[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.11.2014. Жорий йилнинг 31 октябрь куни Касаба уюшмалари Федерациясида Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнати масаласи бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, пахтачиликда болалар меҳнати бўйича ўтказилган Миллий мониторинг якунлари муҳокама қилинди.

 

Йиғилишда, жорий йилнинг 18 сентябридан 25 октябрига қадар республиканинг барча ҳудудларида Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) методологияси ва техник кўмагида ўтказилган Миллий мониторинг давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда ҳудудий нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат 8 та ҳудудий Ишчи гуруҳлари иш олиб борганлиги таъкидланди.

 

 

Миллий мониторинг якунлари Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган болаларни пахта-йиғим теримига жалб этиш ҳолатлари мавжуд эмаслигини кўрсатди. ХМТ экспертлари ҳамда ҳудудий мониторинг гуруҳлари аъзолари вояга етмаганларни Ҳукумат ташаббуси билан пахта теримига тизимли равишда жалб этиш ҳолатларининг мавжуд эмаслигини тасдиқлади.

 

 

Мониторинг натижалари маҳаллий ҳокимликлар ва фермерларнинг 18 ёшга тўлмаган болаларни пахта-йиғим теримига жалб этишга йўл қўймаслик тўғрисида тўлиқ хабардор эканликларини ҳам кўрсатди.

 

Шунингдек, Миллий мониторинг гуруҳи аъзолари жойларда ХМТнинг 2013 йилги тавсияларини инобатга олган ҳолда коллеж ўқувчилари давоматларини қайд этиш, фермерлар ва терим отрядлари ўртасида меҳнат шартномаларини расмийлаштириш, теримчилар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлига гувоҳ бўлдилар.

 

 

Айрим ҳолатларда пахта далаларида вояга етмаган болалар (49 нафар) мавжудлиги аниқланиб, улар ўзлари ёки ота-оналари ихтиёри билан борганлиги маълум бўлди. Бу каби ҳолатлар бўйича ҳудудий мониторинг гуруҳлари томонидан болаларни даладан чиқариб юбориш чоралари кўрилиб, меҳнат инспекциялари ёрдамида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳужжатлар тузилди.

 

 

Хусусан, 11 та касб-хунар коллежи директорлари, 2 та фермер хўжалиги ҳамда 6 та терим отряди раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилиб, улар 11,7 млн. сўм миқдорида жаримага тортилди.

 

Ҳудудий мониторинг гуруҳлари томонидан таълим муассасалари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, касаба уюшмалари, меҳнат инспекциялари, иш берувчилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда “Камолот” ЁИҲ вакиллари учун кенг тушунтириш ишлари, хусусан, ижтимоимй-меҳнат масалалари ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича ҳудудий семинарлар ҳамда бошқа ўқув тадбирлари ўтказилди.

 

 

Йиғилиш якунига кўра Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ҳамда жамоат ташкилотларининг меҳнат соҳасидаги миллий қонунчилик ҳамда ХМТ Конвенцияларини амалга ошириш борасидаги фаолиятларини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

 

 

Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнати масаласи бўйича
Мувофиқлаштирувчи кенгаш котибияти