[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.08.2014. Санжар ота изидан бориб, шифокорликка меҳр қўйди. У Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти стоматология факултетида ўқиб юрган пайтларидаёқ, ўз тиришқоқлиги, изланувчанлиги ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турарди. Ўтказиладиган тадбирлар, кўрик-танловларда фаол қатнашиб, ғолиблар сафидан ўрин оларди. Муҳими, ҳамиша соҳа янгиликларидан хабардор бўлишга, уларни амалиётда қўллашга интиларди.

Соҳа сир-синоатларини мукаммал ўзлаштиришга аҳд қилган Санжар икки йил давомида мазкур институтнинг «Хирургик  стоматология» йўналишидаги клиник ординатурасида ўқишни давом эттирди. Ҳозирда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият кўрсатиш билан бирга, ўриндошлик асосида ўзининг қадрдон кафедрасида ассистент лавозимида иш олиб бормоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2 та давлат грантини қўлга киритган.

Ёш мутахассис 2010 йили вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан институтнинг «Хирургик стоматология» кафедраси ҳамда вилоят Скрининг маркази ҳамкорлигидаги инновацион корпоратив лойиҳалар шартномаси асосида ўз илмий лойиҳасини бошлади. Шунингдек, у IV республика илмий-инновацион ярмаркасида иштирок этиб, соҳасига алоқадор янги ғояларни амалда қўлламоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Санжар Шаропов 2011-2012 йилларда давлат  грантларига эга бўлиб, «Касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва уларнинг профилактикасида янги технология кафедраси ҳамда усулларни ишлаб  чиқариш асосида аҳоли соғ­лиғини сақлаш» дастури асосида «Юз-жағ  соҳасидаги  туғма  нуқсонларни  эмбрионал  даврда  эрта  аниқлаш  ва  уларни неонатал-постнал комплекс даволаш» усуллари устида иш олиб боряпти. Бу борада у вилоятдаги бир қатор нуфузли муассасалар қатори Фанлар академиясининг Иммунология институти ва Тошкент Тиббиёт  академиясининг «Болалар стоматологияси» кафедраси билан ўзаро  алоқани яхши йўлга қўйган. Ҳозиргача унинг узоқ хорижий, МДҲ ва маҳаллий ­нашрларда монография ва 40 дан ортиқ илмий мақоласи чоп этилди.

Санжар устози Амрилло Иноятов раҳбарлигида Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2013 йил сентябр-октябр ойларида республика «Бола табассуми — оила қувончи» шиори остида ташкил этилган 93 нафар юз-жағ соҳаси туғма ва орт­тирилган нуқсони бор бемор болада пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилишида фаол иштирок этди. Шу билан бирга, нафақат вилоят, балки минтақамиз, қолаверса, қўшни мамлакатлар Туркманистон, Қозоғис­тон  мазкур бўлимда даволаниш учун келаётган юз-жағ соҳасида туғма нуқсони бор болаларнинг даволаниб, тез шифо топиб кетишига С.Шаропов ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.

— Жамоамизда салоҳияти юқори ёш мутахассислар оз эмас, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, тиббиёт  фанлари номзоди Асрор Шамсиддинов. — Бироқ Санжарнинг ўрни бўлакча. Ундан умидимиз катта. Истиқболи порлоқ шифокор бўлиши шубҳасиз.

Эътироф бежиз эмас. Эндигина 27 баҳорни қаршилаган Санжар  Шаропов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан жорий этилган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг «Энг фаол ёш шифокор» номинация­сида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллади.