[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.08.2014. Жамшид Гулов Тошкентдан бир олам қувонч билан Бухорога қайтди. Ишхонасида уни ҳамкасблари эришган муваффақияти билан муборакбод этишди. Хушхабарни эшитган ота-онаси ва турмуш ўртоғининг боши осмонга етди.

Гап шундаки, «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» очиқ акциядорлик жамиятининг Қоровулбозор туман электр таъминоти корхонаси энергия сотиш муҳандиси Жамшид Гулов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг «Энг фаол ёш энергетик» йўналиши дастлабки босқичларида ғалаба қозонди. Ва ниҳоят, танловнинг республика босқичида ҳам билим маҳоратини намоён этиб, биринчи ўринни эгаллади.

— Ўрта мактабдаёқ физика фанига қизиқиб қолгандим, — дейди Жамшид ўқувчилик йилларини эслаб. — Фан тўгараги ва қўшимча адабиётлардан фойдаланиб билимимни оширдим. Ўрта мактабни битиргач, Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология институти)га ҳужжат топширдим.

Олий ўқув юртида таҳсил олиб, касбий таълим: электроэнергетика мутахассислигига эга бўлган Жамшид меҳнат фаолиятини Қоровулбозор туман электр таъминоти корхонасида электромонтёрликдан бошлади. Чўл ҳудудидаги мазкур туманда мамлакатда кўзга кўринган корхоналар жойлашган бўлиб, бу нурчилар зиммасига оғир масъулият юклар эди, албатта. Ўш мутахассис жамоаси эришаётган муваффақиятга муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилди. Корхонанинг тажрибали энергетиги Ихтиёр Рамазонов бу борада унга устозлик қилди, қўллаб-қувватлади.

Интилиш, изланиш ва ташаббускорлик билан фаолият бошлаган Жамшид Гуловдаги саъй-ҳаракатни кузатган корхона раҳбари кўп ўтмай уни энергия сотиш муҳандиси вазифасига тайинлади. Энди у корхона, ташкилот ва муассаса ҳамда аҳолига етказиб берилаётган электр энергияси ҳисоб-китоби билангина шуғулланиб қолмай, ушбу манбадан тежаб-тергаб фойдаланиш, истеъмолчилар ўртасида қарздорликни камайтириш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш тўғрисида тушунтириш ишларини ҳам олиб бормоқда.

Дарвоқе, Жамшид кейинги йилларда соҳасига оид муҳим аҳамиятга эга бўлган иккита ихтирога қўл урди. Биринчидан, электр пайвандлаш қурилмаси учун масофадан бош­қариш мосламасини яратди. Натижада, пайвандлаш жараёнида электр энергиясини 50 фоизгача тежаш имкони пайдо бўлди. Бу янгилик корхона ва ташкилотларда миллион-миллион сўм маблағнинг сақланиб қолишига олиб келаяпти. Иккинчиси, электрмонтёрлар жароҳатланишининг олдини олиш учун ҳимоя каскасига огоҳлантирувчи сигнал ўрнатди. Ушбу ихтиро, айниқса, юқори кучланишли — 6-10 кв.ли линияларда ишловчи ходимларга жуда қўл келяпти.

Соҳанинг малакали мутахассислари мазкур ихтиролар аҳамиятини юқори баҳолашмоқда. Тизим ёшлари ўртасида касб маҳорати, билими, изланиши ва ташаббускорлиги билан мамлакатда ғолибликка эришган Жамшид ҳали ўттиз ёшга ҳам тўлмаган. Зеро, унинг зафарли одимлари ҳали олдинда.