04.11.2014. Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида 2014 йилги 1-Осиё Кубогида иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган велоспортчиларни тақдирлаш тадбири ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мутасаддилари, велоспорт бўйича мураббийлар ва спортчилар ҳамда талабалар иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси, Велоспорт федерацияси раиси Т.Нарбаева давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилаётгани жамиятимизда соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида профессионал спортчиларимиз халқаро майдонларда юқори натижаларга эришиб, юртимиз довруғини дунёга танитаётгани қайд этилди.
Бу жараёнда велоспортни жадал ривожлантириш, маҳоратли велоспортчиларни тарбиялаш, уларнинг профессионал маҳорати ва тайёргарлигини мунтазам юксалтириб бориш доимий эътиборда бўлмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида велоспорт ривожида ҳам сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Натижада юртимизда тарбияланаётган иқтидорли велоспортчилар халқаро майдонларда юксак натижаларга эришмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган 2014 йилги Осиё ўйинларида ҳам ўзбекистонлик велоспортчиларимиз трек ва шоссе мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, Осиёлик 137 спортчи ичида трек бўйича 5- ва 6-ўринларни, шоссе бўйича 5-ўринни эгалладилар. Бундан ташқари велоспортчиларимиз 1-Осиё Кубогида 8 та медални, хусусан, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб қайтдилар. Жумладан, “элит” категориясида таниқли спортчимиз Владимир Тўйчиев олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди. Ўзбекистоннинг Владимир Тўйчиев, Тимур Гумеров, Руслан Федоров ва Сергей Медведев таркибидаги жамоаси бронза медалини қўлга киритди. Юниорлар ўртасидаги мусобақаларда Наманган вилояти вакили Дилмуроджон Сиддиқов кумуш ва бронза медаллари совриндори бўлди. Юниор қизлар мусобақаларида эса Алла Безугловага кумуш медали насиб этди. Тошкент вилояти вакили Екатерина Кнебелева 2 та бронза медали соҳиби бўлди.
Тантанали тадбирда велоспортчиларнинг ушбу муваффақиятлари эътироф этилиб, 1-Осиё Кубогида ғолиб ва совриндор бўлган 7 нафар велоспортчи ҳамда уларнинг мураббийлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан муносиб рағбатлантирилдилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Велоспорт Федерацияси фаолияти таҳлил этилиб, галдаги вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, иштирокчилар томонидан 2011 йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ўзбекистон Велоспорт федерациясининг бош ҳомийси этиб белгилангани, ўтган давр мобайнида велоспортни ривожлантириш борасида амалга оширилган тизимли ишлар таъкидлаб ўтилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Республикамизнинг 7 та ҳудуди – Фарғана, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Велоспорт федерациясининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раислари уларнинг раҳбарлари этиб белгиланди. Айни кунларда мамлакатимизнинг қолган ҳудудларида ҳам Велоспорт федерациясининг вилоят бўлимларини ташкил этиш ишлари қизғин бормоқда.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри, Тошкент, Хоразм ва Наманган вилоятларидаги Олимпия заҳиралари коллежларида, шунингдек, 16 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида велоспорт бўйича бўлимлар очилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Уларда болалар ва ёшларнинг профессионал велоспорт билан шуғулланишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилди.
Велоспорт федерациясининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш масаласи ҳам доимий эътиборда бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Қарорига мувофиқ Касаба уюшмалари Федерацияси ва олимпиадачиларни қўллаб-қувватлаш Фонди томонидан Тошкент шаҳридаги велотрекда реконструкция ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳомийлигида Велоспорт федерацияси 4 та “Дамас” русумли автомашиналар, 127 та профессионал велосипедлар билан таъминланди. Велоспортчилар ўқув-машқ йиғинлари ҳамда халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича тизимли равишда моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Бундан ташқари, меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандлари, ёшларни велоспортга кенг жалб этиш орқали улар ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда “Саломатлик акцияси” тарзида “Касаба – ТУР” ходимлар веломарафони ўтказиб келинмоқда. Уларда ҳар йили 300 минг нафардан ортиқ ҳаваскор велоспортчилар иштирок этмоқдалар. Аҳолининг экологик билимларини ошириш ҳамда атроф-муҳит ва экология масалаларини ҳал этишда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Экоҳаракат билан ҳамкорликда “Эко марафон” ўтказилмоқда.
Велоспорт федерацияси ташаббуси билан Ўзбекистонда ташкил этилган “Queen Sport” лойиҳасини алоҳида таъкидлаш зарур. Бугунги кунда 1-даражали қандли диабет касаллигига чалинган 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалардан ташкил топган ва профессионал даражада велоспорт билан шуғулланувчи Ўзбекистон болалар велоспорт жамоаси жаҳонда ягона ҳисобланади.
Тадбирда мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишларни таҳлил этиш билан бирга Велоспорт федерацияси тизимини янада такомиллаштириш, спортчиларни 2015 йилги комплекс мусобақалар ҳамда 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун сифатли тайёрлаш, муваффақиятли қатнашишларини таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати