11.09.2014. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ жорий йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ёш мутахассислар” II Республика Форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони мутасаддилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида меҳнат қилиб, ўз инновацион ғоя ва ишланмаларини илгари суриб келаётган энг фаол ва ташаббускор ёш мутахассислар, ёш олимлар иштирок этдилар.
Форумда таъкидланганидек, мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришган дастлабки йилларданоқ ёшларга алоҳида эътибор қаратила бошланди. 1991 йилнинг ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, ёш авлодни тарбиялаш ва катта ҳаётга тайёрлаш, бунинг учун тегишли ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавий шарт-шароитларни яратиш мустақил Ўзбекистон давлатининг устувор вазифаси этиб белгиланганлиги фикримизнинг яққол далилидир. Мана шу устувор вазифадан келиб чиқиб, юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асослар тўла шакллантирилди, ёшларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар бошқа соҳалар билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг деярли барча тадбирлар, йирик анжуманлардаги нутқларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар ҳақида фахр ва ғурур билан сўзлашлари давлатимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз ёшларга қарата “Сизлар қаерда, қайси соҳада бўлмасин-билим олиш, илму фан чўққиларини эгаллаш, энг замонавий касб-ҳунарларни ўзлаштириш, бизнес соҳасини ривожлантиришда, спорт майдонларида Ўзбекистоннинг шуҳратини тараннум этишда барчага намуна бўлаётганингиз, сўзсиз, ҳаммамизни қувонтиради” деб айтган сўзлари барча юртдошларимиз кўнглини фахр ва ифтихорга тўлдирди.
Бугун бошқа мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган йўналиш – ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали натижаларга эришишнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда. Жумладан, республикамизда энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари томонидан ҳам олий ва ўрта-махсус таълим мусасаларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабаларни, корхона, ташкилот, муасасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги 14 та тармоқ касаба уюшмалари бирлаштирган 6 миллиондан зиёд аъзоларнинг 50 фоиздан зиёдини талаба ва ўқувчилар, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ташкил этади. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг V-Қурултойидан кейин ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган алоҳида бандлар, кўплаб қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилди. Натижада, жамоа шартномалари орқали корхоналарда “Ёш мутахассислар” ва “Усталар” кенгашларини тузиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига, ёш ходимларга уй жой қурилиши ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш учун фоизсиз ссудалар бериш, талабалар учун корхоналар томонидан контракт пулларини қоплаб бериш, ёшларни корхонада етарли тажриба ва обрўга эга бўлган ишчи-ходимларга бириктириш, ёш мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби қўшимча имтиёзлар киритилди.
Бундай имтиёзларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 2014 йилнинг 8 ойи давомида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 3080 та янги оила қурган ёш мутахассисларга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун корхоналарда фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1524 нафар талабалар учун контракт пуллари тўлаб берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан коллеж битирувчиларини иш жойларида муқим ўрнашиб қолишларига кўмаклашиш мақсадида уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари йўлга қўйилиб, биргина 2014 йилнинг 8 ойида 24 минг 140 нафар битирувчига корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида ҳамда касб-ҳунар коллежларини имтиёзли диплом билан тугатиб, ишга жойлашгандан сўнг энг кам иш ҳақининг 50 фоизигача бўлган миқдорда касаба уюшмалари маблағидан 494 млн. сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.
Маълумки, бугунги кунда нодавлат секторида ташкил этилаётган корхона, ташкилотларда аксарият ёшлар ишлашади ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш касаба уюшмалари олдида турган ўта муҳим ва долзарб вазифалардан биридир. Мазкур вазифаларни ҳал этиш доирасида жорий йилнинг 6 ойи давомида 8300 дан зиёд нодавлат сектори корхона, ташкилотлари касаба уюшмаларига жалб этилиб, уларда меҳнат қилаётган 65 мингдан зиёд ходимлар, асосан ёшларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан таъминланиши борасида касаба уюшмалари томонидан доимий мониторинг олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда 1 минг 960 та корхона ва ташкилотда битирувчиларнинг иш жойларидаги қўнимлилиги мониторинг қилиниб, иш жойлари билан таъминланмаган ёшларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Коллеж ўқувчиларига дарсларга қатнашларида енгиллик яратиш мақсадида, касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган қишлоқлардан ўқувчиларни олиб келиш ва кетиш учун автобуслар қатновини кўпайтириш ва уларга йўлкира тўловлари бўйича имтиёзлар бериш борасида касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида жойларда қўшимча равишда янги автобуслар қатнови йўлга қўйилиб, ўқувчилар учун имтиёзли нархлар белгиланишига эришилди. Шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида коллежни битириб, ўз ишини очиш, кичик ва хусусий корхоналар ташкил этиш ҳоҳишини билдирган ёшларга зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатувчи “Услубий марказ”лар ташкил этилиб, улар томонидан ёшларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Республикада фаолият юритаётган 1400 дан ортиқ касб-ҳунар коллежларининг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан касб-ҳунар коллежлари ва корхона, ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, коллеж ўқувчиларининг амалиёт ўташлари, иш билан таъминланишлари устидан тизимли мониторинг олиб бориш, амалиёт даврида ўқувчиларни малакали мутахассисларга бириктириш ишлари олиб борилмоқда ва ушбу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги Ёшлар кенгашларининг фаолияти ҳам муҳим омил бўлмоқда. Чунки, охирги йилларда касаба уюшмалари тизимидаги Ёшлар кенгашларининг ёшларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқарашини юксалтириш борасидаги фаолияти сезиларли даражада кучайди. Хусусан, Касаба уюшмаларининг Ёшлар кенгашлари томонидан жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йирик ижтимоий лойиҳалар амалга оширилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш мавсадида янги иш ўринлари ташкил этилишига эришилди. Масалан, Касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг 100 миллион сўм маблағини йўналтирган ҳолда Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида 50 дан ортиқ иш ўринлари яратилиб, уларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланди. Наманган вилоятининг чекка туманларида тикувчилик цехи, сартарошхона, қандолатчилик цехлари ташкил этиш орқали ҳудуддаги битирувчилар иш билан таъминланди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Ёшлар кенгаши томонидан “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйларида “Мурувват ҳамда Меҳрибонлик уйлари – касаба уюшмалари эътиборида” акцияси уларнинг тарбияланувчилари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Мазкур тадбир доирасида 3 минг нафарга яқин болалар ҳолидан хабар олинди.
Бундан ташқари, “Биз – Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остида республиканинг ҳар бир ҳудудидан 40 нафардан Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда турли танловлар ғолибларидан иборат жами 560 нафар болалар Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Тошкент шаҳарларига саёҳатларга олиб чиқилди. Республиканинг ҳар бир ҳудудидан 500 нафардан жами 7000 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандлари учун музей, ботаника, ҳайвонот, маданият ва истироҳат боғларига саёҳатлар уюштирилди. Ёшлар кенгашининг ташаббуси билан “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида пойтахтимизнинг Миробод тумани маҳаллаларида 4 та болалар спорт майдончалари ташкил этилди.
“Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш асосий қоидалардан бири эканлиги белгилаб қўйилган. Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёш мутахассислар” Республика Форуми ўтказилиши йўлга қўйилди. Бу йилги Форум эса аввалги йиллардагидан ўз кўлами билан кескин фарқ қилади. Мазкур Форумда турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган ёш мутахассислар, олим ва тадқиқотчилар қатнашди. Форум доирасида ёш мутахассисларнинг инновацион ишланмалари кўргазмаси ташкил этилди.
Форум олдидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан илк маротаба ўтказилган «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови мазкур анжуман қамровини янада кенгайтирди. Хусусан 4 босқичда ўтказилган мазкур танловнинг 1- ва 2-босқичи корхона, ташкилот, муассаса ва туман (шаҳар)ларда ташкил этилиб, унда 16 минг нафардан ортиқ ёш мутхассислар қатнашди. Танловнинг 3-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 20 та номинация бўйича ўтказилди ва унда 1000 дан ортиқ ёш мутахасисисларнинг иштироки таъминланди. «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг Республика-тармоқ босқичида эса 20 та номинация бўйича 270 нафарга яқин иштирокчи ичидан 60 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Номинациялар бўйича 1-, 2-, 3-ўринларни қўлга киритган ғолиблар “Ёш мутахассислар” республика Форумида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
“Ёш мутахассислар” II Республика Форуми эса кўрик-танловнинг якуни сифатида, ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларни муносиб рағбатлантириш, ёш авлод вакилларида ватан туйғуси ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, Форум ёш мутахассисларнинг демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидаги фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустаҳкам фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, иқтидорли ёшларнинг ижтимоий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларда ўзи танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини оширишга қаратилган.
Форум ва унинг доирасида ташкил этилган “Энг фаол ёш мутахассис” танлови натижасида ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя ва инланмалари, ноёб кашфиётларининг юзага чиқарилишига эришилди. Масалан, “Энг фаол ёш Кимёгар” номинацияси бўйича 1-ўрин соҳиби бўлган “Максам-Чирчиқ” корхонаси ёш мутахассиси Дониёр Халиловнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган лойиҳаси натижасида карбамид ишлаб чиқариш ҳажми 180 минг тоннадан 270 минг тоннага ортиб, ишлаб чиқариш унумдорлиги қуввати 1,5 баробарга ўсган. “Энг фаол ёш тадбиркор” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллаган “Шуҳрат Машсервис” МЧЖ ижрочи директори Шерзод Раҳмонов изланувчанлиги натижасида паррандачилик мини-фабрикалари учун жуда зарур бўлган ҳамда қўл меҳнатини бир неча баробарга енгиллаштирувчи “Орзу-1”, “Орзу-2”ускуналари яратилган. “Энг фаол ёш Темирйўлчи” танлови ғолиби бўлган Тошкент темир йўл масофаси иқтисодчи-муҳандиси Воҳобжон Тўхтаев берк йўлларда вагонларни тутиб қолувчи, натижада юқори хавфсизликни таъминловчи янги мослама яратган.
Сирасини айтганда Форум ёш мутахассисларга ўз иқтидорларини намойиш этиш, давлат, жамият тарққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларини янада ривожлантириш имконини берди. Хусусан, ёш мутахассислар билан секция машғулотлари ташкил этилди. “Ёш мутахассисларнинг меҳнат жараёнига киришишидаги долзарб масалалар” мавзуида ташкил этилган секция машғулотларида ёш мутахассисларни ишга қабул қилиш, уларнинг ижтимоий мослашуви, “Устоз-шогирд” анъанаси йўналишида иш олиб борилди. “Ёш мутахассисларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари” мавзуида ташкил этилган секция машғулотларида иш ҳақи, турар жой, меҳнат таътили каби масалаларда ёшларга зарур кўникмалар берилди. “Ёш мутахассислар бўш вақтини мазмунли ташкил этишнинг долзарб масалалари”, “Ёш мутахассислар хизмат даражаси кўтарилишининг долзарб масалалари” мавзуларидаги машғулотларда эса ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёш мутахассисларнинг малака оширишлари борасидаги олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, раҳбарлик маҳорати каби йўналишларда иш олиб борилиб, ёш мутахассисларнинг ишланма ва инновацион ғоялари тақдимоти ўтказилади.
Форум доирасида ёш мутахассислар фаолиятига оид кўргазма ташкил этилди. Шунингдек, иштирокчилар пойтахтимиздаги «GM Powertrain Uzbekistan» қўшма корхонаси ва Симпозиумлар саройига ташриф буюриб, бу масканлардаги иш тажрибалари билан танишдилар. «Мустақиллик ва эзгулик монументи» пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этдилар.
Форумнинг 3-куни муҳташам «Туркистон» санъат саройида «Ёш мутахассислар» республика Форумининг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиб, унда танлов ғолиблари ичидан аниқланган энг фаол ва ташаббускор, Республикамиз иқтисодиётини юксалтиришга ҳисса қўшувчи лойиҳаларга эга бўлган ёш мутахассислардан 3 нафарига ўз лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг махсус Грантлари топширилди. Ана шундай ёш мутахассисларнинг яна 2 нафарига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳорижда малака ошириш учун йўлланма топширилди. 2 нафар ёш мутахассис эса Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг чет элда ўқиш курсларига йўлланмасини қўлга киритди.
Анжуман якунига кўра Форум Резолюцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати