05.01.2015. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қамаши туман кенгаши томонидан Кексаларни эъзозлаш йилига бағишлаб ижодкор ўқитувчилар, фахрий педагоглар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. “Қайноқ диллар садоси” дея номланган ушбу тадбирда маҳаллий шоир-ёзувчилар сўзга чиқиб, ижод намуналаридан ўқиб беришди.
— Соғлом бола йили қамашиликлар учун ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди, — деди биз билан суҳбатда тармоқ касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Феруза Абдураҳмонова. — Тумандошимиз Абдимурод Бозоров Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, яна бир қанчаси самарали меҳнатлари эвазига давлатимизнинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилди.
Касаба уюшмалари тизимидаги ислоҳотлар туфайли ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш самарадорлиги ошди. Яқинда 50 нафар эҳтиёжманд ва илғор педагогларнинг Самарқанд вилоятига саёҳати ташкил қилинди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида касб-ҳунар коллежлари ходимлари ўртасида спартакиада ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди. Бугунги тадбирнинг аҳамиятига келсак, устоз ижодкорлар ва ёшлар ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатиш ҳамда кексаларимизни эъзозлаш бош мақсадимиз бўлди.
— Тадбирдан жуда ҳаяжонландим, — дейди ҳаваскор ижодкор, олий тоифали немис тили ўқитувчиси Эштўхтар Элмуродов. — Қамаши ижод мактаби жонкуярларидан кўп нарсани ўрганиш мумкин.