3.01.2013. Ортда қолган 2012 йил Ўзбекистон касаба уюшмалари учун унумли ва янгиликларга бой йил бўлди. Чунки, худди шу йили тизимни такомиллаштириш борасидаги салмоқли натижаларга эришилиб, ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси кўлами кенгайтирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларини амалга оширишда кўзга кўринарли натижаларга эришилди. Хусусан, Қонун ижодкорлиги соҳасида касаба уюшмалари фаоллиги оширилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги (янги таҳрирда) Қонуни лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишлар якунига етказилди. Мазкур Қонун лойиҳаси барча мутасадди вазирлик ва идоралар таклифи асосида такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси бўйича тушган жами 200 дан зиёд таклифлар умумлаштирилиб, 2012 йил 3 октябрь куни Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг ижросини таъминлаш юзасидан фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш Комиссиясига киритилди.
Шунингдек, йил давомида 13 та Қонун ва 38 та меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, уларга тегишли таклиф ва хулосалар берилди.
Бугунги кунда республикада 1 та Бош келишув, республика миқёсидаги 86 та тармоқ келишуви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 91 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 94,5 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинишига эришилди.
Касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назорати тартибида 7 минг 417 та корхона ва ташкилот фаолияти ўрганиб чиқилди. Уларда аниқланган ҳолатлар юзасидан иш берувчиларга 2 минг 845 та тақдимнома киритилиб, 13 мингдан ортиқ камчиликлар бартараф этилишига эришилди.
Жорий йилги янги иш ўринларини яратиш дастури ижроси юзасидан касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик мониторинги ўрнатилиб, 2 минг 611 та корхона ва ташкилотда 24 минг 685 та янги иш ўрни ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди.
Меҳнаткашларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 21 минг 723 нафар фуқаро ва 179 минг 566 та оилага 39 млрд. 275 млн. 200 минг сўмлик кўмак берилди. Шунингдек, касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан 21 минг 236 нафар ёлғиз кексалар ва ногиронларга 658,4 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Жойларда жамоа шартномалари бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида кўтарилган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечими хусусида ҳамкорликда тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш, меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқларини ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмалари ролини янада ошириш мақсадида 2012 йил 26 декабр куни касаба уюшма фаолларининг Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар вакиллари билан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида касаба уюшма фаолларидан тушган 82 та энг долзарб мавзулар бўйича масалалар ечими юзасидан бевосита мутахассислар томонидан тегишли тавсиялар берилди.
Касаба уюшмалари тизимидаги 15 та санаторийда жами 91 минг 617 нафар меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариб, ўз саломатликларини тиклади, бу ўтган йилга нисбатан 2 минг 380 нафар (102,6 фоиз)га ортиқдир.
Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар банлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган 26 минг 407 нафар кам таъминланган оилалар ўқувчиларига касаба уюшмаси маблағи ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жами 332 млн. 305 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Касб-ҳунар коллежларини 2012 йилда имтиёзли диплом билан тугатган ёки кам таъминланган 10 минг 317 нафар битирувчига ишга жойлашгандан кейин энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида 324 млн. 572 минг сўмлик моддий ёрдам берилди.
Меҳнаткашларнинг ўз касбига бўлган фидойилигини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ташаббус ва изланишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда илк маротаба «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбири ўтказилди. Унда ўз соҳаси бўйича юқори натижаларга эришаётган ва бошқаларга ўрнак бўлаётган 52 нафар турли касб эгалари муносиб тақдирланди.
Нодавлат секторидаги 2443 та корхона ва ташкилотда бошланғич касаба уюшмаси ташкилот тузилиб, улардаги 49 минг 402 нафар ишчи-ходим касаба уюшмаси ҳимоясига олинди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 150,5 ва 121,4 фоизга ўсишга эришилди.
Федерация Кенгаши томонидан «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури чора-тадбирлари ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланиб келинмоқда. Жумладан:
Маҳаллалардаги 21,2 минг нафар меҳнат фахрийлари, ёлғиз кекса ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатилиб, касаба уюшмалари ҳисобидан 658,4 млн. сўм йўналтирилди.
Мустақиллик байрами ва билимлар кунига бағишлаб, илк бора мактабга борадиган ўқувчилар учун «Тозалик, озодалик – саломатлик гарови» тадбири ташкил этилиб, республика бўйича 5 минг 680 нафар 1-синф ўқувчиларига касаба уюшмаларининг 56,8 млн. сўмлик совғалари топширилди.
Шу билан биргаликда 961 та (224 та стационар, 737 та кундузги) оромгоҳда 267 минг нафардан ортиқ бола имтиёзли йўлланмалар билан, 50 минг нафардан ортиғи бепул соғломлаштирилди.
«Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларидан 17 минг 980 нафари ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг музей ва истироҳат боғларига саёҳатлари учун 87,5 млн. сўм, 10 минг 265 нафар боланинг республикамиздаги тарихий ва диққатга сазовор жойларга саёҳатлари учун 180,7 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Жойларда 1500 та янги иш ўрни яратилиб, ушбу мақсад учун 1892,4 млн. сўм сарфланди, унинг 1500,9 млн. сўмини касаба уюшмалари, 391,5 млн. сўмини ҳомийлар маблағи ташкил этди.
“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида касаба уюшмалари масъул этиб белгиланган чора-тадбирлар ижроси учун 42 млрд. 354 млн. 602 минг сўм, Давлат дастури асосидаги Федерациянинг тармоқ дастури бажарилиши учун 87 млрд. 805 млн. 407 минг сўм маблағ йўналтирилди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Конференция якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси, Украина касаба уюшмалари Федерацияси, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандумлар имзоланди.
Марказий нашрлар, шу жумладан, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари саҳифаларида касаба уюшмалари фаолиятини ёритувчи 1000 дан ортиқ таҳлилий мақола ва хабарлар, суҳбат ва лавҳалар чоп этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда НТТ каналлари орқали900 гаяқин таҳлилий лавҳа ва хабарлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар эфирга узатилди.
Федерация Кенгашининг Интернет тармоғидаги расмий Порталида «Талаб ва таклифларингиз» – «Ваши предложения» рукни ташкил этилди. Портал нафақат республикамиз, балки кўплаб хорижий давлатлардан кирувчи 8 мингдан ортиқ бир-бирини такрорламайдиган манзилдан бўлган ўқувчиларга эга бўлди, улар йил давомида Федерация Кенгаши Портали билан 88 минг 250 марта танишдилар. Шунингдек, Порталга кундалик кирувчилар сони 15 нафардан 90 нафарга ортди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Матбуот анжуманлари ўтказиш бўйича Ягона режа”га мувофиқ Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республика ва хорижий ахборот агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 4 та матбуот конференцияси ўтказилди.
Федерация Кенгаши томонидан Самарқанд шаҳрида «Нодир Самарқанд» меҳмонхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тизимдаги «Чинобод», «Косонсой», «Умид гулшани», «Қашқадарё соҳили» санаторийлари, Тошкент вилоятидаги «Шаббода», Сирдарё вилоятидаги «Сирдарё», Жиззах вилоятидаги «Ш.Рашидов», Хоразм вилоятидаги «Шодлик», Қорақалпоғистон Республикасидаги «Лочин», Андижон вилоятидаги «Боғишамол» болалар оромгоҳларида катта ҳажмдаги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан касаба уюшмалари ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2012 йилга мўлжалланган Манзилли дастур» тасдиқланди. Унга мувофиқ айни дамда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 4 та янги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, 7 та оромгоҳни реконструкция қилиш ва 30 та оромгоҳда капитал таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни 2013 йилда янада ривожлантириш мақсадида «Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича 2013 йилга мўлжалланган Манзилли дастур» ва “Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфида янги хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш, мавжудларини қайта таъмирлаш бўйича 2013-2015 йилларга мўлжалланган манзилли дастур” лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Қуйи бўғин, айниқса, бошланғич ташкилотларга енгиллик яратиш, нодавлат сектори корхоналарини касаба уюшмаларига жалб этган ҳолда, уларда ишлаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Федерация Кенгаши томонидан ўтказилган аноним сўровда бошланғич ташкилотлар томонидан билдирилган кўплаб таклиф ва истакларни инобатга олиб, Федерация Кенгаши Раёсатининг қарорига мувофиқ «Касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш ишчи гуруҳи» ташкил этилиб, касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини ва тузилмасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланди.
Касаба уюшмалари Марказий кенгашлари, шунингдек, ишчи гуруҳининг таклифлари асосида Федерация Кенгашининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятини ва тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори қабул қилиниб, ҳозирги кунда тузилмани такомиллаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Бунинг натижасида:
– ҳудуд ва тармоқлар фаолияти ҳамоҳанглиги таъминланиши;
– касаба уюшмалари фаолиятининг Уставда белгиланган барча йўналишлари бўйича аниқ вазифалар амалга оширилиши, соҳа бўйича касаба уюшмалари ишини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
– Такомиллашув натижасида иқтисод қилинган маблағлар ҳужжатлар алмашишнинг аниқ тизимини шакллантиришга, электрон ҳужжат айирбошлаш тизимини йўлга қўйишга;
– касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари молиявий имкониятларини кенгайтириш (ижтимоий объектлари мавжуд бўлган корхона, ташкилотларни инобатга олган ҳолда), улар ихтиёрида қолдирилаётган маблағларнинг 10 фоизигача бўлган қисмини ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун санаторий ҳамда дам олиш уйларига йўлланмаларга йўналтириш, ҳозирда бу борада мавжуд имкониятларни уч баробар оширишга, шунингдек, йўлланмаларнинг аъзолар томонидан тўланадиган 50 фоизлик қисман тўловини 45 фоизга туширишга, йўлланмаларни тўғридан-тўғри сиҳатгоҳлардан шартнома асосида ҳарид қилишга;
– бундан ташқари касаба уюшмаларига қарашли бўлган болалар соғломлаштириш оромгоҳларини реконструкция қилиш, санаторийларда дам олувчилар учун шароитларни янада яхшилаш, касаба уюшмалари аъзолари учун республиканинг тарихий жойларига саёҳатлар, экскурсиялар уюштириш, кам таъминланган касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўламини кенгайтириш, жамоа шартномаларида белгиланган касаба уюшма қўмиталарининг бошқа мажбуриятларини бажариш соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилади.
Янги 2013 йил – Обод турмуш йилида ҳам республика касаба уюшмалари мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда Ватанимизни янада гуллатиб-яшнатиш, эл фарвонлигини ошириш, халқимиз турмушини янада обод этиш йўналишидаги ишларга ўз муносиб ҳиссасини қўшишда давом этади.