[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

 

07.10.2013. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 7 октябр –   Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган Давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ёш касаба уюшма аъзолари иштирок этдилар.

Муносиб меҳнат тушунчаси орқали ходимлар ижтимоий ҳимояси кўламини кенгайтириш, давлат органлари, иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасидаги ижтимоий мулоқот кўзда тутилган. Самарали бандлик, ходимлар учун соғлом меҳнат шароитлари яратилиши, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш муносиб меҳнат асоси ҳисобланади.

Кейинги йилларда иш жойларида экологик меъёрларга риоя этишнинг аҳамияти, шу жумладан, яшил иш ўринлари яратиш, бундай шарт-шароитларни таъминлашда иш берувчиларнинг ижтимоий масъуллигини ошириш йўналишларидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда давлатимиз томонидан муносиб меҳнат тамойилларининг тўлиқ таъминланишига алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнат кишилари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 13 та конвенцияси ратификация қилинган ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Бунда мамлакатимизда меҳнат, бандлик ва аҳолининг ижтимоий муҳофазаси соҳасида зарур қонунчилик базаси яратилганлиги ва унинг доимий равишда такомиллаштириб борилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, Меҳнат кодекси, аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалардан ва касбий касалликлардан мажбурий ижтимоий суғурталаш, ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бола ҳуқуқлари, одам савдосига қарши курашиш тўғрисида ва бошқа қатор қонунлар қабул қилинган. Ўзбекистон ўзи танлаб олган иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлат бош ислоҳотчи, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш бўйича машҳур бешта тамойилга асосланган – ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш моделини изчил амалга ошириб келмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикасида ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан муносиб меҳнатни таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, меҳнат ва ижтимоий масалаларга оид қонун ҳужжжатларини такомиллаштириш ишларида касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланган бўлиб, бу йўналишда бандлик соҳаси ва меҳнат муносабатларини янада либераллаштириш, касаба уюшмалари фаолиятини тизимли ташкил этиш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати тизимлари барқарор ишлашини таъминлашни назарда тутувчи янги қонун ҳужжатларини яратиш ва амалдагиларини такомиллаштириш юзасидан тизимли иш олиб борилмоқда.

Бу жараёнда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этар экан ушбу жамоат ташкилоти ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг мурожаатлари юзасидан тезкор амалий чоралар кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.  Масалан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига 2013 йилнинг 9 ойи давомида фуқаролар томонидан жами 9446 та, жумладан 3635 та ёзма, 3983 та оғзаки, 1811 та “Ишонч телефонлари” ва 17 та Интернет тармоғи орқали  мурожаатлар келган бўлса, ёзма мурожаатларнинг 3487 таси ижобий ҳал этилди. Ходимлар ҳуқуқини тиклаш мақсадида судларга киритилган жами 54 та даъвонинг 38 таси,  қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан киритилган 443 та тақдимноманинг 332 таси қаноатлантирилди.

Касаба уюшмаларига янги аъзоларни жалб этиш, нодавлат сектори корхоналарида касаба уюшма ташкилотларини тузиш, фаоллар орасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш масалалари ҳам бевосита муносиб меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилган муҳим омиллардан биридир. Бу борада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида нодавлат секторидаги 2 минг 883 та корхона ва ташкилотда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари тузилиб, уларда меҳнат қилаётган 50 минг нафардан ортиқ ходимнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш, яратилган янги иш ўринлари ҳаққонийлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилишига кўмаклашиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган 9 ой мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 2 минг 986 та корхона ва ташкилотда яратилган 27 минг 771 та янги иш ўрни ҳаққонийлиги ўрганиб чиқилди.

Республикамизда меҳнат ва бандлик соҳасида фуқароларнинг миллати, жинси, дини, эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқиши белгиларига қараб камситишлар мавжуд эмаслигини Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар эришган энг катта ютуқлардан бири деб ҳисоблаш мумкин.  Иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш, иш ҳақининг тариф ва тариф қўшимча қисмлари ўртасида мақбул нисбатни ўрнатиш, ходимларнинг иш хусусиятларига қараб устамалар, қўшимчалар, компенсация тарзидаги тўловлар тўғри қўлланилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

Жамоа шартномалари орқали қатор корхоналарда ходимларга асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар бериш, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга 1  соатга қисқартирилган иш вақти белгилаш, тегишли ҳолатларда ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилларини ҳомиладорликнинг олтинчи ойидан бошлаб бериш, сафарбарлик чақируви захирасидаги ходимларга ҳарбий чақирув даврида 6  ой муддатга кредит ажратиш каби тадбирлар жорий этилган.

Давра суҳбатида Давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистонда муносиб меҳнат барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси,  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши,  Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мутасаддиларининг «Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар», «Муносиб меҳнат барқарорлигини таъминлашда касаба уюшмалари фаолияти», «Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилотининг муносиб меҳнат концепцияси бўйича ҳамкорлиги», «Иш берувчиларнинг ижтимоий масъулияти асослари» мавзуидаги маърузалари тингланди.

 ***                         ***                        ***

 Давра суҳбати доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилган «Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича энг яхши корхона» Республика кўрик-танлови ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.

Иш берувчилар томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоат назоратини таъминлашда ижтимоий шерикларнинг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур кўрик-танлов босқичма босқич ўтказилди. Бунда асосий эътибор меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари самарадорлигини янада ошириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, ходимларнинг соғлом ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлашга доир  қонституциявий  ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга қаратилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-ткнлов корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилишга оид тарғиботни кучайтириш, иш берувчиларнинг ходимларга хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш юзасидан манфаатдорлигини ошириш, корхоналарда ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишга доир ишларни янада кучайтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан ижобий тажрибаларни, шу соҳадаги илғор  шакл ва усулларни кенг тарғиб этиш, корхоналарда ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни рағбатлантириш, бу борада ижтимоий шериклик тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Республика кўрик-танлови якунлари бўйича Республика ишчи комиссияси томонидан 11 та тармоқ бўйича 11 та корхона ва ташкилот биринчи ўрин, 10 та корхона ва ташкилот иккинчи ўрин ва 9 та корхона ва ташкилот учинчи ўринга муносиб деб топилди. Ғолиблар I, II ва III даражали дипломлар ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Ғолиб бўлган корхоналар рўйхати билан кейинги материал орқали танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати