20.09.2013. Йилдан йилга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ҳорижлик дам олувчилар сонининг ортиб бораётгани Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимдаги сиҳатгоҳларда туризм ва соғлиқни сақлаш интеграциясини ривожлаништиришга қаратилаётган эътибор самарасидир. Шу мақсадда санаторийлар жаҳон андозалари талаблари даражасидаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, даволашнинг халқаро стандартларга мос янги усуллари ташкил этилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда тизимдаги сиҳатгоҳларда даволашнинг янги технологиялари – азонотерапия, рефлексотерапия, психотерапия, спелиотерапия, СПА салонлар амалда жорий этилди. Натижада ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2,5 минг нафарга яқин узоқ ҳориж ва МДҲ давлатлари фуқароларига соғломлаштириш ва реабилитация хизматлари кўрсатилди.
2013 йил 20 сентябрь куни Жиззах вилоятидаги “Зомин” санаторийсида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда унинг қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси томонидан “Санатор-курорт соғломлаштириш ва тиббий туризмни ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Озарбайжон ва Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг таниқли туристик компаниялари, тиббиёт клиникалари вакиллари, туризм бўйича халқаро мутахассислар, олим ва экспертлар, миллий туроператорлар ва касаба уюшмалари бирлашмалари раҳбарлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, унинг қошидаги хусусий туристик ташкилотлар уюшмаси вакиллари иштирок этдилар.
Анжумандан кўзланган мақсад – мамлакатимиздаги санатор-курорт муассасалари фаолияти самарадорлиги ва хизматлар сифатини ошириш, улардаги замонавий технологиялар базасини кенгайтириш ҳамда санатор-курорт муассасалари фаолиятининг туристик ташкилотлар билан интеграциясини кучайтиришдир. Шунингдек, халқаро Давра суҳбатида Республикамизнинг санатор-курорт тизимидаги туристик ресурсларга ҳорижий шерикларни янада кенгроқ жалб этиш, бу орқали диёримиздаги бетакрор ва шифобахш иқлим шароитига ҳамда гўзал табиатга эга бўлган масканларни жаҳонга янада кўпроқ танитиш имкониятларини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мазкур соҳада амалга оширилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши узайиб, оналар ва болалар саломатлиги муҳофазаси юқори сифат даражасига кўтарилди. Соғлиқни сақлаш тизимининг босқичма-босқич ислоҳ этилиши натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарали тизими яратилди.
Мазкур жараёнларда аҳолини соғломлаштириш ва соғлом турмуш тарзини жорий этиш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги 15 та санаторий фаолияти самарадорлигини ҳамда улардаги тиббий хизмат сифатини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, санаторийлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган катта ҳажмдаги қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишлари, сиҳатгоҳларнинг энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминланиши, тиббиёт ходимлари малакасининг мунтазам равишда оширилиши натижасида тизимдаги санаторийлар нафақат Республикамиз аҳолиси, балки, ҳорижлик дам олувчилар эътиборини ҳам кенг жалб этмоқда.
Йилдан йилга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ҳорижлик дам олувчилар сонининг ортиб бораётгани Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимдаги сиҳатгоҳларда туризм ва соғлиқни сақлаш интеграциясини ривожлаништиришга қаратилаётган эътибор самарасидир. Шу мақсадда санаторийлар жаҳон андозалари талаблари даражасидаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, даволашнинг халқаро стандартларга мос янги усуллари ташкил этилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда тизимдаги сиҳатгоҳларда даволашнинг янги технологиялари – азонотерапия, рефлексотерапия, психотерапия, спелиотерапия, СПА салонлар амалда жорий этилди. Натижада ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2,5 минг нафарга яқин узоқ ҳориж ва МДҲ давлатлари фуқароларига соғломлаштириш ва реабилитация хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, тизимдаги санаторийларда тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси махсус Дастурига асосан сиҳатгоҳлар мутахассислари бир қатор ҳорижий мамлакатлар, хусусан, Чехия давлатининг “Карловы Вары” курортида тажриба алмашиш билан бирга малака ошириб қайтдилар. Санаторийларда фаолият кўрсатаётган ошпазлар эса миллий ва европа таомларини тайёрлаш бўйича “Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси” қошидаги “Халқаро ўзбек пазандачилиги санъати маркази”да малака оширдилар.
Касаба уюшмалари томонидан аҳолини сифатли соғломлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳар йили тизимдаги сиҳатгоҳларда 97 минг нафардан ортиқ кишининг саломатлигини мустаҳкамлаш имконияти яратилди. Жорий йилнинг 1-ярмида уларда 44,5 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, тизимдаги ҳар бир санаторий кўп тармоқли бўлиш билан бирга, кардиологик, гастроэнтерологик, гинекологик, неврологик, пульмонологик ҳамда нефрологик касалликларни даволашга ҳам ихтисослаштирилган.
Тадбир доирасида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мутахассислари ва ҳорижлик соҳа ходимлари ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар. Европа, Осиё, ва МДҲ давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар томонидан инсон саломатлигини мустаҳкамлашда санатор-курорт хизматининг аҳамияти тўғрисида таҳлилий мулоҳазаларини билдирдилар.
Халқаро Давра суҳбатида ҳорижлик мутахассислар Ўзбекистон сиҳатгоҳларининг ушбу жиҳатларига юқори баҳо бердилар. Улар томонидан келгусида Ўзбекистондаги сиҳатгоҳлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истаги билдирилди.
Тадбир муносабати билан ташкил этилган кўргазмада чет эл компанияларининг диагностик ва физиотерапевтик жиҳозлари намойиши ўтказилди. Ҳорижий иштирокчилар Зомин туманидаги диққатга сазовор масканлар билан танишдилар.
Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.