладан, 200 дан зиёд стационар туридаги ва 700 га яқин мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қошидаги кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият кўрсатиши режалаштирилган эди. 2012 йил 20 июнь ҳолатига 215 та стационар туридаги ва 800 дан ортиқ кундузги болалар оромгоҳи фаолияти ташкил этилиб, уларда 240 минг нафардан зиёд бола дам олдирилди.
Бугунги кунда соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этмоқда. Мавсум давомида оромгоҳларда 265 минг нафарга яқин ўғил-қизни соғломлаштириш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун 23,1 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Оромгоҳларда болалар хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги талаблари назоратини ички ишлар органларининг 1387 нафар ходими таъминламоқда. Болалар ромгоҳларида уларнинг куну-тун навбатчилиги ташкил этилган.
Шу ўринда барчани баробар қизиқтирадиган масалалар, хусусан, ота-оналар тўлови бўйича маълумотларни келтириб ўтамиз. Ота-оналар оромгоҳ йўлланмаларининг смета нархидан 30 фоизигача бўлган миқдорини тўлайдилар. Шунингдек, жами йўлланмаларнинг 10 фоизи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини бепул дам олдириш учун йўналтирилади.
Мавсум олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тегишли вазирликлар, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олувчи болаларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий-интеллектуал савияси ва дунёқарашини кенгайтиришга ҳисса қўшувчи омиллардан унумли фойдаланиш тадбирларини амалга оширди. Шунингдек, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига ижтимоий ҳимояталаб, серфарзанд оилалар фарзандларини жалб этиш кўламини оширилди.
Оролбўйи минтақаси фарзандлари дам олувчи оромгоҳлар географияси кенгайтирилди. Ишлаб чиқилган махсус дастурлар асосида оромгоҳларда тарбиявий йўналишларда олиб бориладиган ишлар ва ташкил этиладиган тадбирлар мазмуни тубдан янгиланиб, маънавий жиҳатдан бойитилди.
Яна бир муҳим омил – ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан амалга киритилган тажриба – “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳлари фаолияти бу йил янада кенг миқёсда давом эттирилмоқда. Худди шундай оромгоҳлардан бири – касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида ташкил этилди.
“Қуёшли” интеллектуал ривожлантириш оромгоҳида мавсумнинг 1- ва 2-навбатларида республикамизнинг турли ҳудудларидан фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашувлари” ғолиблари бўлган 500 нафар иқтидорли бола касаба уюшмаларидан туҳфа сифатида бепул соғломлаштирилди. Улар учун мавсум давомида маданий-маърифий ва маънавий тадбирлар билан бир қаторда “Маҳорат дарслари” ташкил этилди, диёримизнинг энг таниқли олимлари, фан арбоблари, адабиёт ва санъат намоёндалари билан учрашувлар уюштирилди.
Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам мазкур йўналишдаги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 1440 нафар иқтидорли ўғил-қиз соғломлаштирилиб, билимлари мустаҳкамланди.
Худди шундай янги тажрибалардан бири – Республикамизнинг турли ҳудудларида бу йил иккинчи маротаба фаолияти йўлга қўйилаётган “Меҳнат ва ҳордиқ оромгоҳлари” фаолиятидир. Бу оромгоҳлар юқори синф ўқувчилари таътилининг мазмунли ва самарали ўтиши билан бирга, уларнинг ўзларини қизиқтирган касб ёки ҳунар бўйича илк кўникмаларга эга бўлишлари, келгусида мустақил ҳаётда ўз ўринларини топишларида муҳим ўрин тутмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар ва корхона, ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган 20 дан зиёд мазкур йўналишдаги оромгоҳларда 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳордиқ чиқариб, фойдали меҳнатга йўналтирилмоқда.
“Мустаҳкам оила йили” Давлат дстурини ҳаётга татбиқ этиш доирасида Оролбўйи минтақасидан бўлган 4 400 нафар бола Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри корхона, ташкилот ва муассасалари тасарруфидаги энг сўлим ва баҳаво болалар соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштирилмоқда. Куни кеча – 19 июл куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан 400 нафар бола махсус поезд билан Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳига олиб келинди.
Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида юқорида таъкидланганидек, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилалар, “Меҳрибонлик” уйлари ва мактаб-интернати тарбияланувчиларини имтиёзли соғломлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қатор давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида бир неча йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси билан ҳамкорликда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида имконияти чекланган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларини имтиёзли соғломлаштириш ташкил этилди.
“Маҳалла” Республика ҳайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кўп болали оилаларнинг 567 нафар фарзандини имтиёзли соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.
Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 1000 нафар она ва боланинг саломатлиги мустаҳкамланди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган жамоа шартномаларига мувофиқ ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 50 минг нафар фарзандлари болалар соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилаётган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида режадаги “Меҳрибонлик” уйлари ва мактаб-интернати тарбияланувчиларидан 2000 нафарини имтиёзли асосларда соғломлаштириш режалаштирилгани ҳолда, амалда 2355 нафар тарбияланувчи (117,8 фоиз) касаба уюшмалари томонидан бепул соғломлаштирилди.
Мавсум давомида барча турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болалар маънавияти ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида бой ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар, турли соҳа ходимлари билан қизиқарли учрашувлар, маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари, оромгоҳлараро спартакиадалар, оромгоҳлар жойлашган ҳудудлардаги диққатга сазовор жойлар ва табиат қучоғига саёҳатлар уюштириш йўлга қўйилди. Шунингдек, концерт дастурлари, расмлар танловлари, викториналар, “Бола ҳуқуқлари”, “Бахтли болалик мамлакати» мавзуларида суҳбатлар, “Бизнинг оила – энг яхши спорт жамоаси” каби спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Табиявиявий ишлар сифати ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан барча оромгоҳларга миллий ватанпарварлик туйғулари ва инсоний фазилатларни қамраб олган фильмлар ҳадя этилди. Барча оромгоҳларда “Мустақиллик менинг тақдиримда” акцияси ўтказилиши йўлга қўйилди.
Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашида ташкил этилган тезкор Штаби мавсумнинг бориши, амалга оширилаётган ишлар, оромгоҳларга узлуксиз равишда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон етказиб берилиши, санитария ҳолатлари масалалари назоратини олиб бормоқда. Жойларда бу борада юзага келаётган масалалар тўғрисида кундалик маълумотлар жамланиб, белгиланган тартибда Мувофиқлаштирувчи гуруҳга тақдим этиб борилиши натижасида барча масалалар ўз вақтида ҳал этилмоқда.
Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш ва намунали ўтказишда жонбозлик кўрсатган энг яхши ташкилотчилар, энг яхши оромгоҳлар, уларнинг раҳбарлари, посбонлар, ошпазлар, педагоглар, тиббиёт ходимлари, оромгоҳ фаолиятини ташкил этишга яқиндан ёрдам берган хомий ташкилотлар, ҳокимликларни мавсум ниҳоясида ўтказилиши режалаштирилаётган “Болаларни ёзги соғломлаштириш ишлари ташкилотчиларининг Республика Форуми”да Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан рағбатлантириш режалаштирилган. Улар республикада энг яхши фаолият кўрсатган оромгоҳни аниқлаб берувчи “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови Низоми ва энг яхши фаолият кўрсатган ходимларни аниқлаб берувчи Низом асосида сараланадилар.
Ўзбекистон касба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати