08.05.2013. Мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, халқимиз турмуш даражаси ва сифатини ошириш борасида самарали натижаларга эришилмоқда. Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шериклигини ривожлантириш бўйича яратилган шарт-нароитлар мазкур йўналишлардаги ишларда фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаол иштирокини таъминлаш имконини бермоқда.
Хусусан, республикамизда фаолият юритаётган энг оммавий жамоат ташкилотларидан бири – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти мисолида оладиган бўлсак, улар мамлакатимизда яратилган ижтимоий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, маънавиятини юксалтириш ва соғломлаштириш йўналишларида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар.
Сир эмаски, бошланғич касаба уюшма қўмитаси барча корхона, ташкилот, муассасалар фаолиятида муҳим бўғин саналади. Бинобарин у жамоадаги соғлом муҳитни шакллантириш, ишчанлик руҳини таъминлаш ва ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу боис бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалар Федерацияси асосий эътиборни бошланғич ташкилотлар фаолиятини ривожлантириш масаласига қаратмоқда. Бунда, айниқса нодавлат сектори тизимидаги корхона ва муассасалар билан алоҳида иш олиб борилмоқда. Чунки, юртимизда йил сайин иқтисодиётдаги улуши ортиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига муносиб ҳисса қўшиш касаба уюшмалари олдидаги устувор йўналишлардан биридир.
Касаба уюшмаларига аъзолик афзалликларининг оширилиши, тизимни такомиллаштириш натижасида бугунги кунда касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 95,8 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинишига эришилди. Тузилаётган жамоа келишувларида меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари аниқ ифода этилган. Ходимларнинг иш ва дам олиш вақтлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган.
Тузилаётган жамоа шартномалари орқали, жумладан, ходимларнинг касби, малакаси ва меҳнат шартномасига биноан тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини барпо этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш чоғида қонун меъёрларига риоя этиш масалалари ҳал этилмоқда.
Натижада кейинги 2 йилда жамоа шартномалари ва келишувлари ходимлар турмуш даражасини оширишнинг асосий омилларидан бирига айланди. Қатор тармоқларда жамоа шартномаси ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини юксалтиришнинг амалий воситасига айланмоқда.
Бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламдаги ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнаткашларга атрофлича тушунтириш мақсадида бошланғич ташкилотлар томонидан меҳнат жамоаларида ҳар ойда «Маънавият соатлари»ни ўтказиб бориш масаласи ҳам бевосита жамоа шартномалари орқали амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 1-чораги давомида ҳар бир ҳудудда 26 мингга яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотларида “Маънавият соатлари” ўтказилди. Уларда 3 миллионга яқин ишчи-ходимлар иштирок этди.
Ўтган йили “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган Ижтимоий сўров натижалари ҳам жамоа шартномаси тузилиши устидан назоратни таъминлаш масалаларида касаба уюшмаларининг тутган ўрни ва аҳамияти ортганини кўрсатмоқда. Сўровда иштирок этган респондентларнинг қарийб 80 фоизи ўзлари меҳнат қилаётган корхона ва ташкилотларда жамоа шартномаси тузилганидан хабардор эканликларини билдирганлар. Ўтказилган сўров натижалари жамоа шартномасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида меҳнат жамоаларининг тутган ўрни ва таъсири йилдан-йилга ортиб бораётганини ҳам кўрсатди.
Бу ҳақда Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Учтепа туман кенгаши раиси Холида Азизова шундай дейди:
– Тармоқ касаба уюшмаси томонидан хусусий корхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо шахобчаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоялаб келинмоқда. Кейинги йилларда биз билан ҳамкорлик қилиш, ўз корхонасида касаба уюшма қўмитасини тузиш ташаббусини кўрсатаётган нодавлат сектори тизимидаги иш берувчилар сони ортди. Ҳозирда туман бўйича 150 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассаса жамоа шартномасига эга. Уларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг барчаси тармоқ касаба уюшмасига аъзо бўлганлар.
Янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда касаба уюшма қўмиталарини тузиш, уларни жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиш касаба уюшма етакчисидан ўзига хос масъулият ва ташабускорликни талаб этади. Энг муҳими мазкур ишларда асосий эътибор ижтимоий шериклик асосида ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган.
Натижада жамоа шартномалари орқали нафақат ходимларнинг, балки улар оила аъзоларининг ҳам ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда. Хусусан, меҳнат жамоаларида ходимларнинг хавфсиз ва қулай шароитларда меҳнат қилиши бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Улар белгиланган тартибда махсус кийим-бош, профилактик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқдалар. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун туристик саёҳатлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, саломатликларини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги санаторийларга имтиёзли йўлланмалар берилмоқда.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда, – дея сўзини давом эттиради Х.Азизова. – Тизимли такомиллашув натижасида бошланғич ташкилотлар имкониятлари ҳар томонлама кенгайтирилди. Уларга Федерация Кенгаши ва тармоқ ҳамда ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари томонидан амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Жорий йилдан бошлаб бошланғич касаба уюшма ташкилотлари молиявий имкониятларининг янада кенгайтирилиши меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш имконини янада оширди. Бу ўз-ўзидан ходимлар кайфиятида кўтаринкиликни таъминлайди. Демакки, ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳам ортиб бораверади. Чунки, қаердаги меҳнат аҳлига эътибор юқори бўлса, етарли меҳнат шароитлари яратилса, ўша жойда иш унуми ҳам юқори бўлади.
Ходимлар манфаатларини устун қўйиб, касаба уюшма қўмитаси билан ижтимоий шериклик асосида меҳнаткашларга барча шарт-шароитларни яратиб берган корхоналардан бири пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Нурафшон нур” ҳамда “Зебинисо она” хусусий корхоналаридир.
ширинликлар ишлаб чиқарувчи ва шу каби кўплаб корхоналарни айтиш мумкин.
“Нурафшон нур” хусусий корхонаси ўз фаолиятини 2007 йилда беш нафар тикувчи билан бошлаган эди. Бугунга келиб бу ерда меҳнат қилувчилар сони 50 нафарга етди. Корхонада асосан ҳар касб эгалари учун махсус кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади. Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг самарали ижтимоий шериклигида жамоа шартномаси банд ва бўлимларининг тўлиқ бажарилига эришилмоқда.
– Тармоқ касаба уюшмаси Учтепа туман кенгаши биз билан ҳамкорликда ходимларимизни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда. – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Маҳмуда Абдуҳолиқова. – Бу корхонамизнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилаётир.
Тикувчиларимизнинг соғлиғига алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳар олти ойда бир марта бепул тиббий кўрикдан ўтказамиз. Шу билан бир қаторда кам таъминган, бетоб бўлиб қолган ходимларимиз доимий эътиборда.
Яхши меҳнат қилган киши яхши дам олишни ҳам билиши керак. Шу боис ходимларимизни ўз вақтида дам олдириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Маданий хордиқларини таъминлаш мақсадида концерт дастурлари, театрларга чипталар, соғломлаштириш марказларига йўлланмалар билан таъминлаб келинмоқда.
Буларнинг барчаси иш берувчи ва касаба уюшмаси ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг тўғри йўлга қўйилганлиги самарасидир.