11.02.2015. Вилоят «Қишлоқхўжаликкимё» очиқ акционерлик жамияти ва унинг филиалларида меҳнат қилаётган минг нафардан зиёд ишчи-хизматчилар фермер ва деҳқон хўжаликларига ўз вақтида ва керакли миқдорда маъданли ўғит етказиб бераётганликлари туфайли ҳосилдорлик йил сайин ортиб бормоқда.
Маъмурият ва бошланғич касаба уюшма қўмитасининг ҳамкорликда қабул қилган 2014-2016 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасига биноан ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва уларни соғломлаштиришга катта эътибор берилаётир. Яқинда жамият ҳудудида сунъий қопламали мини-футбол майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди.
— Жисмонан соғлом ходимнинг иши унумли бўлади, — дейди бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Зокир Исмоилов. —Шуни ҳисобга олган маъмурият ишлаб топилган даромаддан 102 миллион сўм ажратиб, янги ўйингоҳ барпо этди. Энди ишчи-ходимларимиз бўш пайтларида спорт майдончасига келиб, бемалол чигил ёзишмоқда, ҳар хил мусобақаларда иштирок этишмоқда. Биз эса уларни соғломлаштиришнинг янада мақбулроқ чоралари устида изланаяпмиз.
Акционерлик жамиятида меҳнат қилаётганлар орасида ёшлар кўпчилликни ташкил этади. Уларни қўллаб-қувватлаш, соҳада муқим ишлаб қолишларини таъминлаш ва уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида 16 нафар ишчи-ходимга қишлоқларда қурилаётган намунавий уйларнинг бошланғич тўловини тўлашга ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.