[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.03.2013. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг V Қурултойидан кейин ўтган вақт мобайнида касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, уларнинг корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрни ва ролини ошириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида намунавий Низом” ишлаб чиқилиб, Федерация Кенгаши Раёсатида тасдиқланди. 2011 йилдан бошлаб ҳудудлардаги касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди. Шунингдек, республика миқёсида илк маротаба “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови йўлга қўйилди. Республикада фаолият юритаётган 1 минг 394 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг таълим йўналишларига мувофиқ тегишли тармоқ касаба уюшмалари хизматига олиниши, қайд этилган йўналишлардаги ишлар самарасини янада оширишга имкон яратди. Бошланғич ташкилотлар фаолиятига эътиборни янада кучайтириш мақсадида 2012 йилда ҳар бир ҳудуддаги биттадан туманда барча тармоқ касаба уюшмалари фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича бошланган ишлар бугун ижобий самара бермоқда.

Касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари тузилишига эришиш, бу орқали  ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиниши, ходимлар олдида иш берувчилар ва касаба уюшма ташкилотлари вакилларининг жамоа шартномалари бажарилиши тўғрисида ҳисобот бериб боришларини таъминлаш масалалари устувор вазифалар қаторидан ўрин олди.

Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлар мазмун моҳиятининг бойитилиши нафақат ходимлар, балки, улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини ҳам кучайтирди. Хусусан, ушбу локаль ҳужжатларга хотин-қизлар ва ёшлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлим ва бандлар киритилиб, улар учун имтиёзлар кўлами кенгайтирилди. Натижада хотин қизлар учун қўшимча таътиллардан фойдаланиш, ёш оилалар учун фоизсиз ссудалар бериш, ёш болалари оналарга моддий ёрдамлар кўрсатиш, ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди.

Меҳнат муҳофазаси соҳасида  ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар, касб касалликлари профилактикаси устувор вазифа этиб белгиланганлиги боис самарали натижаларга эришилмоқда. Касаба уюшмалари ходимларнинг хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари билан таъминланиши баробарида иш жойларида маиший шароитларнинг яратилиши, профилактик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши борасида ҳам жамоатчилик назоратини олиб бормоқдалар.

Маданий-маърифий ва спорт тадбирларини тизимли равишда ташкил этиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида ташкилотлараро спортнинг оммавийлигини ошириш, ходимлар спортини ривожлантириш, ишдан ажралмаган ҳолда саломатлик гимнастикаси ўтказилишини таъминлаш ишлари ташкил этилди. Бу орқали соғлом турмуш тарзи тарғиботи билан бирга ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшилмоқда.

Тизимни такомиллаштириш жараёнида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари молиявий имкониятларини кенгаётириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки, бошланғич ташкилотлар касаба уюшмалари фаолиятининг асосини ташкил этиб, бевосита ходимлар манфаатини манзилли ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, 2013 йилдан бошлаб бошланғич ташкилотларда аъзолик бадалларининг 60 фоизини, ижтимоий объектлари мавжуд бўлган корхона, ташкилотлар касаба уюшма қўмиталарида 70-80 фоизгача қолдириш тизими жорий этилди. Ушбу маблағларнинг 10 фоизгача бўлган қисмини ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига йўналтирилиши ҳозирда бу борада мавжуд имкониятларни уч баробарга ошириш имконини берди. Шунингдек, касаба уюшма аъзолари учун аввалгидек 5 йилда 1 маротаба эмас, балки ҳар 2 йилда 1 марта касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга имтиёзли йўлланма олиш имтиёзи берилди. Йўлланма нархининг ходим томонидан тўланадиган миқдори ҳам камайтирилди. Эндиликда касаба уюшма бюджети ҳисобидан ажратилган йўлланмалардан меҳнаткашларнинг яқин қариндошлари – ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари эҳтиёжи учун фойдаланиш имконияти яратилди.

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида илк маротаба ўтказилган бошланғич ташкилотлар еткачиларининг I-Республика Флорумида ушбу масалалар алоҳида муҳокама қилиниб, натижалар таҳлил этилди. Унда 100 дан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилоти етакчилари иштирок этдилар.

Мазкур Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – бошланғич касаба уюшма ташкилотлари иш фаолияти самарадорлигини ошириш, касаба уюшма фаолларининг интелектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, бошланғич ташкилотлар олдида турган вазифалар ва истиқболли режаларни белгилаш, етакчиларнинг ўзаро тажриба алмашишини ташкил этишдан иборатдир. Форум дастури доирасида иштирокчиларга Республика касаба уюшмалари ҳаракатида бошланғич ташкилотларнинг тутган ўрни ва ролини ошириш борасида тегишли тавсия ва йўриқлар берилди. Энг намунали бошланғич ташкилотлардан “Максам-Чирчиқ” акционерлик жамияти, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси касаба уюшма қўмиталари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини ташкил этиш соҳасидаги ижобий иш тажрибалари тақдимоти ўтказилди. Федерация Кенгаши мутахассислари модераторлигида касаба уюшмалари фаолиятининг барча устувор йўналишлари бўйича сессия машғулотлари ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари шунингдек, Тошкент иссиқлик электр станцияси, «Ўзкабель» очиқ акционерлик жамиятида бўлиб, мазкур корхоналар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ҳамда иш берувчилар ижтимоий шерикликлигида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.

Тадбирнинг 1-қисми якунига кўра Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича дастур ҳамда Форум резолюцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати