[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.01.2015. 2015 йилнинг 24 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги XII мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда, аввало, Федерация фаолиятининг 2014 йил якунлари ва 2015 йилдаги устувор йўналишлари тўғрисида Федерация Кенгаши раиси Т.Нарбаева маъруза қилди.

Унда, Федерация Кенгаши томонидан 2014 йил бошида белгилаб олинган устувор йўналишлар ижроси бўйича Федерация тизимида аниқ мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан:

Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий-меҳнат соҳасига оид қонунлар ва турдош қонуности актларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан 250 дан ортиқ таклифлар киритилди.

Федерация тизимидаги ташкилотлар томонидан фуқаролар мурожаатлари бўйича иш берувчиларга киритилган 328 та тақдимномадан 200 таси, судларга киритилган 111 та даъво аризасидан 79 таси қаноатлантирилди. Мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши натижасида 1 минг 143 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Йил давомида амалдаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали қарийб 158 мингта оила ва 25,5 минг нафардан ортиқ фуқарога жами 117 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак берилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан 175 та янги иш ўрни ташкил этилди, шу жумладан, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида тикувчилик цехлари фаолияти йўлга қўйилиб, 60 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Ходимларга иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши бўйича касаба уюшмалари ва хўжалик бошқаруви органлари ўртасида чора-тадбирлар («йўл хариталари») қабул қилиниши амалиёти йўлга қўйилиб, бу борада «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўздонмаҳсулот», «Ўзавтойўл» компаниялари, шунингдек «Ўзпахтасаноат», «Ўзагромашсервис» уюшмалари ўртасида қўшма тадбирлар амалга оширилди.

Янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этган ҳолда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди.

Амалга оширилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 13,7 мингдан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, улардаги 146 минг нафардан зиёд ходимнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашга эришилди.

Йил давомида тасарруфдаги 15 та санаторийда жами 104,5 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилган бўлса, уларнинг 40 минг нафардан ортиғи, яъни 38,6 фоизи имтиёзли равишда ўз саломатликларини тикладилар. Санаторийларда 2 минг 416 нафар чет эллик фуқаролар ҳам соғломлаштирилди.

2014 йилги ёз мавсумида 1 минг 99 та оромгоҳда жами 295 минг 624 нафар бола дам олдирилиб, режа 104,9 фоизга бажарилди.  

Шундан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қарийб 70 мингдан ортиқ фарзандлари бепул ва имтиёзли, Меҳрибонлик уйларининг 3 минг 658 нафар тарбияланувчиси, 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар, Оролбўйи ҳудудидан 4 минг 950 нафар бола, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзандлари бепул соғломлаштирилди.

Шунингдек, Ватан ҳимоячилари, «Наврўз», Хотин-қизлар, Хотира ва қадрлаш, Мустақиллик, Конституция байрамлари муносабати билан алоҳида чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиб, ижроси таъминланди.

Хусусан, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 3 минг 831 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисининг ҳар бирига 250 минг сўмдан, жами 957 млн. 750 минг сўм манзилли ёрдам кўрсатилди.

Мустақиллик байрами муносабати билан чекка қишлоқ мактабларидаги 11 минг нафар 1-синф ўқувчиларига 160 млн. 50 минг сўмлик совғалар (санитар-гигиеник пакетлар) тақдим этилди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида жойлардаги кам таъминланган оилалар вакиллари бўлган 1 минг 960 нафар хотин-қизлар 1 млрд. сўмликдан зиёд электр маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.

Мазкур Давлат дастури ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар учун касаба уюшмалари томонидан жами 52 млрд. 508,5 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқид қилинди.

Йиғилишда Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолиятининг 2015 йилдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди. 

Якунда муҳокама этилган барча масалалар ва Республика касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали ижроси юзасидан, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг навбатдаги  VII Қурултойини чақириш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.