[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.01.2015. Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан ўтган йили камчиликларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга 42 та тақдимнома киритилди. Меҳнат жараёнида касб касаллигига чалинган, соғлиғига жиддий жароҳат етган ходимларга тўланадиган товон пулининг миқдорини ҳисоблаш, индексация қилиш, тиббий меҳнат эксперт комиссияларига ҳужжат тайёрлаш ҳамда меҳнат муҳофазаси йўриқномалари бўйича тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 42 та оғзаки ва 8 та ёзма аризаси қаноатлантирилди.

Жумладан, Хонқа туман Тош масжид кўчаси 27-уйда яшовчи фуқаро А.Қурбановнинг иш жараёнида олган жароҳати оқибатида соғлиғига шикаст етганлиги билан боғлиқ зарар тўловларидан қарздорликни ундириб олиш  ҳақидаги аризаси ўрганиб чиқилди. Натижада, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди орқали А.Қурбанов фойдасига «Хонқа 43-Автокорхона» МЧЖ ҳисобидан 6 млн. 200 минг сўм ундирилишига эришилди.

Шунингдек, 33-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Умида Қутлимуратованинг оғзаки мурожаати бўйича товон пуллари тўланиши ўрганиб чиқилди. Урганч шаҳар молия бўлими аралашуви билан 33-МТМга У. Қутлимуратовага 8 млн. 510 минг 621 сўм етказилган зарар пули тўлаш бўйича хат тақдим қилинди ва ушбу талаб бажарилишига эришилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Кези келганда, ишлаб чиқариш корхоналарида ходимлар ва атроф-муҳитга таъсир этувчи зарарли омилларни камайтириш орқали бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларининг олдини олиш борасида иш берувчиларнинг масъулиятини оширишда давлат назорат идоралари ҳамда жамоат ташкилотларининг меҳнат муҳофазаси бўйича ҳамкорлигини ривожлантиришга эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, Стандартлаштириш метрология бошқармаси, вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, “Саноатгеоконтехназорат” Давлат инспекцияси минтақавий бўлими, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари билан ҳамкорлик ўз самарасини бераётир.

Шунингдек, тармоқ Республика кенгашларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, тармоқ касаба уюшмалари шаҳар, туман кенгашлари, бирлашган қўмита раислари, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчилари иштирокида “Ишлаб чиқаришдаги зарарли омилларни камайтириш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш” мавзусида минтақавий семинар ўтказилди. Барча туман, шаҳар кенгашларига қарашли корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари вазифасини бажарувчилар ва меҳнат муҳофазаси вакиллари учун тасдиқланган жадвал асосида ўқув-семинарлари ташкил этилди.

“Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш бўйича” Республика кўрик-танловида барча соҳалар бўйича корхона, ташкилот ва муассасалар иштироки таъминланди. Кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиш учун тавсия қилинган “Хоразм шакар” корхонаси касаба уюшма қўмитаси “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши касаба уюшма қўмитаси” номинацияси бўйича I-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Кўрик-танловнинг тармоқлар бўйича Республика кенгашлари томонидан ўтказилган 2-босқичида ҳам вилоятимиздан 4 та корхона совринли ўринларни эгаллади.

Муҳими, йил давомида қатор корхона, ташкилот ва муассасалардаги касаба уюшма қўмитаси раислари ва меҳнат муҳофазаси муҳандисларига  соғлом ва зарарсиз иш шароитини яратиш бўйича маъмурий ва жамоа назоратини олиб боришда амалий ёрдам кўрсатилди ва бу ўз натижасини беради.