[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

7 октябрь – Бутунжаҳон Муносиб меҳнат куни

07.10.2014. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 7-октябрь – Бутунжаҳон Муносиб меҳнат кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар.

Маълумки, 1999 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат дастури эркин, адолатли ва хавфсиз меҳнат, меҳнат кишисини қадрлаш тамойилларига асосланади. Шунингдек, муносиб меҳнат тушунчаси орқали меҳнат соҳасидаги халқаро меъёр ва тамойиллар, ходимлар ижтимоий ҳимояси кўламини кенгайтириш, давлат органлари, иш берувчилар ташкилотлари ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасидаги ижтимоий мулоқот кўзда тутилган.

 

Тўлиқ ва самарали бандлик, ходимлар учун соғлом шароитлар яратилиши, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш муносиб меҳнат асоси ҳисобланади. Кейинги йилларда иш жойларида экологик меъёрларга риоя этишнинг аҳамияти, шу жумладан, яшил иш ўринлари яратиш, бундай шарт-шароитларни таъминлашда иш берувчиларнинг ижтимоий масъуллигини ошириш йўналишларидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Маълумки, муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда муносиб меҳнат концепциясини амалга ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, эркин касб танлаш ҳуқуқлари тўла таъминланмоқда. Мамлакатимизда муносиб меҳнат концепциясини амалга ошириш доирасида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ишлари олиб борилиши билан бирга янги иш ўринларини яратиш республика дастурлари ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан ҳар йили 1 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти  Фармонларига биноан иш ҳақи, стипендиялар ва нафақалар миқдори муттасил ошириб борилмоқда. Ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, унинг манзиллилигини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Шу ўринда Республикамизда меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилганлиги, муносиб меҳнат тамойилларига амал қилиш учун давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида самарали ижтимоий мулоқот ўрнатилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Мамлакатимизда болалар меҳнати, меҳнат муносабатларидаги камситишлар, даромадлардаги тенгсизликнинг ўсиши, меҳнат бозорини ўз ҳолига ташлаб қўйилиши каби муаммолар мавжуд эмас.

 


Ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида 2014-2016 йиллар учун Муносиб меҳнат дастури қабул қилинганлиги алоҳида эътиборга моликдир. Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмаларига меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоа музокараларини юритиш борасидаги ўз вазифаларини бажариш учун кенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилган.

 

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг муносиб меҳнат концепциясининг муҳим стратегик мақсадларидан бири фуқаролар учун бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтиришдир. Бундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг бандликка кўмаклашиш борасидаги фаолиятида янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилганини жойларга чиқиб ўрганиш амалиёти жорий этилгани ўз ижобий самарасини бермоқда. Ижтимоий ҳимояталаб шахсларнинг бандлигини таъминлаш учун уларни квоталанган иш ўринларига ишга қабул қилиниши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, меҳнат ярмаркаларига вақтинча банд бўлмаган фуқароларнинг оммавий ташрифини уюштириш ишларига кўмаклашиш, касаначилик иш ўринларида меҳнат қилаётган фуқароларга нисбатан жамоа шартномалари шартлари татбиқ этилишига эришиш йўналишларидаги ишларга ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Шунингдек, ходимлар малакаси оширилишига кўмаклашиш, ходимларнинг тўла бандлигини таъминлаш масалалари ҳам касаба уюшмаларининг устувор вазифалари қаторидан ўрин олган.

 

Жорий йилда аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик мониторинги доирасида касаба уюшмалари томонидан жами 2 минг  986 та корхона ва ташкилотда 27 минг  771 та янги иш ўрни ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди. Шунингдек, касаба уюшмалари ва ҳомийлар маблағидан 193 та янги иш ўрни яратилиб, ушбу мақсадлар учун жами 1,4 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

 

Маълумки республикамизда меҳнаткашлар учун касаба уюшмаларига бирлашиш, жамоа музокараларини юритиш ва жамоа шартномаларин тузиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун Бош келишув асосида тузилган республика миқёсидаги 85 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона ва ташкилотлардаги 97 минг 577 та жамоа шартномалари орқали меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, ходимлар учун қулай ва ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чоралари кўриб келинмоқда.

 

Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувларига қатор янги меъёрлар киритилишига эришилмоқда. Булар орасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

 

ходимларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлашда, меҳнат жамоаларида низоли ҳолатларнинг олдини олишда иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш;

 

энг кам иш ҳақи стандартларига риоя этилишида, иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашда иш берувчилар  масъулиятини кучайтириш;

 

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларига оғишмай риоя этиш;

 

меҳнатни муҳофаза қилиш ишларида бахтсиз ходисаларнинг олдини олишга қаратилган превентив чоралар мажмуини ишлаб чиқиш ва бажариш;

 

аёллар ва ёшларнинг меҳнат жамоаларига фаол интеграциялашувини таъминлаш мақсадида улар учун оилавий вазфаларни бажариш, малака ошириш, маиший шароитларни яхшилашга қаратилган имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш;

 

ходимлар учун давр талабига жавоб берадиган ижтимоий ҳимоя чораларини жорий этиш ва такомиллаштириб бориш.

 

Касаба уюшмаларига янги аъзоларни жалб этиш, нодавлат сектори корхоналарида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш, фаоллар орасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш масалаларига ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Хусусан, янгидан ташкил этилаётган корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш борасидаги ишлар кучайтирилиб, шу йилнинг ўзида  8,5  мингга яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, 95  мингдан ортиқ ходимнинг ижтимоий ҳимояси таъминланишига эришилди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан Ёшлар сиёсатини амалга ошириш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ишларида фаол иштирок этиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини ҳамда ўз иш жойларида қўнимлилигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 26 минг 51 нафар амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари ва ишга жойлашган коллеж битирувчиларига бошланғич касаба уюшма ташкилотлари маблағидан қарийб  564 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва уларнинг учтомонлама шартномалар билан қамраб олинишига кўмаклашиш доирасида 2013-2014 ўқув йилидаги 485 минг 435 нафар битирувчи ҳамда 171773 та корхона ва ташкилот ўртасида уч томонлама шартнома тузилди.

 

Ходимларнинг муносиб меҳнатини таъминлаш доирасида Касаба уюшмалари жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини моддий ва манавий қўллаб – қувватлаш, дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 45 минг 574 нафар фуқаролар ва 102 минг 358 та оилага 79 млрд. 136 млн. 648 минг сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Жумладан, жамоа шартномалари орқали ёш оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, янги оила қурган ёшларга фоизсиз ссудалар бериш, ходимларнинг мактаб ёшидаги фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилиш, уларга чет тилларини ўрганишда ёрдам бериш, болали аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, моддий мадад чораларини қўллаш ишлари амалга оширилди.

 

Бутунжаҳон Муносиб меҳнат кунига бағишлаб ўтказилган Давра суҳбатида буларнинг барчаси Ўзбекистонда муносиб меҳнат барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.

 

Давра суҳбати доирасида «Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича энг яхши корхона Республика кўрик-танлови» ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, ўзбек тилида чоп этилган “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳасида асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги Декларацияси ва уни амалга ошириш механизми” қўлланмаси тақдимоти ўтказилди.

 

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати