20.03.2014. Мана, юртимизга фасли навбаҳор ҳам кириб келди. Баҳорда табиат уйғониши билан бирга, она заминимизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин паллага киради. Энг гўзал байрамларимиз билан бирга диёримизда ризқу насибаларни зиёда этувчи тадбирлар авж олади.
Кўчат экиш, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир. Зеро, ўзимиз яшаётган заминни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш туфайли кўнглимиз ҳам обод, турумшимиз файзли ва фаровон бўлади. Қолаверса, боғлар, кўчалар ва йўл ёқаларида яшнаб турган дарахтлар теварак-атрофга кўрк бахш этиш, ҳавонинг мусаффолигини таъминлаш билан бирга ширин-шарбат мевалар билан дастурхонларимизни тўлдиради. Энг муҳими, юртимизни обод этиш ва кўкаламзорлаштириш ишларига бош қўшган инсон ўз меҳнати маҳсулини кўргани сайин маънан юксалиб бораверади.
Кўкаламзорлаштириш тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, касаба уюшма фаоллари мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш, парваришлаш, сақлаш ва зараркунандалардан ҳимоялаш борасидаги ишларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу мақсадда корхона, ташкилот ва муассасалар, касаба уюшмалари тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторийлар атрофи ва ҳудудларида каштан, япон сафораси, лола дарахти кўчатларини етиштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Дарахт кўчатларини экишда нафақат уларнинг кўркамлиги, балки инсон саломатлигига фойдаси ҳам эътиборга олинмоқда.
Жорий йилда Касаба уюшмалари Федерацияси Давлатимиз раҳбарининг “2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида яшариш ва янгиланиш айёмида маҳаллаю гузарларимиз, шаҳару қишлоқларимизда кенг кўламли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда кўчат экиб, боғ яратиш бўйича мамлакатимиз аҳолисига, ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат қилаётган ходимларга мурожаат билан чиқди. Ушбу мурожаат жойларда, меҳнат жамоаларида катта хайрихоҳлик билан кутиб олинмоқда. Бунинг натижасида биргина Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги «Истиқлол» ва «Фурқат» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида Касаба уюшмалари Федерацияси ва маҳаллий ҳокимлик ҳамкорлигида ҳашар ўтказилди. Ҳашарчилар кўмагида 5 гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилиб, 2 километрга яқин ирригация (латок) ариқлари тозаланди. Маҳалла ҳудудидан чиқиндилар олиб чиқилди. Йўл ва кўп қаватли уйлар атрофидаги 200 тупдан зиёд дарахтга шакл берилиб, оқланди. Шунингдек, туман ҳудуди, шу жумладан, Толариқ, Салар, Янги Қўйлиқ, Олмазор, Парвона маҳаллалари атрофини ободонлаштириш ишларига киришилиб, 2800 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Натижада янги боғлар барпо этилишига замин яратилди.
Бундан ташқари, бугунги кунда бошланғич касаба уюшмалари иштирокида меҳнат жамоаларида фаолият кўрсатаётган ходимлар сонидан келиб чиққан ҳолда корхона, ташкилот ва муассасалар, таълим-тарбия масканлари, маданий-маиший ва ижтимоий объектлар атрофида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари ташкил этилмоқда. Мазкур хайрли ишларнинг мамлакатимиз табиатини муҳофаза этиш, умуммиллий бойлигимиз бўлган ўсимликлар дунёсини асраб-авайлаш, кўпайтириш ва келажак авлодга бус-бутун етказишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилишини таъминлаш мақсадида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Бундан кўзланган мақсад – халқимизга хос эзгу фазилатларни янада юксалтириш, қишлоқ ва шаҳарларимизни, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшишдир, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев. – Корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим биттадан кўчат экканда ҳам минглаб боғ ва гулзорлар барпо этилади. Бундай хайрли ишлар келгусида аҳолини мева-чева билан таъминлашни янада яхшилашда, юртимизда йирик боғлар барпо этилишида қўл келади.
Барча вилоятларда бу борада олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар обод юртимизга гўзаллик, барака ва тўкинлик олиб келиши билан бирга экологик маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади.