23.01.2015. Кўп нарса ишчи-ходимларга яратилган меҳнат ва дам олиш шароитига боғлиқ бўлиб, «Қўқон-2 пахта тозалаш корхонаси» акционерлик жамиятида ишлар кўнгилдагидек ташкил этилгани учун ҳам юқори унумдорликка эришилаётир.
518 нафар касаба уюшма аъзоси ишлаётган корхонада меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига оғишмай амал қилинмоқда. Ходимлар махсус кийим-бош, икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланган.
— Корхонадаги ошхона таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди, — дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Равшан Ортиқбоев. — Тайёрланаётган овқатлар сифати махсус гуруҳ томонидан назорат қилиб борилади. Шунингдек, цехларда, бўлимларда меҳнат шароити, ходимларнинг ички тартиб-қоидаларга риоя қилиши доимо диққат марказимизда.
Яхши дам — меҳнатга ҳамдам, дейдилар. Корхона ишчилари ва пахта тайёрлов ўрин-жойи ходимлари ёз мавсумида бепул автотранспорт билан таъминланиб, «Сариқўрғон» дам олиш масканида мароқли ҳордиқ чиқарганларини ҳали-ҳануз эслаб туришади. Ўтган йилга назар соладиган бўлсак, касаба уюшма қўмитаси томонидан меҳнаткашлар саломатлигини тиклаш учун ажратилган йўлланмалар сони оширилганлигига гувоҳ бўламиз. 31 нафар ходим санаторийларда, 21 нафари дам олиш уйларида ҳордиқ чиқарди. 87 нафарининг фарзанди оромгоҳларда дам олдирилди.
Корхонада аёллар меҳнатини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилган бўлиб, улар оғир ва зарарли ишларга жалб этилмайди. Аёллар хоналари ва ёрдамчи ишчи хоналари саранжом-саришта.
Касб маҳорати учун разрядлар бўйича қўшимча иш ҳақи тўлаб борилмоқда. 2014 йилда меҳнат шароитини яхшилаш учун ҳар бир ходимга 126 минг сўмга яқин маблағ сарфланди. Зарарли ишларда меҳнат қилаётганлар учун қўшимча таътил бериш йўлга қўйилган. Улар бепул сут билан таъминланган. Меҳнат қонунлари ҳамда жамоа шартномасига асосан ишчи-хизматчилар даврий тиббий кўрикдан ўтказиб турилади. Улар учун завод цехлари ва пахта тайёрлов ўрин-жойларида махсус тиббиёт бурчаклари ташкил этилган.
Ижтимоий ҳимоя масалаларига катта аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили бола тарбияси билан банд бўлган оналарга, 15 нафар ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври учун нафақа пуллари тўланди. Касал бўлганларга соғликларини тиклаши учун моддий ёрдам ажратилди. Турли байрамлар муносабати билан ходимларга озиқ-овқат маҳсулотлари, совғалар улашилди, моддий ёрдам кўрсатилди. Завод ва пахта тайёрлов масканларида спорт майдончалари ташкил қилиниб, ишчи-ходимларга тушлик пайтида волейбол, шашка, шахмат ва стол тенниси билан шуғулланишлари учун шарт-шароит яратиб берилгани ўз самарасини бераётир. Қўқон шаҳри миқёсида уюштирилган спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этилгани ҳам бежиз эмас.
Хуллас, яратилган муносиб меҳнат шароити, ижтимоий ҳимоянинг яхши йўлга қўйилгани туфайли самарадорлик ортиб, корхона ҳар йилги режаларни ортиғи билан бажармоқда.