“Обод турмуш йили” Давлат дастури амалда
17.09.2013. 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани Ободонлаштириш бўлимида Обод турмуш йилига бағишланган Маънавият соати ўтказилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Шайхонтоҳур туман Кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси вакиллари иштирок этдилар.
Маънавият соатига йиғилган Ободонлаштириш бўлими ходимларига “Обод турмуш йили” Давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон Президент Ислом Каримовнинг Республика оммавий ахборот воситаларида чоп этилган “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” рисоласи жаҳон жамоатчилиги эътиборида” мақоласининг мазмун-моҳияти етказилди.
Шунингдек, тадбирда “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида бўлимнинг 8 нафар ходими – кам таъминланган оилалардан бўлган аёлларга касаба уюшмалари томонидан “Бўстон” ва “Ботаника” санаторийларига бепул йўлланмалар берилди.
– Мазкур маънавият соати орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилаётганига яна бир бора амин бўлдик, – деди туман Ободлонлаштириш бўлими касаба уюшма қўмитаси раиси Дилором Маҳкамова. – Буни йилда йилга халқимиз турмуши фаровонлигининг ортиб бораётганида ҳам кўрмоқдамиз. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бизнинг хайрли ишларимизда мадад бўлмоқда. Бугунги тадбирда ходимларимизга берилган бепул йўлланмалар ҳам барчамизга янги ғайрат бахш этди. Биз шаҳримиз, туманимиз ободлиги йўлида бундан-да самаралироқ меҳнат қилишда давом этаверамиз.